Инновацион технологиялар ва илмий ишланмалар
  • 10 Апрель 2014

Инновацион технологиялар ва илмий ишланмалар

иқтисодиётимиз ривожига хизмат қилмоқда

Бугун ҳеч бир соҳа ривожини илм-фан ютуқларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини янада такомиллаштириш, ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни кенг жорий этиш юқори ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Шу боис мамлакатимизда мазкур соҳада илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчи олимлар, хусусан, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фарғонада Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган илмий-амалий анжуманда шу ҳақда сўз борди. “Иқтисодиётимизнинг ривожланишида янги инновацион технологияларнинг ўрни”мавзуидаги мазкур тадбирда вилоятдаги олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган, ижодий жамоаларда меҳнат қилаётган 100 нафарга яқин ёшлар илмий изланишлари билан қатнашди.
Анжуманда ўтган йили вилоятдаги олий ўқув юртлари иқтидорли талабаларининг мингдан зиёд фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқот ишлари чоп этилгани, уларнинг 30 дан зиёди бевосита иқтисодиёт тармоқлари ривожига қаратилгани ҳамда мазкур ишланмалар республика инновацион ярмаркалари, кўргазмаларида          кенг намойиш қилингани алоҳида қайд этиб ўтилди.
— Тадбирда “Сут маҳсулотларининг модернизацияланган технологияси ҳамда сут маҳсулотларининг кимёвий таркиби бўйича сертификатлаштириш муаммоларини татбиқ қилиш” мавзуидаги илмий ишим билан қатнашдим, — дейди Фарғона политехника институти магистри Шаҳло Домуллажонова. — Тадқиқотларим тадбир қатнашчилари, жумладан, тадбиркор ва  фермерларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Анжуманда, шунингдек, ёшларнинг бундай истиқболли лойиҳаларини амалиётга кенг жорий этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ҳам билдирилди.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn