«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Сингапурни Марказий Осиё билан боғлади
  • 10 Апрель 2014

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Сингапурни Марказий Осиё билан боғлади

Бутун дунё бўйлаб шаҳарларни ва халқларни бир-бирига боғлаётган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси “Тошкент — Сингапур” йўналишида мунтазам ҳаво қатновини очди.

— Янги ҳаво қатновининг очилгани Сингапур ва “Changi” аэропорти учун жуда муҳим воқеа ҳисобланади, — деди Сингапурдаги “Changi” аэропорти раҳбари Ли Сью Иянг. — Чунки у Сингапур ва Марказий Осиё ўртасида ҳаво кўпригини ҳосил қилгани ҳолда, бизнес ва сайёҳлик учун янги имкониятларни яратди. Тобора ўсаётган саноатлаштириш жараёни натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Марказий Осиёда энг тез ривож топаётган мамлакат ҳисобланади. 2006 йилдан бери юртингиз ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръатлари Европа ва Марказий Осиёдаги бошқа ривожланаётган бозорларга нисбатан юқори кўрсаткичларни намоён қилмоқда. Ҳаво транспорти халқаро ассоциацияси томонидан яқинда эълон қилинган маълумотларда ҳам қайд этилишича, Ўзбекистон ўзининг барқарор иқтисодий ривожланиши боис 2017 йилга бориб, халқаро авиайўловчи ташиш ҳажми бўйича дунёдаги энг тез ўсувчан бозорлардан бирига айланади.
Ишончимиз комилки, Сингапур ва Тошкент ўртасида янги авиақатновнинг очилиши нафақат икки мамлакат иқтисодий алоқаларининг мустаҳкамланишига, шу билан бирга, Осиё-Тинч океани минтақаси ва Марказий Осиё ўртасидаги йўловчи қатновлари кўламининг янада кенгайишига ҳам кўмаклашади.
Сингапурнинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Зулкифли Бахарудин икки давлат ўртасида янги авиайўналиш очилишининг аҳамияти ҳақида фикр билдираркан, бу икки томонлама муносабатларнинг барча қирраларини янада ривожлантиришга катта туртки бериши муқаррар эканлигини қайд этди.
— Бой тарих ва маданият, улуғвор меъморчилик, гўзал иқлим, турфа ва тансиқ ўзбек таомлари кўп миллатли Сингапур аҳолисида катта қизиқиш уйғотишига шубҳа йўқ, — деди у. — Мамлакатимиздаги ҳар бир этник гуруҳ, у хоҳ малай, хоҳ хитой, хоҳ ҳинд гуруҳи бўлсин, Ўзбекистонда исталган неъматни топади ва унда ўзи учун бетакрор янги дунёни кашф қилади.
Янги ҳаво қатновининг очилиши муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда тадбир иштирокчиларига “Шодлик” ашула ва рақс ансамбли санъаткорларининг ўзбек миллий қўшиқ ҳамда рақсларидан иборат маданий дастур намойиш этилди. Улар, шунингдек, ўзбек амалий санъати усталарининг ижодий ишлари ҳамда республикамиздаги салобатли меъморий ёдгорликларни акс эттирган суратлар кўргазмаси билан ҳам яқиндан танишдилар.
Юртимиз сайёҳлик салоҳияти, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг кенг қамровли йўловчи ташиш имкониятлари ва унинг замонавий ҳаво лайнерлари тармоғи ҳақидаги ҳужжатли лавҳалар ҳам тантанали маросим қатнашчиларида улкан қизиқиш уйғотди.

«Жаҳон» АА.
Сингапур

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn