Саноат салоҳияти ва аҳоли фаровонлиги
  • 04 Ноябрь 2016

Саноат салоҳияти ва аҳоли фаровонлиги

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ҳамда бозор иқтисодиётига асосланган фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак натижалар бермоқда. Буни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шу йилнинг 9 ойида биргина Самарқанд вилоятида 1773 та кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, улар ҳудуд саноат салоҳиятини ошириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшаяпти.
“Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамияти ана шундай илғор ишлаб чиқариш субъектларидан бири ҳисобланади. Мазкур корхона фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Бундан уч йил муқаддам Булунғур туманидаги бўш турган бинони реконструкция қилиб, дастлабки маҳсулот — сунъий газон ва ковролин чиқарилган эди. Таклиф этилаётган маҳсулот сифати юқорилиги боис корхона ўтган давр ичида нафақат ички бозордан мустаҳкам жой эгаллади, балки фаолиятини кенгайтириб, Самарқанд шаҳрида қўшимча ишлаб чиқариш цехини ҳам ишга туширди.
Жамият раҳбари Ҳамза Аминовнинг таъкидлашича, ушбу цехда 50 та иш ўрни яратилиб, жамоа аъзолари сони 400 нафарга етказилди. Улар саъй-ҳаракати билан кунига 2 — 2,5 минг квадрат метр маҳсулот тайёрланмоқда ва асосий қисми хорижлик буюртмачиларга жўнатилаяпти.
Масалан, ўтган йили 20 минг квадрат метр сунъий газон ҳамда 50 минг квадрат метр ковролин экспорт қилинган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткични 20 фоиз ошириш кўзда тутилган.
— Айни пайтда корхонамиз фаолиятини янада кенгайтириш, янги лойиҳани амалга ошириш ҳаракатидамиз, — дейди жамиятнинг ишлаб чиқариш бўйича менежери Жамшид Очилов. — Табиийки, иш ўринлари ҳам кўпаяди. Унга, асосан, коллеж битирувчиларини жалб қилиш ниятидамиз. 
Юртимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби Самарқанд вилоятида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик изчил ривожланаётгани давлатимизнинг иқтисодий қудрати юксалиши, аҳоли турмуш фаровонлиги таъминланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.


Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn