Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотлари хорижликларни мафтун этди
  • 20 Апрель 2016

Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотлари хорижликларни мафтун этди

Яқинда Латвиянинг Рига шаҳрида “Baltic Fashion & Textile Riga — 2016” XXI халқаро тўқимачилик саноати кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 17 мамлакатидан 200 дан зиёд компаниялар, шу жумладан, юртимиз вакиллари ҳам иштирок этди.

Мазкур нуфузли халқаро тадбирда кенг турдаги тўқимачилик маҳсулотлари, кундалик ва иш кийимлари, саноат ускуналари ҳамда эҳтиёт қисмлар намойиш қилинди.

Ўзбекистон миллий экспозициясидан ўрин олган йигирилган олий навли ип, юқори сифатли газламалар ва тайёр кийим-кечаклар ташриф буюрувчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Шунингдек, қатнашчилар мамлакатимизда тўқимачилик саноатининг барқарор ривожланиши, икат матоларининг яратилиш тарихи, машҳур ўзбек ипаги ҳамда замонавий дизайнерлик намуналари билан ҳам яқиндан танишдилар.

Модалар намойишини ўз ичига олган мазкур тадбирда ўзбек миллий ва замонавий либослари тўплами “Мафтун” номи остида тақдим этилди.

Бундан ташқари, кўргазма доирасида “Мода ҳамда дизайн: мода саноати, тенденция-лари ва унинг ҳаракатлантирувчи кучи” мавзуида халқаро семинар ўтказилиб, унда мезбонлардан ташқари Буюк Британия, Италия, Литва, Ўзбекистон ҳамда Франциядан келган мутахассислар ҳам соҳа бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари таъкидлаганидек, республикамизда тўқимачилик саноати миллий иқтисодиётнинг стратегик муҳим тармоқларидан бири сифатида жадал ривожланмоқда. Натижада юртимиз дунё миқёсида табиий тўқимачилик матолари, пахта-қоғоз маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиларидан бирига айланаётир.

Семинарда мамлакатимизда хорижий сармоядорлар учун яратилган имтиёз ва афзалликлар, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, пахта толасини қайта ишлаш саноати, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Ангрен” ҳамда “Жиззах” махсус индустриал зоналарининг имкониятлари хусусида батафсил маълумот берилди.

Кўргазма доирасида уюштирилган тадбирлар якуни бўйича Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини Европа давлатларига етказиб бериш тўғрисида келишувга эришилди.

Иштирокчилар Ўзбекистоннинг миллий экспозициясидаги ишлаб чиқаришга мўлжалланган йигирилган ипдан тортиб, кийим тикиш учун тайёр матолар, жумладан, ипак ва пахта ҳамда жун аралашган нимшойи газламаларга қадар кенг кўламдаги тўқимачилик маҳсулотлари ўзларини мафтун этганини эътироф этдилар.

Анатолий БУТЕНКО, Дипломатик иқтисодий клуб котиби:

— Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотлари бу гал ҳам ўтган йиллардаги каби мутахассислару харидорларда катта қизиқиш уйғотди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ўзбек газламалари тўлиқ пахтадан тайёрланган. Бундай тоза ҳамда асл маҳсулот Европада жуда кам учрайди. Кўргазма чоғида намойиш этилган миллий ўзига хослик ва ранг-баранглик ҳам мени ҳайратда қолдирди.

Иржи РЕЙЛ, “CzechTrade” агентлигининг Болтиқбўйи минтақаси бўйича вакили:

— Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати, тури ҳамда дизайни йилдан-йилга ошиб бормоқда. Кўргазма доирасида намойиш қилинган замонавий ва -миллий либослар тўплами бунга яққол мисол бўла олади. Ўйлайманки, газламалардаги миллий безаклар европалик харидорлар дидига мос келади.

 

«Жаҳон» АА.

Рига

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn