Кўркам дизайн, юқори сифат
  • 12 Октябрь 2016

Кўркам дизайн, юқори сифат

саноат маҳсулотларининг рақобатдошлигини таъминламоқда

Шу йил 8 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида ташқи бозорларда рақобат ҳамда беқарорлик кучайиб бораётган шароитда иқтисодиётнинг реал тармоқлари билан бир қаторда, мамлакатимиз ҳудудларида ҳам рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Айтиш жоизки, юртимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби Хоразм вилоятида ҳам замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхоналар сони йил сайин кўпайиб, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми тобора ортиб бораётир. Бугунги кунда воҳада 2 минг 144 та саноат субъекти фаолият юритаётгани, улар томонидан жорий йилнинг олти ойи мобайнида 1,1 триллион сўмлик турли товарлар тайёрланиб, унинг аксарият қисми экспорт қилингани ана шундан далолат беради.

Биргина “Урганч тезкор матбаа” хусусий корхонаси йилига 3,5 миллиард сўмлик матбаа ва қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Илгари хоразмлик тадбиркорлар ўзларига зарур бўлган қадоқлаш воситаларини четдан ёки мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан келтиришга мажбур эди. Бу, албатта, ортиқча маблағ ҳамда вақтни талаб этарди. Эндиликда эса ёрлиқ ва ўраш воситалари мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг энг сўнгги русумдаги дастгоҳлари ёрдамида ишлаб чиқарилиб, буюртмачиларга етказиб берилмоқда. Аниқроғи, “Урганч тезкор матбаа”да жорий йилнинг ўтган саккиз ойи мобайнида 2 миллиард 800 миллион сўмликдан ортиқ 60 турга яқин маҳсулотлар тайёрлашга эришилди. Жамоа аҳли бу кўрсаткични йил охиригача 3 миллиард 500 миллион сўмликка етказиш учун барча имкониятни ишга солаяпти. Шу мақсадда матбаачилик соҳасида жаҳоннинг етакчи давлатлари иш тажрибалари чуқур ўрганилиб, янги дизайнлар яратилаётир. 

Корхонада, шунингдек, хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда сомон ва ғўзапоядан сифатли қоғоз тайёрлашни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда. Мазкур лойиҳа амалга оширилгач, қўшимча қувват, даромад ва янги иш ўринлари пайдо бўлади. 

— Ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, — дейди корхона раҳбари Раҳим Жуманиёзов. — Хусусан, 2 миллиард 100 миллион сўмлик модернизациялаш  ишлари бажарилиши натижасида маҳсулот сифати ҳамда ҳажми ортиши баробарида, унинг таннархи арзонлаштирилмоқда. Ушбу йўналишдаги фаолиятимизни бундан буён ҳам изчил давом эттираверамиз.

 

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn