Электрон савдо майдончаси
  • 20 Апрель 2016

Электрон савдо майдончаси

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади

Пойтахтимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари учун электрон савдо майдончасини ривожлантириш масаласига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “Teclot” хорижий корхонаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Марказий Осиёда минтақавий савдони қўллаб-қувватлаш” дастури кўмагида ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, хусусан, унинг сабзавотчилик ва боғдорчилик тармоқлари бўйича кўп асрлик бой тажрибага эга мамлакатдир. Қолаверса, қулай табиий ҳамда тупроқ-иқлим шароити мавжудлиги туфайли дунёдаги энг мазали ва энг фойдали мева-сабзавотлар бизнинг ўлкамизда етиштирилади. 

Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, заминимиз неъматлари бебаҳо истеъмол хусусиятлари, яъни таркибида табиий шакар, амино ҳамда органик кислоталар, саломатлик учун муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан турдошларига нисбатан устун туради. Шу боис боғ ҳамда дала неъматларимизга хорижда ҳам талаб ниҳоятда катта. Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 80 та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилаётгани, айниқса, ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ҳамда бошқа кўплаб мева ва сабзавотлар етказиб бериш бўйича жаҳондаги ўнта етакчи давлат қаторидан жой олгани бунинг яққол тасдиғидир.

Президентимизнинг шу йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми саналади. Унинг изчил ижроси бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, албатта, экспорт жуғрофиясини янада кенгайтириш имконини беради. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва “Teclot” хорижий корхонаси ҳамкорлигида яратилган www.agrosel.uz электрон савдо майдончаси айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.  

Ушбу электрон савдо майдончаси республикамиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун мўлжалланган бўлиб, у интернет орқали маҳсулот ёки хизматлар савдосини автоматлаштиришга қаратилган. Чунки савдо-сотиқ ишлари, таклифлар, харидорлар ҳамда етказиб берувчиларни танлаш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. 

Тадбирда янги ресурснинг шу каби афзалликлари, ундан фойдаланиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорга кенгроқ олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу жараёнда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳақида тушунтиришлар берилди. Бу фермер хўжаликлари, мева-сабзавот етиштириш ҳамда уни қайта ишлашга ихтисослаштирилган кичик корхоналар раҳбарлари учун айни муддао бўлди. 

 

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn