Ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорлик гарови
  • 10 Апрель 2014

Ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорлик гарови

Кеча пойтахтимиздаги “Кўргазмасавдо маркази” мажмуида банк хизматлари, ускуналари ва технологиялари VII йиллик “BankExpo — 2014” миллий кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ўзбекистон банклар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Кўргазмада мамлакатимизнинг барча тижорат банклари, йирик суғурта, лизинг ва инвестиция компаниялари ўзларининг энг янги технология ва хизматларини намойиш этишмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимиз молия-банк тизимида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ушбу соҳада улкан ижобий ўзгаришлар юз бермоқда.
Айниқса, кейинги йилларда эришилган молиявий барқарорлик ва юқори ўсиш суръатлари халқаро нуфузли ташкилотлар томонидан юксак баҳоларга сазовор бўлаётгани эътиборга лойиқдир. Ўтган йили тижорат банкларининг жами капитали 25 фоиз кўпайиб, айни пайтда молия муассасалари капиталининг етарлилик даражаси 24,3 фоизни ташкил этаётгани, бу эса банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз этиб белгиланган талабдан уч баробар кўплиги ана шундан далолат беради.
Сўнгги пайтларда банк хизматларидан фойдаланиш даражаси ҳам ўсиб бораётгани, айниқса, диққатга сазовор. Хусусан, юртимизда ҳар юз минг катта ёшдаги аҳолига 49,7 та банк муассасаси тўғри келаётгани, ҳар минг киши номига 1 минг 28 та банк ҳисобрақами очилгани халқаро нормалар бўйича “юқори” деган баҳо кўрсаткичига мос келади.
Кўргазмада тижорат банкларининг мижозларни кредитлаш шартлари, хизмат кўрсатиш тартиблари кенг тарғиб қилиниб, уларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражаси, қисқача айтганда, мижозлар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини инобатга олсак, бу борадаги ишлар янада жадаллашиши аниқ.  Айтайлик, очиқ акциядорлик тижорат “Алоқабанк” томонидан таклиф этилаётган “Мойбанк” хизмати фойдаланувчиларга бир қанча қулайликлар яратади. Жорий йил бошидан амалиётга татбиқ этилган мазкур хизмат ёрдамида мижоз ўз телефони воситасида ҳисобидаги пул маблағларини бошқариш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, у орқали ҳеч қандай комиссия ҳақисиз коммунал, телефон, интернет ва бошқа тўловларни амалга ошириш мумкин. Айни пайтда бу тизим мижозларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, янада такомиллаштирилмоқда.
— Мамлакатимизда кредитлар ажратиш тартиб-қоидалари  ва шартларининг йилдан-йилга соддалаштирилаётгани аҳоли билан иш жараёнини яхшилашда айни муддао бўлмоқда, — дейди “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банкининг Ипотека ва истеъмол кредитлари бошқармаси бош мутахассиси Азамат Музаффаров. — Масалан, жорий йилдан эътиборан кредитлар Марказий банк томонидан белгиланган ставка асосида имтиёзли
фоизларда тақдим этилаяпти. Ўтган уч ой давомида банкимиз томонидан биргина ёш оила ва аёлларга маиший техника ҳамда уй жиҳозлари сотиб олишлари учун 2 миллиард сўмликдан зиёд сармоя ажратилди. Кўргазмада иштирокчиларга ана шундай қулай шартли кредитларимизнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот бераяпмиз.
— Албатта, бугунги жадал ривожланаётган даврни замонавий ахборот технологияларисиз тасаввур этиш мушкул, — дейди “Ҳамкорбанк” очиқ акциядорлик тижорат банкининг Маркетинг бошқармаси етакчи мутахассиси Шамшодбек ўозиев. — Шундан келиб чиқиб, биз мижозларга энг илғор технологиялар ёрдамида хизмат кўрсатишга интилаяпмиз. Буни, аввало, мижозлар учун ўзига хос  маълумотлар базаси ҳисобланган сенсорли табло мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Чунки ундан банкимизга ташриф буюрган ҳар бир мижоз мустақил равишда, банк ходимига мурожаат қилмай, банкимиз филиаллари манзили, телефон рақамлари, кўрсатилаётган хизматлар, омонатлар шартлари, кредит олиш тартиб-қоидалари сингари ўзини қизиқтирган саволларга жавоб излаши мумкин. 
Кўргазмада бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари вакилларини қўллаб-қувватлашда банклар билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Ҳунарманд” уюшмаси каби ташкилотлар ҳам фаол иштирок этаяптики, бу ҳам ишбилармонлар, айниқса, ёш мутахассислар учун келгусида ўз бизнесини йўлга қўйиб олишларида ёрдам бериши, шубҳасиз. 
“Соғлом бола йили” Давлат дастури ва Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида илгари сурилган вазифалар ижросини таъминлаш жорий йилги тадбирнинг асосий йўналиши бўлиб, таълим муассасаларининг тадбиркорликни бошлаш истагидаги битирувчиларига бу борада яратилган имкониятлар хусусида батафсил маълумот берилмоқда.
Кўргазмада, шунингдек, банк ходимлари ва олимлар иштирокида “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонуннинг мазмуни, аҳамияти ва талаблари” ҳамда “Электрон тижоратни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари: “Электрон тижорат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири” мавзуида давра суҳбатлари, тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилади.
Бундан ташқари, чекка ва аҳоли зич жойлашган туманларда фаолият юритаётган кичик бизнес вакиллари, ишлаб чиқариш корхоналари, деҳқон ва фермер хўжаликлари, ёш тадбиркорларнинг бандликни таъминлашга хизмат қилувчи лойиҳалари бўйича ўтказилган танловлар ғолибларига молия муассасаларидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи 200 дан зиёд сертификат топширилади.
Банк хизматлари, ускуналари ва технологиялари VII йиллик “BankExpo — 2014” Миллий кўргазмаси фаолияти бугун ҳам давом этади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn