Замонавий инфратузилма, изчил тараққиёт
  • 30 Август 2016

Замонавий инфратузилма, изчил тараққиёт

Давлат божхона қўмитаси томонидан “Мустақиллик йилларида божхона органлари тараққиёти” мавзуида анжуман ўтказилди.

Таъкидланганидек, 1991 йил 25 октябрда юртимизда божхона тизими тузилиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди. У замон талабига кўра, такомиллаштирилиб борилмоқда. Хусусан, 2016 йил 20 январда янги таҳрирдаги Божхона кодекси қабул қилинди. Унда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи субъектларга кенг имконият ва  қулайликлар яратиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни муҳофазалаш, қўллаб-қувватлаш ҳамда божхона иши қонунчилик базасини халқаро андозалар билан уйғунлаштиришга оид нормалар белгиланган бўлиб, бу соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Умуман, истиқлол йилларида замонавий инфратузилмага эга божхона хизмати мамлакатимиз иқтисодий суверенитетини ҳимоя қилишни таъминлайдиган давлат ҳокимияти тизимининг муҳим бўғини сифатида шаклланди ҳамда республика иқтисодий қудратини мустаҳкамловчи асосий идоралардан бирига айланди. 

Бугун божхона органлари босқичма-босқич шакллантирилган ва яхлит “Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими”га эга. У божхона органлари фаолиятининг турли йўналишларини қамраган 32 та ахборот тизимини ўзида бирлаштирган.  

Божхона қўмитаси расмий веб-сайти ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 21 турдаги интерактив хизмат кўрсатилаяпти. Масалан, www.customs.uz веб-сайтидаги “Тадбиркорнинг шахсий саҳифаси” орқали кўрсатиладиган 10 турдаги интерактив хизмат боис ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари зарур маълумотлардан фойдаланиш ва божхона расмийлаштируви жараёнини реал вақт режимида кузатиш имконига эга бўлишди.

Айни чоғда йўловчилар, сайёҳлар ҳамда тадбиркорлар учун декларациялар, товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар, ҳисоботларни интерактив хизматлар орқали электрон тақдим қилиш ҳамда расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилди. Қолаверса, тегишли вазирлик ва идоралар билан аниқ вақт ичида электрон маълумот алмашинуви жорий этилиши тадбиркорларнинг тегишли ҳужжатларни олишида қулайлик туғдираяпти. 

Эътиборлиси, шу саъй-ҳаракатлар натижасида божхона тўловларининг тўғри ундирилишини мониторинг қилиш, расмийлаштирув жараёнини соддалаштириш, товар ҳамда транспорт воситалари устидан самарали божхона назоратини йўлга қўйиш, эҳтимолий хатоликларнинг олдини олиш ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулайликлар яратиш борасида муайян ютуқлар қўлга киритилаётир. 

Анжуманда божхона органларининг халқаро ҳамкорлиги ҳамда соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, Олий ҳарбий божхона институти ва Миллий кинология маркази фаолияти хусусида ҳам сўз юритилди. Айни чоғда журналистлар Божхона қўмитаси видеокузатув тизими ҳамда марказий божхона лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, тадбир доирасида Божхона маънавият маркази тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn