Кооперация алоқалари янада кенгаяди
  • 26 Октябрь 2016

Кооперация алоқалари янада кенгаяди

Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси қизғин давом этмоқда.  Хусусан, унинг иккинчи иш кунида ҳам бир қатор учрашув, семинарлар, тақдимот маросимлари ўтказилди. Саноат тармоқларидаги янгиликлар, корхоналарда тайёрланаётган -маҳсулотлар барчада катта қизиқиш уйғотаяпти.

Жумладан, бугунги кунда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси тизимида 104 та корхона ва ташкилот мавжуд бўлиб, шундан 82 таси ишлаб чиқариш, 8 таси савдо, 14 таси эса қурилиш фаолияти билан шуғулланади. 

Маълумки, бир неча йиллардан буён республикамиз ялпи ички маҳсулотида кетма-кет юқори ўсиш суръатлари таъминланаяпти. Бунда қурилиш саноатининг ҳам алоҳида ўрни бор, албатта.  Ўтган йили компания тизимидаги корхоналар томонидан 2,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани, жорий йилда эса мазкур кўрсаткични 2,6 триллион сўмга етказиш мўлжалланаётгани шундан далолат беради. 

Бундан ташқари, бу йил импорт ҳажмини қисқартириш ҳисобига 37 миллиард сўмлик қурилиш материаллари тайёрлаш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаётир. Шу каби маҳаллийлаштириш лойиҳалари эвазига ишлаб чиқариш субъектларида 11,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ тежаб қолиниши кутилаётгани диққатга сазовордир. 

Тизимда инвестицияларни жалб этиш борасида ҳам муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, бултур ушбу йўналишда 53,3 миллион долларлик юмуш бажарилган бўлса, жорий йилги Инвестиция дастури доирасида 69,4 миллион доллар жалб этилади. Эътиборлиси, ўтган тўққиз ой ичида мазкур сармояларнинг 58,4 миллион доллари ўзлаштирилди. 

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда  бунёдкорлик ишларининг кўлами тобора кенгаймоқда. Бу жараён, айниқса, 2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида тураржойлар қурила бошланиши туфайли сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бинобарин, ушбу ғоя орқали нафақат қишлоқ аҳли замонавий  уйларга эга бўлди, балки ҳудудлар қиёфаси замонавийлашиб, аҳоли турмуши янада фаровонлашди. Ўтган вақт мобайнида 69 минг 557 та ана шундай уйлар барпо этилиб, 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланди. 

Эндиликда уйлар ёнида қурилган минглаб сервис ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида аҳолига тезкор ҳамда сифатли хизмат кўрсатилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 21 октябрда “2017 — 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилингани бу йўналишдаги бунёдкорлик ишлари бундан кейин ҳам изчил давом эттирилишини, қишлоқ аҳолисининг ҳаёт тарзи давлатимизнинг доимий эътиборида эканлигини яна бир карра тасдиқлади.

Албатта, бундай улкан саъй-ҳаракатлар қурилиш маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжни оширади. Шундан келиб чиқиб, компания тизимидаги корхоналарда замонавий қурилишбоп материалларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Пировардида охирги йилларда уларда 30 турдан  ортиқ янги қурилиш маҳсулотлари тайёрлаш йўлга қўйилди.  

Тизим корхоналари фаолияти ривожи, улар ўртасидаги кооперация алоқалари янада мустаҳкамланишида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг аҳамияти юқори бўлмоқда. Ўтган йилги форумда компания бўйича маҳсулот етказиб бериш ҳамда хизмат кўрсатиш юзасидан 195,1 миллиард сўмлик (шундан 98 миллиард сўмлиги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан) 270 та  шартнома тузилгани, жорий йилда эса бу кўрсаткични 240 миллиард сўмликка етказиш мўлжалланаётгани фикримиз тасдиғидир. 

— Тадбиркорликни 1997 йилда бир турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш билан бошлаган эдик, — дейди пойтахтимиздаги “Vitech” хусусий корхонасининг савдо бўлими бошлиғи Ҳусан Муҳамедов. — Мамлакатимизда ишбилармонларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар туфайли фаолиятимиз йил сайин кенгаймоқда. Яъни бугунги кунга келиб, маҳсулотларимиз тури 30 тага, ишчиларимиз сони эса 120 нафарга етди. Шунингдек, республикамизнинг барча ҳудудида дилерлик марказларимиз мавжуд.      

Эндиликда уйлар учун мўлжалланган электр сув иситиш радиаторлари, қуёш нури ёрдамида ишловчи сув иситиш коллекторларимизни аҳоли ва қурилиш-пудрат ташкилотларига сотаяпмиз. Газ ҳамда электр энергиясида ишловчи иситиш тизимини эса жорий йилдан бошлаб ишлаб чиқараяпмиз.  

Ярмарка иштирокчиларини ана шундай янги маҳсулотларимиз билан таништирмоқдамиз. 

Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ҳар галгидек, маҳсулотлар хилма-хиллиги билан қатнашчиларда катта таассурот қолдирмоқда. Бу ерда намойиш этилаётган маҳсулотлар замонавий ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. Мисол учун, “Chirchiq qishloq хo‘jaligi тexnikasi zavodi” акциядорлик жамиятининг муҳандис-конструктори Бекзод Мусоқуловнинг айтишича, жорий йилги тадбирга улар олти хил қишлоқ хўжалиги техникалари қаторида, яна бир янги маҳсулот — боғ ораларига ишлов берувчи культиваторни ҳам олиб келишган. Ушбу техника боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари учун, айниқса, фойдалидир. 

Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг иккинчи кунида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзавтосаноат”, “Ўзавтойўл”, “Ўзмонтажмахсусқурилиш” акциядорлик компаниялари, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари тақдимотлари бўлиб ўтди.  

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn