Нефть-газ саноатида яна бир йирик лойиҳа
  • 20 Апрель 2016

Нефть-газ саноатида яна бир йирик лойиҳа

Мамлакатимизда Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига киришилди. “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси тизимидаги мазкур янги завод саноатимиз салоҳиятини юксалтириш, экспорт ҳажмини оширишга хизмат қиладиган муҳим объект бўлиши кутилаяпти.

Маълумки, Ўзбекистон иқтисодиётининг локомотивларидан бирига айланган нефть-газ саноати кейинги йилларда жадал суръатларда ривожланмоқда. Ҳозирги кунда жаҳон нефть-газ жабҳасида юз бераётган мураккаб жараёнларга қарамасдан, юртимиз углеводородлар бозорида эгаллаб турган мавқеини тобора мустаҳкамлаб бораётгани шундай дейишимизга тўла асос бўла олади. Шубҳасиз, қўлга киритилаётган ушбу ютуқлар замирида Президентимиз ташаббуси билан соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, қулай инвестициявий муҳит яратилгани, бунинг самараси ўлароқ, кўплаб замонавий мажмуа ва йирик корхоналар фойдаланишга топширилаётгани мужассамдир. 

Дарҳақиқат, мамлакатитимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар заминимиз қаъридаги табиий бойликларни халқ фаровонлиги йўлида ўзлаштириш, уни чуқур қайта ишлаш, маҳсулот ишлаб чиқаришни диверсификациялаш имконини бермоқда. Натижада бирламчи ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган ички эҳтиёж тўлиқ таъминланиши баробарида, экспорт ҳажми мунтазам равишда оширилаяпти. 

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 4 мартдаги “2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармони бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўламини янада кенгайтириб, сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. 

Гап шундаки, мазкур ҳужжатга мувофиқ, жорий йилда углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлашга йўналтирилган ўн битта, 2017 йилда бешта, 2018 йилда тўққизта, 2019 йилда ўн тўртта ва 2019 йилдан сўнг яна ўн битта лойиҳа рўёбга чиқарилади. Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси улар орасидаги энг йирик заводлардан биридир.

Бухоро вилояти ҳудудидаги мазкур мажмуа “Лукойл” компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилаяпти. Унинг тамал тоши қўйилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда сўзга чиққанлар алоҳида таъкидлаганидек, “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси тизимида ҳар йили кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани мамлакатимизнинг нефть-газ саноати салоҳиятини юксалтириш, иқтисодиётимиз рақобатдошлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қурилиши бошланган янги корхона эса табиий газ ва газ конденсатини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини янада кўпайтириш ва уларнинг турини кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Айтиш жоизки, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси “Қандим — Хаузак — Шоди” лойиҳаси доирасида қурилаяпти. У тўлиқ фойдаланишга топширилгач, Қандим конлари гуруҳидаги олтита — Қандим, Қувачи-Олот, Оққум, Парсанкўл, Ҳожи ва ўарбий Ҳожи газ-конденсат конларини ўзлаштириш, рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини кескин кўпайтириш учун кенг йўл очилади.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 сентябрдаги “Газни қайта ишлаш заводи комплексини қуриш ва Қандим конлари гуруҳини ободонлаштириш” лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини тасдиқлаш тўғрисида (биринчи босқич)”ги қарорига асосан, лойиҳа уч босқичда амалга оширилади. Хусусан, 2018 йилгача бўлган даврни қамраб олган дастлабки босқични рўёбга чиқариш учун жами 3,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган. Шунинг ҳисобига газни қазиб олиш ва чиқариш тизими, икки технологик линиядан иборат газни қайта ишлаш мажмуаси, маҳсулотни юклаб жўнатиш терминаллари, шу жумладан, магистрал газ қувури орқали табиий газни экспорт қилиш терминаллари ишга туширилади. 

— Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси компаниямизнинг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳаларидан бири ҳисобланади, — дейди “Лукойл” компанияси президенти Вагит Алекперов. — Уни бунёд этиш учун энг малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда, замонавий технологиялар ҳамда юқори унумли махсус машина ва механизмлар кучидан оқилона фойдаланилаяпти. Қурилиш ишлари эса Корея Республикасининг “Нyundai Engineering Со., Ltd.” компанияси томонидан олиб борилаяпти. Мазкур йирик объект фойдаланишга топширилгандан сўнг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда уни экспорт қилиш ҳажми кескин ошади. 

Аниқроғи, заводнинг илк босқичи ишга туширилгач, йилига 8,1 миллиард куб метр тозаланган табиий газ қайта ишланишидан ташқари, катта ҳажмда барқарор газ конденсати ва қумоқланган олтингугурт тайёрлаш учун сероводородли газ қайта ишлана бошланишини ҳисобга олсак, унинг нечоғли улкан лойиҳа эканлиги яққол аён бўлади.  

Соҳа мутахассисларининг қайд этишича, заводга олтита газ қазиб чиқариш майдончаси ва иккита йиғиш пунктига бирлаштирилган 114 та қудуқдан хом ашё келтирилади. Шу боис айни чоғда қудуқларни жиҳозлаш, махсус майдон, йиғиш пункти барпо қилиш ишлари қизғин давом эттирилмоқда. Булар поёнига етгач, улкан завод 2 минг нафар ишчи-ходимни ўз бағрига олади. У тўла қувват билан фаолият юрита бошлагач эса, ишчилар сони 7 минг нафарга етиши мўлжалланмоқда.  

Чўл бағрида бунёд қилинаётган замонавий корхонани ташқи коммуникация тармоқларига улаш масаласи ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Жумладан, мажмуани электр энергия билан таъминлаш мақсадида учта юқори вольтли электр узатиш линиясини тортиш, 55 километр узунликдаги темир йўлни ётқизиш, 53 километрлик гидротехник иншоотни қуриш, автомобиль йўлларини барпо этиш, шунингдек, ишчилар шаҳарчасини қуриш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Шу мақсадда “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятларининг мутахассислари жалб қилинган. 

Эътироф этиш лозимки, юртимизда мавжуд қувватларни изчил модернизациялаш, замонавий объектларни барпо қилиш, янги конларни ўзлаштириш жараёнига илғор ва тежамкор технологияларни татбиқ этишга устувор вазифа сифатида жиддий эътибор қаратилмоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан биргина нефть-газ саноатида рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳалар туфайли 2030 йилга қадар соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 3,2 баробар ортиши кутилаяпти. Бунга Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси салмоқли улуш қўшиши, шубҳасиз.

Қандим — чўл шароитига мослашган ўсимлик тури. У ўсган жойда кичик микроиқлим ҳосил қилган ҳолда, бошқа наботот намуналарининг кўпайишига қулай шароит яратади. Шу маънода, бугун қурилиши бошланган улкан завод ҳам нефть-газ саноати равнақида янги уфқларни очиб, барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш, пировардида аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш бўйича белгилаб олинган устувор вазифалар ижросига хизмат қилиши муқаррардир.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев сўзга чиқди. 

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn