Иқтисодиётнинг реал сектори
  • 04 Сентябрь 2016

Иқтисодиётнинг реал сектори

таркибий ўзгаришлар туфайли жадал равнақ топиб бормоқда

Бугун Фарғона вилояти иқтисодиётида юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Соҳада олиб борилаётган модернизациялаш тадбирлари, иқтисодиёт реал секторидаги таркибий ўзгартишлар ҳамда ишлаб чиқариш тармоқларига жалб этилаётган хорижий инвестициялар бунда ҳал қилувчи омил бўлаётир.

Хусусан, Қува туманига бир пайтлар олтин водийнинг боғдорчиликка ихтисослаштирилган ҳудудларидан бири, деб қараларди. Истиқлол шарофати билан бу ерларга саноат кириб келди, тадбиркорлик равнақ топди. Натижада қишлоқ ва маҳаллалар обод ҳамда кўркам қиёфа касб этди. Туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2013 йилда 105 млрд. сўмни ташкил қилган бўлса, ўтган йили мазкур кўрсаткич салкам икки баробар ортиб, 194,3 млрд. сўмликка етди.

Албатта, бундай ижобий натижаларга ишни тўғри йўлга қўйиш, яратилган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиш ҳисобига эришилаяпти. Масалан, тумандаги қандолат фабрикаси бир неча йил аввал ночор аҳволга тушиб қолган эди. Тижорат банкининг 5 млн. АҚШ долларилик сармояси эвазига бугун у барқарор фаолият юритаётир.

— Жамоамиз сафида 150 нафар маҳаллий йигит-қиз меҳнат қилмоқда, — дейди “Қува қандолатлари” бош муҳандиси Саидаҳмат Умаров. — Улар саъй-ҳаракати билан 20 хилдан ортиқ ширинликларни эл дастурхонига тортиқ этаяпмиз. Ўтган йили 1 млн. 350 минг евро миқдоридаги сармоя ҳисобига Германиядан илғор ускуналар харид қилдик. Бу эса сифат ҳамда самарадорликни ошириш имконини берди. Жорий йил охиридан бошлаб экспорт амалиётига киришишни ҳам режалаштирганмиз.

Айтиш жоизки, 2013 йилда бу ерда 624 млн. сўмлик маҳсулот тайёрланган бўлса, ўтган йили 3,2 млрд. сўмлик қандолатлар ички бозорга чиқарилди.

Туманда аҳолининг импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган талабини қондиришга муносиб ҳисса қўшаётган бундай тадбиркорлик субъектлари сафи кенг. Уларда ишлаётган йигит-қизларнинг энг сўнгги русумдаги технологияларни моҳирлик билан бошқараётгани кишида ҳавас уйғотади.

— Ҳозирги кунда касб-ҳунар коллежларини битириб чиқаётган ёшларнинг зеҳни ўткир, билим ва салоҳияти юқори, — дейди “Қуббо айсмилк” хусусий корхонаси раҳбари Элдор Эрматов. — Айтайлик, бизнинг цехларимизга ихчам ҳамда тежамкор дастгоҳлар ўрнатилган. Улар бир кеча-кундузда 5-6 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга. Технологик жараён тўлиқ компьютерлаштирилган. Уларнинг назорати эса ёш мутахассисларимиз ихтиёрида.

Хусусий сектор айни кунда иқтисодиётимизнинг таянч устунидир. Фарғона вилояти ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 63 фоизга етгани сўзимиз тасдиғидир. Қолаверса, ҳудудда меҳнатга лаёқатли аҳолининг қарийб 78 фоизи мазкур соҳада иш билан банд.

Қува тумани агросаноат мажмуасида ташкил этилган “Қуббо витамин” масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари ҳам яратилган имконияту имтиёзлардан унумли фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш орқали улардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга аҳд қилишган эди.

— Етти миллиард сўм миқдоридаги сармоя эвазига минг тонна сиғимга эга музлаткич камераларини ишга туширдик, — дейди корхона раҳбари Жаҳонгир Акбаров. — Шу мақсадда ўтган йили хорижнинг замонавий технологияси келтирилиб ўрнатилди. Ҳозир совиткичли омборхонамизда кунига 35 тонна мева-сабзавотни саралаш имконияти мавжуд. Ҳадемай, Хитойдан қўшимча линияни олиб келиб, ишга туширмоқчимиз. Пировардида соатига 

5 тонна мевани қайта ишлаб, шарбат тайёрлашга киришилади. Бинобарин, 20 кишининг бандлиги таъминланади.

Умуман, қишлоқ туманларининг иқтисодий тараққиёти жойларда ижтимоий инфратузилмани шакллантириш баробарида, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминламоқда. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар айнан шу жиҳатлари билан аҳамиятлидир.

 

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn