Адирлар боғларга бурканади
  • 04 Август 2016

Адирлар боғларга бурканади

Андижон вилоятидаги “Асака адир” насос станцияси қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, қурувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, хорижлик ҳамкорлар ҳамда мутахассислар қатнашди.

Мамлакатимизда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига замонавий ҳамда тежамкор технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, тоғли ҳудудлар, адирликларга сув чиқарилиб, янги боғ-роғлар барпо қилинаяпти, қўшимча равишда сабзавот, полиз экинлари етиштириш йўлга қўйилмоқда. -Кейинги йилларда ушбу йўналишда Андижон вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилиб, муайян ютуқлар қўлга киритилаётир. Хусусан, яқинда Андижон ва Улуғнор туманларидаги насос станциялари қайта таъмирланиб, янги канал барпо этилгач, бир неча минг гектар майдондаги адирликларни ўзлаштириш имконияти юзага келди.

“Асака адир” насос станциясининг ишга туширилиши тизимдаги янгиланишларнинг -мантиқий давоми бўлди. У орқали 180 метр баландликка сув чиқарилиб, Марҳамат туманидаги 1340 гектар, Асака туманининг 2270 гектардан зиёд ер майдонини обиҳаёт билан таъминлаш яхшиланди. Насос станциясини таъмирлаш “Жалақудуқсувмахсуспудрат” давлат унитар корхонаси қурувчилари томонидан қисқа муддатда сифатли бажарилди.

— Ўзбекистонда иқтисодиётнинг барча тармоғи, хусусан, қишлоқ хўжалиги жадал ривожланаётганидан яхши хабардормиз, — дейди лойиҳа иштирокчиси, Хитойнинг “China IPPR international Engineering” компанияси менежери Донг Ли. — Чунки мамлакатингизда ушбу соҳа равнақига алоҳида эътибор қаратилиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилаяпти. Мазкур сув насосининг фойдаланишга топширилиши ҳам суғориладиган экин майдонларини кенгайтириш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Лойиҳа доирасидаги юмушларни амалга ошириш учун 8,6 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ йўналтирилиб, шундан қарийб 4 миллион 550 минг доллари хориждан энг замонавий техника, асбоб-ускуналар келтиришга сарфланди. Пировардида сув тақсимоти бевосита компьютер ёрдамида бошқарилиб, назорат этила бошлади.

— Мазкур лойиҳа нафақат биз, фермерлар, балки ҳудуддаги аҳоли учун ҳам қатор қулайликлар яратди, — дейди Марҳамат туманидаги “Шуҳрат” фермер хўжалиги раҳбари Тожимирза Нуриев. — Мисол учун, унинг шарофати билан биз деҳқончилик қилаётган 37,1 гектар майдондаги экинларни қондириб суғориш имконияти янада яхшиланди. Бундан ташқари, юзлаб аҳоли шахсий томорқаларининг ҳам сув таъминоти изга тушди.

“Асака адир” насос станцияси адирлар бағрида янги боғ-роғлар барпо этиш, картошка, сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш, пировардида бозорларни ноз-неъматлар билан тўлдиришга хизмат қилади.

Саминжон ҲУСАНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn