Кичик саноат ҳудудлари иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда
  • 04 Сентябрь 2016

Кичик саноат ҳудудлари иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда

Қурилиши тугалланмаган давлат мулки объектлари ва бўш турган майдонларда рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатишни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадлари ўсишини таъминлаш мақсадида жойларда кўплаб саноат ҳудудлари барпо этилмоқда. Бундай ўзига хос ҳудудларда хўжалик субъектларига ер участкалари ажратиш тўғрисидаги қарорлар тегишли туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан танлов комиссиясининг ижобий қарори асосида қабул қилинади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўлови фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, энг кам ставкада белгиланиб, ижара узоқ муддатга берилади.

— Тадбиркорлик субъектларига ўртача 6 сотихдан 30 сотихгача бўлган ер участкалари ажратилаётгани уларга катта имконият яратмоқда, — дейди Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси раҳбари Очил Бойқулов. — Мана шундай шарт-шароитлар натижасида вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий салоҳияти -тобора юксалаяпти.

Бугунги кунгача 6,33 гектар ер майдони маҳаллий ҳокимликлар захирасига ўтказилиб, тадбиркорлик субъектларига 1,6 миллиард сўм миқдорида сармоя йўналтирилди. Бундан ташқари, 5 та давлат мулки объекти 15,1 миллиард сўмлик инвестиция киритиш мажбурияти ҳамда 306 та иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” қийматида ишбилармонларга берилди. 11 туманда тадбиркорлик субъектларининг янги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис иншоотларини барпо этишга қаратилган 121 лойиҳаси шакллантирилди.

— 2014 йилнинг баҳорида қурилиш материаллари тайёрлашга ихтисослаштирилган корхона ташкил қилган эдик, — дейди Жиззах шаҳридаги “Мумтоз келажак” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Умид Икромов. — Дастлаб беш нафар ишчи билан сувли эмульсия бўёғи ва қурилиш елими ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Фаолиятимиз истиқболли деб топилиб, бизга шаҳар ҳокимлиги томонидан тендер асосида 16 сотих ер майдони “ноль” қийматида ажратилди. Пировардида бугунги кунда маҳсулотларимиз тури 12 тага етди.

Кичик саноат зоналарида жойлашган Жиззах шаҳридаги “Идеал комфорт мебель”, -Зомин туманидаги “Жиззах поултри”, Пахтакор туманидаги “Тонги чироқ самоси”, -Фориш туманидаги “Мега инвест индустриал”, Янгиобод туманидаги “Ёрқин Дилбар” сингари масъулияти чекланган жамиятлари фаолиятидан ҳам ана шундай ижобий мисолларни келтириш мумкин. Уларнинг саъй-ҳаракати билан вилоят иқтисодиётида юқори ўсиш суръатларига эришилаётир. Жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши қарийб 64 фоизга етгани бунинг тасдиғи бўла олади.

 

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn