Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси: Иқтисодий салоҳият намойиши
  • 15 Апрель 2014

Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси: Иқтисодий салоҳият намойиши

Хоразм вилоятида ташкил этилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун эришилган ютуқлар ва истиқболли лойиҳаларни намойиш қилиш, талаб ва таклиф мутаносиблигини белгилаб олишда муҳим омил бўлди.

Тадбирда 200 дан ортиқ корхона 650 дан зиёд турдаги маҳсулотлари билан иштирок этди. Хусусан, “Узтех Шовот”, “Антикоринвест”, “Феруз-Хоразм”, “Урганч бахмал”, “Урганч ёғ”, “Мегасфера” каби салоҳиятли ишлаб чиқариш субъектлари томонидан маҳаллийлаштирилган ҳамда янгидан ўзлаштирилаётган пойабзал, атирсовун, сув фильтрлари, коррозияга қарши универсал қоплама, автомашиналар учун эҳтиёт қисмлар, спорт инвентарлари, қурилиш материаллари каби 25 турдаги маҳсулотлар кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, тадбирда 7 та хорижий мамлакат корхоналари ҳамда Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Тошкент ва бошқа вилоятлардан келган саноат соҳаси вакиллари ҳам ўзларининг хилма-хил маҳсулотлари билан қатнашди.
Айтиш жоизки, икки кун давом этган мазкур ярмарка вилоят саноат салоҳияти тобора юксалиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади. Унда ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасида умумий қиймати 15 миллиард 500 миллион сўмликдан ортиқ 650 дан зиёд шартнома имзолангани, маҳсулот экспорти бўйича хорижий  корхоналар вакиллари билан жами 3,5 миллион АҚШ долларилик келишувларга эришилгани ҳам эътиборга моликдир.
— Ушбу анъанавий тадбир саноатни ривожлантириш, тадбиркорлар фаоллигини ошириш, ҳудудий маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш ҳамда ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди Янгибозор туманидаги “Элинза” хусусий корхонаси раҳбари Йўлдош Эрназаров. — Биз ҳам ярмаркада 89 турдаги тиббиёт ва ўқув-мебель жиҳозларимиз билан иштирок этиб, ўз имкониятларимизни намойиш қилдик. Натижада 100 миллион сўмликка яқин 8 та шартнома имзолашга муваффақ бўлдик. Бу келгусида фаолиятимизни янада кенгайтиришда қўл келади.
Термиз шаҳрида бўлиб ўтган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида эса Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган 145 та корхона ҳамда ташкилот 288 турдаги маҳсулот ва хизматлари билан қатнашди.
Жумладан, улар томонидан намойиш этилган кўмир брикетлари, дори-дармон воситалари, тикувчилик, чарм-пойабзал материаллари, электр жиҳозлари, профнастил, шпатлевка, полиэтилен қувурлар каби янги ўзлаштирилган маҳсулотлар иштирокчиларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди.
— Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад вилоятимиздаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг буюртмалар портфелини шакллантириш, улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотларни ҳамкорларга етказиш бўйича етакчи ташкилотлар билан тендерсиз, ўзаро манфаатли шартномалар тузиш учун кенг имкониятлар яратиб беришдан иборат, — дейди Ўзбекистон савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тўра Боболов. — Тадбир давомида Термиз шаҳридаги “Нова-фарм” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган дори-дармонлар, Узун туманидаги “Фидокор Сурхон Агромаш” ва Шўрчи туманидаги “Шўрчи таъмирлаш заводи” масъулияти чекланган жамиятларида тайёрланаётган қишлоқ хўжалиги техникалари учун эҳтиёт қисмларни Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш юзасидан таклифлар ҳам билдирилди.
Умуман, ярмарка давомида ишлаб чиқарувчилар ва буюртмачилар ўртасида маҳсулот етказиб бериш юзасидан умумий қиймати 8 миллиард 610,3 миллион сўмлик ҳамда 17 миллион 287 минг АҚШ долларилик жами 238 та шартнома имзоланди.

Ойбек РАҲИМОВ,
Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn