Хусусий мулк ва кичик бизнеснинг ишончли ҳимояси
  • 12 Октябрь 2016

Хусусий мулк ва кичик бизнеснинг ишончли ҳимояси

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 5 октябрда имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни кенг жамоатчилик вакиллари катта мамнуният билан кутиб олди.

Хусусий мулкни ҳимоя қилишни ҳар томонлама кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти хусусида мухбирларимиз парламент аъзолари, мутахассислар ҳамда тадбиркорлар фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.  

 

Элдор ТУЛЯКОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати: 

— Юртимизда мустақиллик йилларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, шу орқали янги иш ўринлари ташкил этишга оид чора-тадбирларнинг босқичма-босқич рўёбга чиқарилаётгани аҳоли фаровонлигини юксалтириш, иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари таъминланишида муҳим омил бўлмоқда. Айни чоғда иқтисодиётнинг самарали механизмига асос солиниб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатлари яратилгани мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини мустаҳкамлаш, хусусий мулк ва тадбиркорликни жадал тараққий эттириш, шунингдек, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишда катта ўрин тутаётир.

Ушбу Фармон мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, соҳадаги тизимли ўзгаришларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз.  

Унда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан парламент назоратини янада кучайтириш, хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини қўллаб-қувватлашга оид қонунчиликни янада такомиллаштириш каби вазифалар белгилаб қўйилгани эътиборга молик жиҳатлардан ҳисобланади.  

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш белгилангани тарихий аҳамиятга эга. Чунки ушбу институт тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашда муҳим ўрин тутади. Бинобарин, унинг ваколатларига тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш каби қатор ўта муҳим масалалар киритилган бўлиб, бу, аввало, хусусий сектор вакиллари манфаатларини ифодалашда, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, ушбу йўналишдаги қонун ижодкорлиги самарадорлигини ошириш кафолатларини мустаҳкамлашда парламентнинг роли, аҳамияти ва масъулиятини ҳам юксалтиради. Қолаверса, бу институт парламент назоратини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, олий қонунчилик органининг вазифалари кўламини кенгайтиради. 

Биз, депутатларнинг жойларда бу борадаги қонунчиликни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш, Фармонда белгиланган имтиёз ва имкониятларни тадбиркорларга, умуман, кенг жамоатчиликка батафсил тушунтиришда фаоллик кўрсатишимиз айни муддаодир.

 

Солижон МЎМИНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Бугун жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон атиги чорак асрда қолоқ аграр республикадан иқтисодиёти жадал ривожланаётган давлатга айланганини эътироф этмоқда. Бу, албатта, ҳар томонлама чуқур ўйланган иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни равнақ топтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самара бераётганини яна бир бор тасдиқлайди. 

Шу ўринда Наманган вилоятида ҳам хусусий сектор ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга салмоқли улуш қўшаётганини қайд этиш жоиз. Собиқ тузум даврида ўзи тиккан кийим-кечаги ёки пойабзалини савдога чиқаришга ҳадиксираган ҳунармандлар айни пайтда тайёрлаётган маҳсулотларини нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам сотаяпти. Яратилган қулай ишбилармонлик муҳити натижасида ҳудудда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жабҳаларида нодавлат субъектларнинг салмоғи кескин ортди. Айни пайтга келиб, вилоятда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг сони 15,5 мингтадан ошди. Буларнинг замирида юртимизда тадбиркорлик соҳаси -ривожи йўлида узоқни кўзлаб ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли тадбирлар, аввало, мазкур йўналишда қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари, ҳуқуқий кафолатлар турганини англаш қийин эмас. 

Фармон, таъбир жоиз бўлса, яна бир тарихий аҳамиятга эга ҳужжатдир. Хусусий тадбиркорлик эркин фаолиятга -асослансагина тараққий этади. Шу маънода, Фармонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ҳамда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида белгилангани диққатга сазовор. Бошқача айтганда, эзгу мақсадларни кўзлаган ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш йўлида ҳуда-беҳуда “текшир-текшир”ларга чек қўйилиши, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишнинг барча турлари бекор қилиниши хусусий мулкдорларда ўз бизнесининг истиқболига ишончини юксалтирди.

Фармонни мамлакатимизнинг ҳамма ҳудудларида тадбиркорлар, жамоатчилик катта қувонч билан кутиб олди. Бу ҳам мазкур ҳужжатнинг умумдавлат манфаатларига уйғунлигини кўрсатади. 

Тадбиркорлик субъектларига берилаётган беқиёс имконият ҳамда имтиёзлар, ўз навбатида, тегишли норматив ҳужжатларни, самарасиз, эскирган ва бозор механизмларининг ўрнини эгаллаб олган нормаларни бекор қилиш юзасидан танқидий қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Бу каби устувор вазифаларни амалга ошириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасидаги сиёсатини сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришда Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳам фаол ҳамда ташаббускор бўлмоғи ҳаётий заруратдир. Жойларда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиш, улар дуч келиши мумкин бўлган сунъий тўсиқ ва ғовларни буткул бартараф этиш ҳар бир халқ вакилига масъулият юклайди.

 

Гулнора МАҲМУДОВА, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон Ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси:

— Мазкур Фармон, эътироф этиш жоиз, аҳолимиз, айниқса, тадбиркор аёлларимизнинг дилидаги гап бўлди. Чунки унда белгилаб берилган устувор вазифалар ишбилармон опа-сингилларимизнинг ўз бизнес фаолиятларини янада самарали ташкил этишларида қулай имконият, шарт-шароитлар яратади. 

Бинобарин, бугун мамлакатимизда тадбиркорхотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар уларнинг оила ҳамда жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига имкон бермоқда. Айни чоғда 14 минг нафардан зиёд ишбилармон аёлларни ўз сафига бирлаштирган ассоциация томонидан бизнесини бошламоқчи бўлган аёлларга кўмаклашиш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, пировардида янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. 

Жумладан, ўтган даврда 14 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар бизнес асосларига ўқитилгани, 9 мингдан зиёд вақтинча ишсиз қиз-жувонлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга йўналтирилгани, 130 мингдан кўпроқ янги иш ўринлари ташкил этилгани бунинг ёрқин далилидир. 

Мазкур Фармон юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал тараққий топтириш баробарида, тадбиркор аёлларнинг Ватанимиз равнақи, оилалар фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг оилада, жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис биз дастуриламал ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, тадбиркор аёлларнинг ушбу Фармонда кўзда тутилган имтиёз ва кафолатлар тизимидан самарали фойдаланишига кўмаклашиш, уларнинг тўлақонли ижроси устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш чораларини кўришни режалаштирганмиз. 

 

Жиа ЛИЧЕН, Фарғона туманидаги “Fergana Hebei Fayz” хусусий корхонаси раҳбари (Хитой):

— Ўзбекистонда 2010 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаман. Республиканинг барқарор иқтисодий ўсиши, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, истеъмол бозорида соғлом рақобат муҳитини таъминлашга қаратилган қатор ҳужжатлар амалга татбиқ қилинганидан хабарим бор. Мана шундай қулай шарт-шароитлар биз, хорижлик ишбилармонларда ҳам инвестиция киритиб, юртингизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга рағбат уйғотмоқда.

Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир Фармон бу соҳадаги ислоҳотлар қамрови янада кенгайишидан далолат беради. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжат хорижлик  инвесторлар учун ҳам айни муддао бўлди. Боиси, унда маҳаллий ишбилармонлар билан бир қаторда, чет эл бизнес вакилларига тенг шароит ва имконият яратиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш юзасидан муҳим вазифалар белгиланган.

Эътироф этиш керакки, мамлакатингизда қулай ишбилармонлик муҳити шаклланган ҳамда хусусий мулк эгаларига беқиёс шароитлар яратилмоқда. Буни корхонамиз фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Фарғона туманида замонавий технология асосида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, ўнлаб маҳаллий ёшлар билан меҳнат шартномаси тузганмиз. Маҳсулотимиз харидоргир бўлгани боис буюртмалар ортаяпти. Қисқаси, ишлаб чиқариш жараёни изчил ривожланмоқда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган Фармон, албатта, -фаолиятимиз доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Жо Бо ЖИНГ, Кармана туманидаги “Ko-UNG Cylinder” Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонаси муҳандис-технологи:

— Мазкур Фармон биз, хорижлик инвесторларни ҳам беҳад  руҳлантириб юборди. Бу Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари эркин ҳамда самарали фаолият юритиши учун барча ташкилий-ҳуқуқий шароит яратилаётганининг яна бир далилидир. 

Юртингизда хусусий секторни равнақ топтириш мақсадида берилаётган улкан имкониятлар туфайли, ҳатто, чекка ҳудудларда ҳам иқтисодий барқарор ишлаб чиқариш қувватлари кўпаймоқда. Натижада юзлаб иш ўринлари очилаяпти, ички ва ташқи бозорга рақобатдош маҳсулотлар чиқариш ҳажми ортаяпти.

Хусусан, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида чет эллик ишбилармонлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити алоҳида эътирофга лойиқдир. Замонавий инфратузилма, логистика ва транспорт тармоқлари ҳавас қилгулик даражада. Солиқ юкидан озод қилинганимиз ҳамда бошқа қатор имтиёзлар берилгани фаолиятимизни самарали ташкил этишда қўл келаяпти. 

Ноқонуний текширишларнинг олдини олиш, давлат органлари ходимларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувига йўл қўймаслик, хусусий мулк эгаларига ўз илғор ташаббусларини рўёбга чиқариши учун ҳар тарафлама кўмаклашиш мақсадларига йўналтирилган Фармон асосида олиб бориладиган ишлар, албатта, тадбиркорлик ривожида янги даврни бошлаб, хорижлик инвесторлар учун Ўзбекистон иқтисодиёти жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари

Зиёда АШУРОВА,

Фарида МАҲКАМОВА ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn