Қулай шарт-шароит ва имконият
  • 15 Апрель 2014

Қулай шарт-шароит ва имконият

юртимиз фонд бозорини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда

Кейинги йилларда мамлакатимизда мулкни давлат тасарруфидан чиқариш орқали ишбилармонлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш ҳамда иқтисодиётимиз тармоқларига инвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қимматли қоғозлар бозори ҳам жадал ривожланмоқда.
Маълумки, яқин-яқингача “биржа”, “брокер”, “дилер”, “маркетмейкер”, “трансфер-агент”, “андеррайтер” каби сўзлар кўпчилик учун нотаниш эди. Бугун эса бу тушунчалар барчамизга яхши маълум.  Чунки эндиликда республикамиз фонд бозори хўжалик юритувчи субъектлар ва ишбилармонларга кенг қамровли хизмат кўрсатувчи мустаҳкам тизимга айланди. Хусусан, Президентимизнинг 1994 йил 21 январдаги “Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хусусий мулк манфаатларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил этилган “Тошкент” Республика фонд биржаси нафақат савдо майдончаси, балки савдоларнинг ташкилотчиси, мазкур бозорга жаҳон тажрибасини татбиқ этувчи  ташаббускор институт сифатида фаолият юритмоқда. Ўтган давр мобайнида биржамизда икки мингга яқин акциядорлик жамиятларининг 1 млрд. 700 млн. дона қимматли қоғози билан 1,5 трлн. сўмлик 100 мингдан ортиқ битимлар амалга оширилгани ана шундан далолат беради. Эътиборлиси, биржа савдолари ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Қимматли қоғозлар иккиламчи бозорини ривожлантириш фонд бозори рақобатбардошлигини оширишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, сўнгги беш йилда фонд биржаси савдо айланмасида қимматли қоғозларнинг иккиламчи бозори устунлик қилаётгани ушбу йўналишдаги ишларни жадаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Албатта, бугунги тараққиёт даврини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиш мушкул. Шунинг учун кейинги йилларда республикамизда биржа савдоларини он-лайн тарзида ўтказиш ва бу жараёнга IPO (қимматли қоғозларни бирламчи ошкора жойлаштириш)ни татбиқ этиш мақсадида Евроосиё фонд биржалари федерацияси ва бошқа хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, шу кунларда Корея фонд биржаси билан ҳамкорликда “Ягона дастурий-техник комплекс”ни яратишга киришилди.
Бундан ташқари, фонд бозорида сармоядорларга “Ягона ойна” тамойили асосида хизмат кўрсатувчи, эмитентларнинг қимматли қоғозларини жойлаштириш кафолатини ҳамда “икки томонлама котировка”ни таъминлашни ўз зиммасига олувчи йирик брокерлик компанияларини ташкил этиш юзасидан ҳам амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.     
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз фонд бозори фаолиятини кенгайтиришда тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани муҳим дастуриламал бўлаётир. Жумладан, “Биржа фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни халқаро стандартларга мос фаолият юритиш учун кенг имконият яратаётгани,  Президентимизнинг 2012 йил 19 мартдаги “Фонд бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра эса, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари 2016 йилгача даромад солиғидан озод этилгани бунинг тасдиғидир. Бундай имконият ва имтиёзлар, табиийки, фонд бозорининг изчил ривожланиши учун пойдевор вазифасини ўтамоқда.

Ғолибжон ТУРСУНОВ,
«Тошкент» Республика фонд биржасининг биржа битимлари иштирокчиларини назорат қилиш бўлими бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn