Экспорт ҳажмини ошириш — устувор мақсад
  • 05 Апрель 2014

Экспорт ҳажмини ошириш — устувор мақсад

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, улар томонидан жаҳон бозорида рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда экспортга чиқаришда молиявий, ҳуқуқий ва ташкилий ёрдам кўрсатиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни шу мақсадга қаратилган бўлиб, унга мувофиқ Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарманинг Қашқадарё вилояти филиалида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотни экспорт қилиш учун мавжуд имкониятларни аниқлаш мақсадида ташқи бозорлар чуқур ўрганилмоқда. Бугунги кунга қадар 16 га яқин мамлакатларнинг умумий қиймати 850 минг АҚШ долларига тенг 18 турдаги маҳсулот ва умумий қиймати 2 млн. АҚШ долларига тенг хизмат гуруҳлари (кимё, машинасозлик, озиқ-овқат, мебель, тўқимачилик саноати, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ахборот технология жиҳозлари ҳамда туристик ахборот технологиялари, қурилиш ишлари хизматлари ва бошқалар) бўйича импорт эҳтиёжлари мавжудлиги ўрганиб чиқилди.2014 йилда Жамғарма филиали томонидан 10 дан ортиқ хорижий кўргазма ва ярмаркаларда маҳаллий тадбиркорлик субъектлари иштирокини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, филиал ташаббуси билан жорий йилда тадбиркорларнинг малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистон банклари ассоциацияси билан биргаликда хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда семинар ва тренинглар ташкил қилиш режалаштирилган.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт амалиётларини бажариши учун зарур ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатилаётгани тезда ўз самарасини берди. Хусусан, филиал кўмагида 2014 йил январь ойида Қамаши туманидаги “Муродали Фарм текстиль” хусусий корхонаси 635 минг АҚШ доллари миқдоридаги экспорт шартномасини рўйхатдан ўтказишга муваффақ бўлди. Шу йилнинг биринчи чорагида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг жами 1,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги экспорт шартномаларини имзолаш, тегишли ташкилотлардан маҳсулотга хулосалар олишда ва тузилган экспорт шартномаларини банкларга рўйхатга қўйишда амалий ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган. Жамғарма ташкил этилгандан буён филиал томонидан 20 нафар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларга ҳуқуқий ҳамда консультатив хизмат кўрсатиш натижасида 1,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги экспорт шартномаларини банкларга рўйхатга қўйишда амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада 1 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларнинг МДҲ мамлакатларига экспорт қилинишига эришилди. Шунингдек, вилоятдаги “Қашқадарё асали” уюшмаси, “Жейнов кўзгуси” хусусий корхонаси, “Вуд декор” масъулияти чекланган жамиятида 1,2 млн. АҚШ доллари миқдорида экспорт шартномалари имзоланиши режалаштирилди.“Қашқадарё асали” уюшмасига бир тонна асални, Қарши шаҳридаги “Жейнов кўзгуси” хусусий фирмасига 14 минг банка томат пастасини, Шаҳрисабз туманидаги “Камалак” фермер хўжалигига эса кунжут, наъматак ва анорни экспортга чиқариш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда.   Мазкур Жамғарманинг ташкил этилиши мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.


Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Кичик бизнес ва
хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси
Қашқадарё вилояти филиали директори. 
дўстлик фестивали

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn