Банк тизими: Изчил фаолият ва ривожланиш истиқболлари
  • 15 Апрель 2014

Банк тизими: Изчил фаолият ва ривожланиш истиқболлари

Ўзбекистонда молия-банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат тижорат банклари фаолиятини такомиллаштириш ёки кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашда, балки уларнинг аҳоли билан алоқаларини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бунга яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари “BankExpo — 2014” VII йиллик миллий кўргазмаси ҳам яққол мисол бўла олади.
Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрдаги “2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорига биноан, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган миллий кўргазма бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилаяпти. Зеро, мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад банк тизимининг бугунги ҳолати, истиқболли режалари, кредитлар ажратиш шартлари, банкларнинг молиявий ва бошқа ресурслар билан таъминланганлик даражаси тўғрисидаги маълумотлар билан жамоатчиликни хабардор қилишдан иборатдир.
Жорий йилги кўргазма замонавий ахборот технологиялари базасига қурилган янги хизматлар, депозит турлари ва кредит маҳсулотлари, инновацион банк технологиялари билан бу ерга ташриф буюрган ҳар бир меҳмонда катта қизиқиш уйғотди. Бошқача айтганда, унда ўтказилган тадбирлар тижорат банкларининг мижозлар талабларини мос равишда илғаб олаётгани, юқори даражада хизмат кўрсатишга интилаётганини ёрқин гавдалантирди. Хусусан, “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири: электрон ҳужжатнинг ҳуқуқий асослари” мавзуида ўтказилган давра суҳбати иштирокчилари ушбу қонун лойиҳасини ҳар тарафлама муҳокама этар экан, бу борада хориж тажрибаси, электрон тўловларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, мукаммал инфратузилма ҳамда уни ривожлантириш учун қулайлик яратиш мақсадидаги солиқ маъмурчилиги масалаларини кўриб чиқдилар.
Электрон тижорат глобал интернет тармоғининг узвий бўлагидир. Шу маънода, банк тизими тараққиётининг ҳозирги босқичи янги ахборот муҳити — интернетнинг имкониятларидан унумли фойдаланиш долзарб ва фойдалилигини кўрсатмоқда. Чунки у бизнеснинг барча қирраларини жадаллаштириб, нақдсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишда жуда муҳим омил ҳисобланади. Ўзаро ҳамкорлик жараёнида  электрон усулдан кенг фойдаланилаётгани эса уларга вақт ҳамда маблағни тежаш учун қулай шарт-шароит яратмоқда.
Кези келганда айтиш ўринлики, масофадан туриб банк хизматлари кўрсатиш тизимидан фойдаланувчилар сони биргина ўтган йилнинг ўзида 2,5 баробар ошди. Мобиль ва SMS-банкинг хизматларидан фойдаланувчилар сони 69,3 мингдан 207,9 мингга етди ёки уч баробар кўпайди.
Янги ахборот технологияларига бағишланган семинарлар ҳам қизиқарлилиги билан алоҳида ажралиб туради. Бинобарин, молия муассасалари ва мижозлар ўртасида ҳамкорликнинг виртуаллашуви ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлашни тақозо этмоқда. Семинарларда банк мутахассисларининг ахборотлаштириш технологиялари, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва такомиллаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашганлари бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз. 
Кўргазма давомида кичик ва оилавий бизнес вакиллари, хусусий тадбиркорлар банк тизимида яратилган имкониятлар, хусусан, кредитлаш тартиблари ҳамда имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар. 
Тижорат банклари ҳам, ўз навбатида, давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларни бажариш мақсадида таълим муассасалари, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқаришни  молиявий қўллаб-қувватлашга доир маълумотларга бой стендлари билан қатнашдилар.
Якунда ташкилотчилар томонидан таъсис этилган номинациялар бўйича ғолиб банкларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки — “Тадбиркорларнинг энг яхши ҳамкори ва ишончли таянчи”, “Микрокредитбанк” — “Энг яхши микрокредитлаш хизмати”, Давлат тижорат Халқ банки — “Таълим муассасалари битирувчиларини қўллаб-қувватловчи энг яхши банк”, “Агробанк” —  “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи энг яхши банк”, “Ипотека-банк” — “Кичик бизнес субъектларининг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи энг яхши банк, “Қишлоқ қурилиш банк” — “Қишлоқ фаровонлигига ҳисса қўшаётган энг яхши банк”, “Ҳамкорбанк”  —  “Хорижий кредит линияларини жалб этаётган энг яхши банк”, “Ўзсаноатқурилишбанк” —  “Энг фаол инвестицион банк”,  “Ипак йўли банки” —  “Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватловчи энг яхши банк”, “Ориент-Финанс банк” — “Мижозларга сифатли хизмат кўрсатувчи банк”, “Трастбанк” — “Ҳудудларда фаолиятини кенгайтираётган энг яхши банк” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит ва микрокредитлар ҳажмининг 2012 йилдагига нисбатан ўсишини таъминлаган тижорат банкларининг ҳудудий бўлинмалари ўртасидаги “Тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаётган энг яхши ҳудудий банк филиали” номинациясига эса “Ипотека-банк”нинг Олмалиқ ва Бухоро, шунингдек, Халқ банкининг Косон филиали муносиб кўрилган бўлса, “Энг яхши стенд дизайни”, “Энг яхши реклама кампанияси”, “Энг кўп ташриф буюрилган стенд” сингари йўналишларда ҳам бир нечта банклар ғолиб бўлди.
Мухтасар айтганда, мазкур кўргазма республикамиз молия-банк тизимининг салоҳиятини намойиш этишда ўзига хос майдонга айланди. Иштирокчилар банк хизматлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишди ва ҳамкорлик алоқаларининг уфқи кенгайишига умид боғлашди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn