Маркетинг ва реклама ҳафталиги
  • 20 Апрель 2016

Маркетинг ва реклама ҳафталиги

Кеча пойтахтимизда “ADWEEK.UZ — Маркетинг ва реклама ҳафталиги” ўз ишини бошлади.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот, “Ўзстандарт” агентликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилди. 

Реклама, маркетинг, дизайн, медиа ва бошқа тегишли соҳалар мутахассислари илк маротаба бир жойга жамланадиган ушбу ҳафталик давомида нафақат ўзаро тажриба ёки фикр алмашилади, балки бир қатор йирик тадбирлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Масалан, Давлат рақобат қўмитасининг Реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Дилшод Азимовнинг айтишича, тадбир асносида уюштириладиган “USENET” конференциясида маҳаллий мутахассислар қаторида хорижий экспертлар ҳам иштирок этса, “ADFORUM — 2016”  кўргазмасида мамлакатимизда фаолият юритаётган “Usso Design”, “Paradigma Print”, “Media City”, “Ishonch”, “Ruhsana” сингари етакчи компаниялар ўз маҳсулот ҳамда -хизматларини кенг омма эътиборига ҳавола қилади. 

Шу билан бирга, ҳафталикнинг муҳим йўналишларидан бўлмиш “Йилнинг энг яхши бренди” танловида 52 та компания томонидан 60 дан ортиқ савдо маркалари намойиш этилиши баробарида, “Энг яхши реклама лойиҳаси”да 23 та дизайн-студия 100 дан зиёд -ишларини тақдим қилади. Ушбу ишланмаларнинг маълум қисми ёшларга тегишли эканлиги, айниқса, диққатга сазовордир. 

Ҳафталикда, шунингдек,  хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида реклама бозори ҳамда маркетинг соҳасига оид мастер-класс ва семинарлар ўтказилиши мўлжалланаётгани унинг янада самарали кечишидан далолат беради. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn