Инвестиция ва кенг имкониятлар иқтисодиёт тармоқлари равнақига хизмат қилмоқда
  • 27 Октябрь 2016

Инвестиция ва кенг имкониятлар иқтисодиёт тармоқлари равнақига хизмат қилмоқда

Энергетика иқтисодиётнинг изчил ҳаракатини таъминлайди. Бинобарин, фаолияти электр энергияси билан чамбарчас боғлиқ бўлмаган бирор-бир соҳа йўқ. Шу боис мамлакатимизда аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқларига узлуксиз равишда электр қувватини етказишга бирламчи эътибор қаратилаяпти. Жумладан, янги электр станциялари барпо этиш баробарида, мавжудлари модернизация қилинмоқда.

Бундай лойиҳалар тизимдаги йирик саноат субъектларидан бири — Тахиатош иссиқлик электр станциясида ҳам амалга оширилаяпти. Умумий қуввати 730 МВт бўлган мазкур корхонада йилига 3,2 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолиси, шунингдек, ушбу ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари, саноат корхоналарига етказиб берилади.

Ўтган йили бу ерда белгиланганидан кўп, яъни 3 миллиард 214 миллион киловатт/соатдан зиёд электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 2 миллиард 176 миллион киловатт/ соатни ташкил этди.

Кейинги йилларда корхонада технологик жараёнда тежамкорликка эришиш, бунинг учун истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 18 июндаги қарорига мувофиқ, 230 — 280 МВт қувватдаги иккита буғ-газ қурилмасини қуриш инвестициявий лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда.

— Умумий қиймати 678,2 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳа 2015 — 2021 йилларга мўлжалланган, — дейди “Тахиатош ИЭС” акциядорлик жамияти бош директори Бахит Мадреимов. — Бунинг натижасида нафақат хом ашё тежалади, балки электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати ошади.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев корхонамизга ташрифи чоғида мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишар экан, унинг ўз муддатида ва сифатли бажарилиши юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.

Дарҳақиқат, ушбу истиқболли лойиҳанинг энергетика тизимидаги аҳамияти жуда юқори. Жумладан, у тўлиқ рўёбга чиқарилгач, корхона қуввати 230 — 280 МВтга кўпаяди. Табиий газ сарфи 488 миллион куб метрга камаяди. Пировардида станциянинг умумий қуввати 930 МВтга етиб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 3,3 миллиард киловатт/соатдан ошади.

Бу эса лойиҳа қимматбаҳо ресурсларни тежаш баробарида, электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қондиришга ҳам хизмат қилиб, аҳоли турмуши янада фаровонлашади, деганидир.

 

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn