Саноатни диверсификациялаш
  • 12 Август 2016

Саноатни диверсификациялаш

янги ишлаб чиқариш тармоқларини ўзлаштириш имконини бераяпти

Иқтисодиётни таркибий ўзгартириш жараёнлари жадал давом этмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки изчил янгиланишлар юксак технологияларга асосланган замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини ўзлаштириш,  қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради. Кейинги йилларда электротехника саноатида илғор қувватларнинг фойдаланишга топширилаётгани эвазига импорт ўрнини босувчи, юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилаётгани бунга яққол мисолдир. Натижада 2016 йилнинг олти ойида “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси тизимида 640,8 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 17,9 фоиз ўсишга эришилди.

Пойтахтимиздаги замонавий шиша идишлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Oniks Toshkent” масъулияти чекланган жамияти саноатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мевасидир. Бу ерда жорий йилнинг биринчи ярмида 868,4 миллион сўмлик маҳсулот тайёрлашга муваффақ бўлинди. Бу ҳали ишнинг бошланиши. Чунки ушбу йирик лойиҳанинг техник иқтисодий асосига биноан, 2014 — 2021 йилларда 108,2 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши мўлжалланган. Шу пайтгача  84,6 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди. Сармоянинг қолган қисми ҳам белгиланган муддатларда жалб этилиб, ишлаб чиқариш линиялари тўлиқ ишга туширилиши кутилаяпти. 

Лойиҳа доирасида дастлаб электр ёритиш ускуналарини йиғиш цехи ишга туширилди. 

— Ушбу цехда 80 хилдаги қандиллар тайёрлаб, буюртмачиларга етказиб берилаяпти, — дейди цех бошлиғи Абдували Ниғматиллаев. — Улар юқори сифати, кўриниши замонавий ечимга эгалиги билан харидорлар эътиборини қозонмоқда. Маҳсулотларимизга талаб юқорилигини инобатга олган ҳолда, маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш мақсадида тегишли чора-тадбирларни қўллаяпмиз.      

Яқинда фойдаланишга топширилган корхонанинг навбатдаги босқичи саноатимиз учун янгилик бўлди. Гап шундаки, бу ерда натрий-кальцийли шиша идишлар тайёрлана бошланди. 

Шиша эритиш печи янги цехнинг юраги ҳисобланади. Бу ерда иш узлуксиз равишда ташкил этилган бўлиб, бир кеча-кундузда 20 тонна хом ашё чуқур қайта ишланади. Яъни 12 хил компонентдан таркиб топган хом ашё 1500 даража иссиқликда эритиб берилади. Уни “Atom-20” роботи белгиланган ўлчамда олади-да, пешма-пеш қолипларга қуяди. Уларга шакл берилгач, иккинчи робот кўмагида пишириш печига киритилади. 

— Ҳар бир шиша буюм олти босқичда пиширилади, — дейди мазкур цех бошлиғи Cуюн Бойтўраев. — Бу жараёнда ҳароратнинг босқичма-босқич пасайтирилиши ўта муҳим. Масалан, ҳозир ишлаб чиқарилаётган косаларнинг вазни 570 грамм  бўлиб, дастлаб 560 — 580 даража ҳароратда ишлов берилса, охирги босқичда 100 даражага туширилади. Бунинг самараси ўлароқ, маҳсулотнинг кўриниши ёрқин, иссиқ-совуққа чидамли, энг муҳими, ўта мустаҳкам бўлиши таъминланади. 

Саноатнинг янги йўналиши ўзлаштирилишида юртимизда қулай бизнес муҳити яратилгани тадбиркорларга кўпроқ эркинлик бераётгани, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаётгани муҳим ўрин тутаяпти. Хусусан, ушбу лойиҳа рўёбида жаҳон шиша саноатида етакчи ҳисобланган Италиянинг “Stara Glass S.р.A.” компанияси мутахассислари яқиндан кўмак беришди. Хорижнинг энг сўнгги русумдаги бешта технологик линияси олиб келиниб, белгиланган муддатда ўрнатилди. Улар реал вақт режимида ишлагани боис носозлик юзага келган тақдирда дарҳол чет эллик мутахассислар билан мулоқот ўрнатилиб, муаммо бартараф этилади.

Тайёрланаётган  шиша  буюмларнинг кўриниши биллур идишларга жуда яқинлиги боис ташқи бозорда уларга талаб катта. Шунинг учун жамият жамоаси маҳсулотлар турини янада кўпайтириш, хусусан, ресторан буюмларини тайёрлашни ўзлаштириш пайидан бўлмоқда. Бошқача айтганда, ҳозирги пайтда 7 хилдаги шиша идишлар ишлаб чиқарилгани ҳолда, 2021 йилга қадар уларнинг турини 31 тага етказиш режалаштирилаётир.

Энг муҳими, корхонада 160 та янги иш ўрни яратилган бўлса, уларнинг аксариятига ёш йигит-қизлар жалб этилган. 

— Италиялик мутахассислардан роботлаштирилган технологик линияларни бошқаришни тезда ўзлаштириб олдим, — дейди маҳсулотларга шакл бериш устаси Акмал Толипов. — Шиша томчисини қуйиб берадиган роботни узлуксиз кузатиб тураман. Ҳар 15 дақиқада унинг вазнини текшираман. Буларнинг барчаси мен учун жуда мароқли. Айтмоқчи бўлганим, шундай замонавий корхонада ишлаётганимдан, оиламга, жамиятимизга нафим тегаётганидан мамнунман. 

Корхона тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, жамоа сафига яна 150 нафар ёш жалб қилинади. Бу, ўз навбатида, юртимиз аҳолисининг шиша идишларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондирибгина қолмай, экспорт қилиш имкониятини ҳам яратади. Зотан, саноат тармоқларида амалга оширилаётган бу каби истиқболли лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад ҳам рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаш кўламини кенгайтириб, ички ва ташқи бозордан мустаҳкам жой эгаллашдир. 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Шомурот ШАРАПОВ

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn