Кичик бизнес равнақи
  • 11 Ноябрь 2016

Кичик бизнес равнақи

аҳоли бандлиги ҳамда турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади

Республикамизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари жадал тараққий этмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, республикамиз ялпи ички маҳсулотида соҳа вакилларининг улуши 54,6 фоизни ташкил қилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Дарҳақиқат, юртимизда шу давр ичида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 12,6 триллион сўмлик кредитлар ажратилгани, пировардида 23,6 мингдан зиёд янги қувватлар ишга туширилгани туфайли улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар тури кўпайиб, аҳоли бандлиги ҳамда турмуш фаровонлиги ошиб бораётир. Айниқса, тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, тақдим қилинаётган имтиёз ҳамда -имкониятлар ишбилармонларимизни янги марралар сари чорламоқда.

Таъкидлаш жоизки, уларнинг эркин ва самарали фаолият юритишида, аввало, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани, қолаверса, мунтазам равишда ўтказиб келинаётган миллий ҳамда халқаро тадбирларнинг аҳамияти катта бўлаяпти. 

Пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси ҳамда “Expocontact” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларининг халқаро кўргазмаси шундай тадбирлар сирасига киради. Унда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз қаторида Хитой давлатининг 40 дан зиёд компаниялари томонидан қишлоқ хўжалиги, қурилиш, тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган технологиялар, шунингдек, тайёр маҳсулотлар тақдим этилди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, халқаро кўргазмада Тошкент, Фарғона, Жиззах, -Сирдарё вилоятлари асаларичилари, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳунармандлари фаол қатнашди. 

Тадбир доирасида давра суҳбатлари, тақдимот маросимлари ҳамда маҳорат дарслари ҳам ўтказилгани унинг янада самарали кечишини таъминлади, албатта. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn