Эркин иқтисодий зоналар ҳудудларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда
  • 02 Август 2016

Эркин иқтисодий зоналар ҳудудларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонуннинг Жиззах вилоятида ижро этилиши ҳақидаги ахбороти тингланди.

Сенат аъзолари, мутасадди вазирликлар, тегишли идоралар вакиллари ҳамда бошқалар иштирок этган мазкур тадбирда мустақиллик йилларида бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш саъй-ҳаракатлари изчил олиб борилгани, бизнес юритиш шарт-шароитини яхшилашга доир аниқ мақсадга йўналтирилган дастурлар мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити шаклланиши, хорижий инвестициялар ҳажми ошишининг муҳим омили бўлаётгани таъкидланди.

“Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар бу борада дастуриламал бўлмоқда.

Айниқса, “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонун инвестициялар жалб қилиш ва жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланиш имкониятларини кенгайтирди. Бинобарин, Президентимиз ташаббуси билан “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий ҳамда “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 18 мартдаги Фармони билан барпо қилинган махсус индустриал зона Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш жойлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш мақсадига қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди. Ўтган давр мобайнида мазкур индустриал зона инфратузилмаси объектлари қурилиб, электрлаштириш, газлаштириш тадбирлари якунланди. Йўл-коммуникация тармоқлари барпо қилиниб, корхоналар фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Тадбирда мазкур Қонун нормаларига мувофиқ, “Жиззах” махсус индустриал зонасида бир қатор ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Чунончи, шу пайтгача умумий қиймати 268 миллион АҚШ долларилик 25 та инвестиция лойиҳаси амалиётга татбиқ қилиш учун маъқулланди. Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 18 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилган. Мазкур лойиҳалар натижасида мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилгани, шундан 60 фоизи олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари улушига тўғри келгани эътиборга молик. 2017 йилда қиймати 150 миллион долларлик 5 та инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари томонидан корхоналар қурилиши учун ер участкаларининг ўз вақтида ажратилиши ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур барча рухсатноманинг “бир дарча” тамойили бўйича берилиши таъминланаётир.

Йиғилишда Қонун ижросини таъминлашда мавжуд ресурслар ва имкониятлардан тўлиқ ҳамда самарали фойдаланилмаётганлиги таъкидланди. Хусусан, корхоналар экспорт салоҳиятини кучайтириш учун шарт-шароит яратиш ва бутловчи буюмлар ҳамда материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Муҳокамаларда “Жиззах” МИЗ ҳудудига олиб кириладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва материалларга божхона имтиёзлари қўлланилишини янада соддалаштириш, шунингдек, эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш бўйича тўпланган тажрибани ҳамда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга доир таклифлар киритиб бориш тавсия қилинди.

Тадбирда “Жиззах” МИЗ ва унинг ҳудудида хўжалик фаолиятини юритувчи корхоналар фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Якунда тегишли қарор қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn