Ўзбекистон пахта толаси — дунё эътирофида
  • 14 Октябрь 2016

Ўзбекистон пахта толаси — дунё эътирофида

ХII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасига 40 дан зиёд давлатдан ташриф буюрган таниқли мутахассислар, олимлар, енгил саноат соҳасидаги йирик корхоналар ҳамда савдо компаниялари вакиллари юртимиз  пахта толаси сифатига жуда юқори баҳо бердилар. Зеро, икки кун давом этган мазкур нуфузли тадбирда 550 минг тонна ўзбек пахта толаси ва умумий қиймати 1 миллиард 322 миллион АҚШ долларилик тўқимачилик маҳсулотлари савдоси бўйича шартномалар имзолангани ана шундай эътирофларнинг амалий тасдиғидир. Ўз навбатида, бу ўзбек пахта толаси ҳамда у асосида тайёрланган қўшимча қийматга эга маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги мавқеи юксалиб, рақобатдошлиги таъминланаётганидан дарак беради. 

Ўзбекистонда экспорт ҳажмининг йил сайин ортиб бораётгани бежиз эмас, албатта. Бу, энг аввало, оқилона экспорт сиёсати юритилиб, барчага тенг имконият яратиб берилаётгани самараси ҳисобланади. 

Чиндан ҳам, табиийлиги билан ном қозонган маҳсулотларимизни сотиб олишда ҳеч қандай чеклов қўйилмаган. Қолаверса, уни ҳеч бир воситачиларсиз, тўғридан-тўғри харид қилиш, узоқ муддатли келишувларга эришиш учун барча шарт-шароит мавжуд. Шу боис тўқимачилик саноати тараққий этаётган мамлакатлар дунё пахта бозорида савдолар фаоллашган бир пайтда юртимиз томон ошиқадилар. Мақсад битта: у ҳам бўлса, ўзбек толасидан кўпроқ сотиб олиш. 

Жорий йилги анжуманга ана шу ниятда келган хорижий компания ва фирмалар вакилларининг, айтиш мумкинки, ҳеч қайсиси қуруқ қўл билан қайтишмади. 

—  Халқаро ярмаркада ҳар йили иштирок этамиз, — дейди Бангладешнинг “DSM Commodities Ltd.” компанияси бош директори Депок Барал. — Савдога қўйилаётган толаларнинг сифат кўрсаткичлари ниҳоятда юқори. Ранги тиниқ, тоза, чўзилувчанлиги талаб даражасида. Улардан тайёрланган маҳсулот ҳар қандай рақобатга бемалол дош беради. Шунинг учун ўзбек толасидан имкон қадар кўпроқ харид қилишга интиламиз. Масалан, ўтган йили 12 минг тонна тола импорти бўйича шартнома тузган бўлсак, бу сафар ушбу кўрсаткични 50 минг тоннага етказдик. Бундан жуда хурсандмиз.  

Таъкидлаш керакки, ХII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси қатнашчилари нафақат форум давомида ташкил қилинган анжуманлар, давра суҳбатлари, биржа савдоларида иштирок этиш, балки тўқимачилик ҳамда енгил саноатимиз ютуқлари билан яқиндан танишишга муяссар бўлдилар. 

Гап шундаки, улар тадбирнинг иккинчи кунида пахта хом ашёсини бирламчи қайта ишлаш, толани сифатли сақлаш, харидорларга белгиланган муддатларда етказиб бериш хизмати, калава ип, тўқимачилик маҳсулотлари ва тайёр кийим-кечаклар тайёрлаш жараёнларини бориб кўрдилар. 

Меҳмонлар дастлаб пойтахт вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги “Ўзбекистон пахта тозалаш заводи” акциядорлик жамиятига ташриф буюрдилар. 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, у тизимда фаолият кўрсатаётган 98 та корхона ичидаги етакчи ишлаб чиқариш субъектларидан бири ҳисобланади. Бу ерда тумандаги 250 дан ортиқ фермер хўжаликларидан қабул қилинган 20 минг тоннага яқин пахта қайта ишланади. 

— Бугунги кунга қадар 12,5 минг тонна қимматбаҳо хом ашёни қабул қилиб, пешма-пеш қайта ишлаяпмиз, — дейди ушбу корхона раҳбари Дилмуҳаммад Машарипов. — Қувонарлиси, бу йилги ҳосилнинг сифати ниҳоятда юқори. Уларнинг барчаси “Олий” ва “Яхши” синфларига мансуб. Корхонамиз фаолияти, пахтани бирламчи қайта ишлаш жараёни билан яқиндан танишган чет эллик мутахассислар ҳам тола сифатига юқори баҳо беришди. 

Жаҳон бозорига харидоргир маҳсулот чиқариш мақсадида мавжуд пахта тозалаш корхоналари тубдан модернизация қилинмоқда. Шу жумладан, “Ўзбекистон пахта тозалаш заводи” акциядорлик жамиятида кейинги йилларда яна шундай лойиҳалар амалга оширилиб, цехлар энг сўнгги русумдаги технологик линиялар билан жиҳозланди. Мисол учун, Хитойдан келтирилган тозалаш, линтерлаш, пресслаш ускуналари иш унумдорлигини ошириш, тола сифатини яхшилаш имкониятини яратиб бераётир. Ўрнатилган электрон тарози эса онлайн режимида ишлайди. Унинг ёрдамида ҳар бир транспорт воситаси орқали олиб келинган пахта ҳақидаги ахборот тўғридан-тўғри марказий маълумотлар базасига келиб тушади. 

Соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан яна бири, бу — юқори сифатли толани ўзимизда чуқур қайта ишлаб, хорижга қўшимча қийматга эга товарлар чиқариш. Шу йўналишда ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар самараси ўлароқ, ҳозирги кунга келиб, заминимизда етиштирилаётган пахта хом ашёсини қайта ишлаш ҳажми истиқлолнинг дастлабки йилларидагига нисбатан 7 баробар ортиб, 50 фоизга етказилди. Бунда чет эллик сармоядорлар иштирокида замонавий ускуналар билан жиҳозланган кўплаб тўқувчилик ҳамда тикувчилик корхоналари фаолияти йўлга қўйилаётгани муҳим омил бўлаётир. 

Дарҳақиқат, 25 йиллик мустақил тараққиётимиз даврида енгил саноатимизда 2,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 200 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилди. Улар Буюк Британия, Германия, Швейцария, Италия, Жанубий Корея, Япония, Сингапур, Ҳиндистон каби давлатлар инвесторлари билан биргаликда рўёбга чиқарилгани Ўзбекистоннинг ишончли иқтисодий ҳамкор сифатида тан олинганининг амалий тасдиғидир. 

Ярмарка қатнашчилари ташриф буюрган “UZTEX Chirchik” Ўзбекистон — Швейцария қўшма корхонаси ана шундай илғор субъектлардан бири ҳисобланади.

— Корхонамиз Германия, Швейцария, Италия сингари давлатларнинг энг сўнгги русумдаги ускуна ва дастгоҳлари билан жиҳозланган, — дейди ушбу корхона раҳбари Отабек Асадуллаев. — Улар ёрдамида хом ашёни чуқур ҳамда тизимли қайта ишлаш йўлга қўйилган. 1000 кишилик жамоамиз томонидан чет эллик буюртмачиларга йилига 80 миллион АҚШ долларилик тайёр ва яримтайёр маҳсулотлар етказиб берилаяпти. Илгари хорижга, асосан, болалар ҳамда катталар либослари, бўялган ва бўялмаган калава ип ҳамда мато сотган бўлсак, жорий йилдан эътиборан улар қаторига  пахмоқ мато ва сочиқ маҳсулотлари ҳам қўшилди. 

Турфа хилдаги маҳсулотларимиз билан танишган кўплаб чет эллик меҳмонлар ҳамкорлик қилиш истагини билдиришди. Биз эса бу таклифларни бажонидил қабул қилиб, ҳозирданоқ музокараларни бошлаб юбордик. 

— Юртингиз тўқимачилик саноатида ижобий маънода “портлаш эффекти” кузатилаётганига ушбу замонавий корхона мисолида яна бир карра ишонч ҳосил қилдим, — дейди Буюк Британиянинг “ICT Cotton Limited” компанияси вакили Марко Берри. — Бу ерда толани чуқур қайта ишлаш ва тизимли равишда маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилгани таҳсинга лойиқ. Мазкур корхона ярмарканинг очилиш маросимида айтилганидек, ҳар йили амалга ошириладиган юзлаб йирик лойиҳалардан бири эканлигини инобатга оладиган бўлсак, яқин келажакда тўқимачилик маҳсулотлари экспорти янада ортиши аниқ. 

Экспертларнинг фикрича, мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирувчи компаниялар кўпайишида толани сифатли сақлаш, харидорларга ўз вақтида етказиб бериш бўйича кенг тармоқли ҳамда ишончли инфратузилма яратилгани муҳим омиллардан бири бўлмоқда. 

Бугунги кунда юртимизда 21 ихтисослаштирилган минтақавий пахта терминали самарали фаолият юритаяпти. Уларда маҳсулотни сақлаш ва жўнатишдан ташқари, кўплаб қўшимча хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилгани ишлаб чиқарувчи ҳамда харидор ўртасида олди-сотди муносабатларини замон талаблари асосида ташкил этиш имконини бераётир.   

Тошкент шаҳрида жойлашган “Тошкент — Тола” терминали республикамиздаги энг йирик пахта терминалларидан бири ҳисобланади. Унга қарашли омборларга 45 минг тоннадан кўпроқ тола сиғиши, унинг бир қисми эркин омбор тизимига ўтказилгани эътиборга моликдир. Бундан ташқари, терминалда яратилган яна бир қулайлик шундаки, тола экспорти билан боғлиқ ҳужжатларни шу ернинг ўзида бир соат ичида расмийлаштириш мумкин. Бунинг учун Ўзбекистон “Сифат” пахта толасини сертификатлаш марказининг лабораторияси, божхона, давлат карантин назорати пункти хизматлари ташкил этилган. 

Ярмарка иштирокчилари “Тошкент — Тола” ихтисослаштирилган минтақавий пахта терминалига ташриф буюриб, унинг мисолида юртимиздаги шундай субъектлар фаолияти билан танишишга мушарраф бўлдилар. 

Жаҳон пахта бозорининг бу йилги Тошкент форуми юқори савияда ташкил этилди ва кутилганидек, ҳар томонлама самарали ўтди. Шу маънода, у ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ҳамда хорижий харидорлар ўртасида нафақат савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, балки янги ҳамкорлар топиш, тармоққа хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда бундан кейин ҳам муҳим восита бўлиб хизмат қилаверади. 

Саид РАҲМОНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn