Беқиёс имкониятлар ва изчил изланишлар маҳсули
  • 02 Август 2016

Беқиёс имкониятлар ва изчил изланишлар маҳсули

Мустақиллик берган беқиёс имкониятлар ҳақида сўз борар экан, ҳар бир юртдошимизнинг қалбидан “Ким эдигу ким бўлдик?!” деган ҳаётий савол ўтиши табиий.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз илгариги қолоқ, иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган аграр республикадан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал давлатга айланди. Юртимиз саноатнинг мутлақо янги жабҳаларида, хусусан, автомобилсозлик соҳасида улкан натижаларни қўлга киритди. Ваҳолонки, бундан чорак аср муқаддам Ўзбекистон келажакда автомобиллар тайёрлайди, дунёнинг турли нуқталарида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёрлиқ билан автоуловларимиз сотилади, деган гаплар биз учун гўёки ушалмас орзу, бир хомхаёл эди. Аслида, бу орзулар мустақилликнинг бешинчи йилида рўёбга чиқди.

Истиқлол йилларида соҳанинг ҳуқуқий асоси шакллантирилгани, мамлакатда қулай инвестиция муҳити яратилгани, инвесторларга имтиёз ва преференциялар тақдим қилингани автомобилсозлик тармоғини йўлга қўйиш, техник ҳамда технологик модернизациялаш, янги қувватларни ишга тушириш ва замонавий автомобиллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш имконини берди.

Жойларда илғор корхоналар барпо этилиб, юртимизда тайёрланаётган енгил ҳамда юк автомобиллари, махсус транспорт воситаларининг тури 100 тадан ошиб кетди, двигателлар, кенг турдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда. Бугун Ўзбекистон 10 га яқин мамлакатларга, шу жумладан, Яқин Шарқ ва Африка давлатларига енгил -автоуловларни экспорт қилмоқда. Бу, албатта, ҳар биримизга ғурур ҳамда ифтихор бағишлайди.

Халқаро автомобиль бозоридаги кескин рақобат, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида бундай натижаларга эришиш осон эмас. Бу ишлаб чиқаришни муттасил такомиллаштириб бориш, маҳсулот дизайни ва сифатини мунтазам яхшилашни, пухта маркетинг сиёсати олиб боришни тақозо этади. Эътиборлиси, буларнинг барчасини республикамиз таълим муассасаларида таҳсил олган мутахассислар бажармоқда. Айни чоғда автомобиль заводларида ишчи-мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг билим ҳамда тажрибасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Андижон машинасозлик институти, Фарғона политехника институти, Асака ва Самарқанд автомобилсозлик коллежлари битирувчилари соҳа корхоналарида муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Бугун ўзимизда ишлаб чиқарилган автоулов кириб бормаган хонадон қолмади, десак, айни ҳақиқат. Уни сўнгги йилларда аҳолининг автомобиллар билан таъминланиш даражаси ўсиб бораётгани мисолида ҳам  кўриш мумкин. Агар 2000 йилда ҳар 100 оилага ўртача 20 та енгил автомобиль тўғри келган бўлса, айни пайтда бу рақам 41,4 тага етган. Оилаларнинг 11 фоиздан ортиғи иккитадан енгил автомобилга эга. Ушбу рақамлар мамлакатимиз жадал ривожланаётганидан, халқимиз фаровонлиги тобора ошиб бораётганидан далолатдир.

Автомобиллар кўпайгани сайин жойларда, айниқса, олис қишлоқлар, чекка ҳудудларда техник ҳамда сервис хизмати кўрсатиш каби бир қатор хизмат турлари ҳам жадал ривожланаяпти. Бу эса кўплаб янги иш ўринлари яратилишига туртки бермоқда. Демак, мамлакатимиз автомобилсозлик соҳаси жамиятнинг бошқа турдош соҳаларига ҳам ижобий таъсир ўтказиб, чекка ҳудудлардаги аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси билан Германиянинг “MAN Truck & Bus AG” компанияси ҳамкорлигида 2010 йилда Самарқандда ташкил қилинган “JV MAN Auto — Uzbekistan” қўшма корхонаси ҳам бугун республикамиз автомобилсозлик соҳасида ўз ўрнига эга. Заводда ишлаб чиқарилаётган оғир юк автомобилларидан халқ хўжалигининг қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги тармоғи йирик корхона ва ташкилотларида, уй-жой ҳамда коммунал, кимё, тоғ-кон, енгил саноат ва бошқа соҳаларда кенг фойдаланилмоқда.

Давлатимиз томонидан берилган имтиёз ҳамда кенг имкониятлардан фойдаланиб, “MAN” оғир юк кўтарувчи транспорт воситалари учун йилига 3 минг дона кабина ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга оширганимиз мустақиллик байрамига ўзига хос туҳфа бўлди. Бунинг учун заводимизга Германия, Италия ва бошқа давлатлардан янги, замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди.

Албатта, бундай натижалар автомобилсозликка қаратилаётган катта эътибор, соҳа вакилларининг изланишлари, орттирилган бой тажриба маҳсулидир. Бинобарин, ўтган давр мобайнида ҳаммамиз учун қадрдон бўлиб қолган ушбу транспорт воситалари ҳаётимизнинг ажралмас бир қисми, миллий ғуруримизга айланди.

Ёлқин КАБУЛНИЯЗОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, 

«JV MAN Auto — Uzbekistan» қўшма корхонаси 

бош директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn