«Ташаббус — 2014»: Изланиш, фаоллик, рағбат
  • 11 Апрель 2014

«Ташаббус — 2014»: Изланиш, фаоллик, рағбат

“Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказилган “Ташаббус — 2014” кўрик-танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мустақиллик йилларида иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларига айланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳамда ҳунармандчилик бугунги кунда давлатимиз ва жамиятимиз ривожида ҳал қилувчи аҳамият касб этиб бормоқда. Улар ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулот ва хизматлар билан тўлдираётгани, экспорт салоҳиятини юксалтиришдаги ҳиссаси муттасил ошиб бораётгани, энг асосийси, ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий жараёнларда фаоллик кўрсатаётгани бунинг яққол далилидир. Зеро, Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, кичик бизнес шаклан кичик бўлишига қарамасдан, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш муаммосини ҳал этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришда тобора катта роль ўйнамоқда.
Дарҳақиқат, 2000 йилда республикамиз ялпи ички маҳсулотининг 31 фоизи кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган бўлса, 2013 йилга келиб, бу кўрсаткич 55,8 фоизга етди. Шунингдек, айни пайтда ишлаб чиқарилаётган жами саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келаяптики, буларнинг бари биз танлаган иқтисодий тараққиёт йўлининг нақадар тўғри эканлигини, соҳа истиқболига қаратилган тизимли ислоҳотлар амалда ўзининг юксак натижаларини бераётганини англатади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови ҳам кичик ва ўрта синф вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни моддий ҳамда маънавий жиҳатдан рағбатлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, ёшларда эса тадбиркорликка иштиёқ уйғотишга хизмат қилаётгани билан янада аҳамиятлидир. Бинобарин, у республикамизда фаолият кўрсатаётган энг илғор тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар учун нафақат беллашув, балки ўзаро тажриба алмашиш, фаолиятига замонавий технологиялар, инновацион ишланмаларни жалб этиш, жаҳон бозорига чиқиш учун йўлланма вазифасини ўтаяпти.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, республика Фермерлари кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси, шунингдек, тегишли вазирлик ҳамда идоралар ҳамкорлигида ташкил қилинган бу йилги кўрик-танлов ўта қизғин ва юқори савияда ўтди. Бир ой давом этган ўзига хос бизнес-марафон жадал суръатларда ривожланаётган Ўзбекистон иқтисодиётининг чинакам кўзгусига айланди. Танловнинг туман (шаҳар), вилоят, сўнгра республика босқичлари доирасида ташкил қилинган кўргазмаларни яқиндан кузатган мутахассислар ана шундай якдил фикрга келишди.
...Соат 18:00. “Ташаббус — 2014” республика кўрик-танлови ғолибларини аниқлаш ва тантанали тақдирлаш маросими бошланди. Сухандонлар танловнинг якуний босқичи иштирокчилари номларини эълон қила бошлайди. Саҳнага Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган дастлабки босқичларда сараланиб, энг илғор, деб топилган 41 нафар иштирокчи чиқиб келади. Улар гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди. Юртимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилиб, барчага ибрат намунасини кўрсатаётган ушбу тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Зеро, ўн мингга яқин даъвогарлар орасидан иқтисодий ютуқлари билан танловнинг якуний босқичига етиб келишнинг ўзи олий шараф, юксак баҳодир. Айтиш жоизки, мамлакатимиз тадбиркорлари томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар сифатининг юқорилиги, дизайни ва қадоқланиши жиҳатидан хорижники билан бемалол рақобатлаша олади. Танловнинг якуний босқичига йўлланмани қўлга киритган тадбиркорларнинг аксарияти аллақачон       ташқи бозорга чиқишга муваффақ бўлиб, катта ҳажмда экспорт амалиётларини бажариб келаётир. Мисол учун, Андижон вилоятидаги “Сезгин плюс”, Жиззах вилоятидаги “Jizzax-Тоshtepa Tеkstil”, Наманган вилоятидаги “Ифтихор кийим саноат”, Самарқанд вилоятидаги “Амин Инвест Интернейшнл”, Сирдарё вилоятидаги “Sirdaryo-Меgа-Luks”, Тошкент вилоятидаги “Ezoza Business Group” масъулияти чекланган жамиятлари ташқи бозордаги ўрнини йил сайин мустаҳкамлаб бораяпти. Шубҳасиз, бу каби экспортчи корхоналарнинг сафи кенгайишида давлатимиз раҳбари томонидан 2013 йил 8 августда имзоланган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Шу маънода, бу йилдан эътиборан танловга “Энг яхши экспортчи” қўшимча номинацияси киритилгани шундай ишбилармонларни рағбатлантиришда айни муддо бўлди. Тадбирда қайд этилганидек, қишлоққа саноатни олиб кириш, маҳаллаларни ободонлаштириш, ҳудудлар қиёфасини замонавийлаштиришда фермерларнинг роли тобора юксалиб бораётир. Бундай натижага эришишда фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш, соҳанинг ҳуқуқий асос ҳамда кафолатларини яратиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ер майдонларини мақбуллаштириш борасида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар муҳим омил бўлди. Пировардида бугунги фермерлар қишлоқ хўжалигининг фақат деҳқончилик ёки чорвачилик тармоқлари билангина чегараланиб қолгани йўқ. Улар Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, янгидан-янги йўналишларга қўл ураяптики, бундан эл-юрт катта наф кўраётир.Мамлакатимиз ҳунармандлари эришаётган ютуқлар ҳам бундан асло кам эмас. Уларнинг эмин-эркин меҳнат қилишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилгани тинмай изланиб, ҳунармандчиликнинг халқимизга хос бўлган ноёб турларини қайта тиклашда катта рағбат бўлаяпти. Қўл меҳнати билан яратилаётган турфа хилдаги буюмлар эса жаҳоннинг кўплаб давлатларидаги санъат ихлосмандларининг шахсий коллекциялари дурдоналарига айланмоқда. Зеро, “Ташаббус” ҳунармандларни янгилик яратишга, завқланиб ижод қилишга ундаётир. Ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Нафақат танлов иштирокчилари, балки муҳташам саройга йиғилган кенг жамоатчилик вакиллари интиқлик билан кутган онлар тобора яқинлашмоқда. Бу гал Президент совринлари — Асакадаги автомобиль заводида ишлаб чиқарилган 3 та “Spark” автомашинаси кимларга насиб қилар экан?!Анъанага мувофиқ, “Ташаббус — 2014” республика кўрик-танлови ғолиблари учта асосий, шунингдек, бир қатор қўшимча номинациялар бўйича аниқланди. Ва ниҳоят, ҳакамлар ҳайъатининг тугал хулосаси — ғолиблар номи эълон қилинди. Улар гулдурос қарсаклар остида саҳнага чиқади.
“Ташаббус — 2014” республика кўрик-танловида Наманган шаҳридаги “Ифтихор кийим саноат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Анна Добрих “Энг яхши тадбиркор”, Боёвут туманидаги “Аҳмадий” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Кенжаев “Энг яхши фермер”, андижонлик уста ҳунарманд Абдумалик Мадраимов “Энг яхши ҳунарманд” деган номга лойиқ топилди. Уларга олтин медаль, махсус диплом, Президент совғаси — “Spark” автомашиналарининг калити топширилди.
— Президент соврини мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган минглаб тадбиркорлар ичидан менга насиб этгани, уни, айниқса, Соғлом бола йилида қўлга киритганим ҳаётимдаги унутилмас воқеа бўлди, — дейди “Энг яхши тадбиркор” йўналишида биринчи ўрин соҳибаси Анна Добрих. — Шундай юксак эътирофга ҳар доим муносиб бўлишга, билдирилган ишончни тадбиркорлик фаолиятимизни янада ривожлантириб, меҳнат муваффақиятларимиз билан оқлашга, иқтисодиётимиз ривожи, экспорт кўрсаткичлари яхшиланишига, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишга бор куч-ғайратимни бағишлайман. Асосий йўналишлар бўйича иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритган тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар диплом, пул мукофоти ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, “Энг ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Менинг юртим — менинг ифтихорим” сингари қўшимча номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланиб, рағбатлантирилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов иштирок этди.

Саид РАҲМОНОВ, «Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn