Замонавий техникалар, ноёб дастурлар ва инновацион ишланмалар
  • 23 Сентябрь 2016

Замонавий техникалар, ноёб дастурлар ва инновацион ишланмалар

Тошкент ҳамда Наманган шаҳарларида бўлиб ўтаётган “ICTExpo — 2016” халқаро кўргазмаларида кенг намойиш этилмоқда

“ICTWEEK UZBEKISTAN — 2016” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ташкил қилинган мазкур анъанавий тадбир халқаро IT-соҳаси, тадбиркорлик доиралари ва илм-фан ҳамжамиятининг ҳамкорлигини кенгайтиришга, ахборот технологиялари мутахассислари, экспертларининг учрашувларини ташкил этишга, қолаверса, ахборот-коммуникация технологиялари оддий фойдаланувчиси ҳамда ишлаб чиқарувчисининг фикр алмашишига имконият яратишга хизмат қилади.
Мазкур кўргазма Марказий Осиё минтақасидаги нуфузли тадбирлардан бири саналади. Ташкилотчиларнинг изоҳлашича, у бир пайтнинг ўзида Тошкент ҳамда Наманган шаҳарларида ўтказилиши ахборот технологияларини ҳаётимизга жорий этишнинг ҳудудий даражаси нечоғли юксалиб бораётгани тасдиғидир.
Бу галги кўргазмада Тошкент шаҳрининг ўзида бир минг квадрат метрдан ортиқ майдонда маҳаллий ва халқаро IT-бозорининг 120 дан ортиқ, Наманган шаҳрида эса 500 квадрат метрга яқин ҳудудда Наманган, Фарғона ҳамда Андижон вилоятларидаги 40 дан зиёд етакчи компаниялар томонидан соҳада кўрсатилаётган хизматлар, замонавий технология ва ишланмалар намойиш қилинмоқда. Ташриф буюраётганлар компьютер техникасини ишлаб чиқарувчи корхоналар, дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари, АКТ компаниялари дилерлари, провайдерлар, телекоммуникация ускуналарини етказиб берувчилар, банк ҳамда бошқа муассасалар стендларини кўздан кечириши, масъул вакиллар билан мулоқотга киришиши мумкин.
Қолаверса, анжуманда “Электрон ҳукумат” тизимининг жорий этилишида ҳозирги кунга қадар амалга оширилган ишлар, жумладан, давлат бошқаруви органлари томонидан аҳолига, тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган интерактив хизматлар намойиш қилинаётгани эътиборга молик.
Мамлакатимиз ёшларининг ахборот технологияларига қизиқиши юқорилиги инобатга олиниб, бу йил кўргазмада “Robokidz” махсус стенди ташкил этилди. Унда ёшлар ўртасида “World Robot Olympiad” (Бутунжаҳон робототехника олимпиадаси)нинг саралаш босқичи ўтказилаяпти. Танловда 7 ёшдан 13 ёшгача бўлган ўғил-қизлар “темир одам”ларни йиғиш ва уни дастурлаш бўйича ўз маҳоратларини намойиш қилмоқда. Айтиш керакки, мусобақа ғолиблари жорий йилнинг ноябрь ойида Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон робототехника олимпиадасининг якуний босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.
— Яқин йилларда Ўзбекистонда ҳам уй юмушларига кўмаклашадиган роботлар яратилади, — дейди мамлакатимизда фаолият бошлаган “Robokidz” робототехника мактабининг савдо ишлари бўйича менежери Темур ўофуров. — Гап шундаки, муассасамизда 6 — 14 ёшдаги болаларга робот ясашнинг барча сир-асрори ўргатилади. Пировардида улар ўзларининг ижодий ғояларини ҳаётга татбиқ қилиш имконига эга бўлмоқдалар.
Таъкидлаш керакки, республикамизда дастурий таъминот бозорини шакллантириш ҳамда ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар, соҳага оид мустаҳкам қонунчилик базаси яратилиб, дастурчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Кўргазмада дастурий таъминот бозорида фаолият юритаётган кичик тадбиркорлик субъектлари фаол қатнашаётгани ҳам бунинг ёрқин далилидир.
Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида бўлиб ўтган кўргазманинг тантанали очилиш маросимида мамлакатимизда истиқлол йилларида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётганлиги таъкидланди. Жумладан, Наманган вилоятида соҳа ривожи муҳим йўналишлардан бирига айланган. Биргина жорий йилнинг ўзида манзилли дастурга асосан, умумий қиймати қарийб 11 миллиард сўмлик 47 та лойиҳа амалга оширилаётгани бунинг тасдиғидир.
— Айни чоғда “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш ва интерактив давлат хизматларини кенг йўлга қўйиш, ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмаларида АКТни жорий этиш ҳамда ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, кадрлар малакасини ошириш йўналишларида изчил иш олиб бораяпмиз, — дейди Наманган вилояти ҳокимлиги компьютерлаштириш маркази раҳбари Бахтиёр Охунбобоев. — Ҳудудда бугунги кунда маълумотларни узатиш бўйича 6 та провайдер, 40 та интернет-кафе фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги пайтда интернетдан фойдаланувчилар сони 700 мингдан ортди. Шаҳар ҳамда туман ҳокимликлари ҳузурида тадбиркорларга 16 та давлат хизмати кўрсатиш бўйича “ягона дарча” марказлари ишлаб турибди.
Эътиборли жиҳати, нафақат шаҳар марказлари, балки олис қишлоқларда ҳам кенг полосали интернет тармоқлари тортилаяпти. Чунончи, “Наманган телеком” филиали томонидан 20 мингдан ортиқ хонадон “ADSL” технологияси асосида интернет тармоғига уланди. Бундан ташқари, Тошкент вилояти ва Фарғона водийси ўртасида ахборот алмашинувини янада кенгайтириш ҳамда мавжуд тармоқни захиралаш мақсадида Ангрен — Поп йўналишида 101 километр узунликдаги оптик толали алоқа линиясини қуриш ишлари давом этмоқда.
Кўргазмага дастлабки куннинг ўзида мингдан зиёд киши ташриф буюрди. Улар АКТ соҳасида фаолият юритаётган корхоналар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг ушбу йўналишда амалга ошираётган ишлари билан яқиндан танишдилар. Хусусан, Наманган муҳандислик-педагогика институтида илмий-техника дастури доирасида замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда, умумий қиймати 398 миллион сўмликка тенг бўлган 7 та грант бажарилаётгани кўпчилик эътиборини тортди. Наманган давлат университети олим ва мутахассислари ҳам мавзуга оид ўндан ортиқ ишланмаларни намойиш қилмоқда.
Мухтасар айтганда, “ICTExpo — 2016” кўргазмаси АКТ соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, тижорат алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаяпти.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn