Изчил ислоҳотлар муваффақияти
  • 03 Апрель 2014

Изчил ислоҳотлар муваффақияти

кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида иш бошлаган “WorldFood Uzbekistan — 2014” ва “AgroWorld Uzbekistan — 2014” озиқ-овқат саноати ҳамда қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмаларида яққол намоён бўлмоқда

Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, “Ўзулгуржисавдоинвест”, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмалари ҳамда “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилди. 
Унда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қаторида Австрия, Бельгия, Беларусь, Болгария, Германия, Испания, Италия, Қозоғистон, Хитой, Корея Республикаси, Латвия, Малайзия, Руминия, Польша, Покистон сингари 20 дан зиёд мамлакатнинг 150 дан ортиқ компанияси қатнашмоқда. Улар томонидан тақдим қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, қайта ишлаш технологиялари, қадоқлаш ускуналари, экинларни турли зараркунанда ва ҳашаротлардан ҳимоялаш воситалари, ветеринария хизматлари, минерал қўшилмалар, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда бошқа экспонатлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Барчага аёнки, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишда олиб борилаётган ишлар амалда ўз самарасини бермоқда.  Хусусан, ерларнинг фермерлар ихтиёрига берилиши ғалла, пахта ва бошқа экинлар ҳосилдорлигини ошириш баробарида, етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш имкониятини ҳам янада кенгайтирди. Ўтган йили республикамизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,8 фоиз ўсиб, қишлоқ мулкдорлари томонидан 3 миллион 360 минг тонна пахта хом ашёси, 7,8 миллион тонна ғалла ва 8,4 миллион тонна сабзавот маҳсулотлари йиғиштириб олингани бунга яққол мисол бўлади. Ҳозирги кунда кўп тармоқли фермер хўжаликлари сафи кенгайиб, уларда қайта ишланаётган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда сотилаётгани, айниқса,  қувонарлидир. 
Озиқ-овқат саноати ҳамда қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмалари эса ўзаро тажриба алмашиш ва тармоққа илғор технологияларни жалб қилиш    орқали ушбу йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши,  шубҳасиз. Чунки бу ерда таклиф этилаётган ҳар бир ускуна ёки маҳсулот бугунги давр талабларига тўлиқ жавоб беради.
Масалан, Италиянинг экин майдонларида ўқариқ олиш ва боғ ораларига ишлов бериш техникаларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Cosmeco S. R. L.” компанияси илк бор кўргазмада қатнашмоқда. Унинг ижрочи директори Константино Россининг айтишича, айни пайтда бу ерда тайёрланаётган илғор ускуналар дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларига етказиб берилмоқда. Халқаро тадбир эса Ўзбекистонда янги ҳамкорлар топиш учун қулай имкониятдир.
Шунингдек, кўргазмада Италиянинг “Bertoli” ва “Rovani”, Болгариянинг “Index-6” ва “Remin”, Хитойнинг “Shanghai Triowin Automation Machinery Co. Ltd” сингари компанияларининг қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатининг энг илғор ускуналари кенг намойиш қилинаётган бўлса, юртимизда фаолият юритаётган “Mega Luks”, “Anis Poligraf” сингари корхоналар ўзларининг қадоқлаш маҳсулотларини таклиф қилмоқда.  
— Бизнинг ускуналар, хусусан, кичик бизнес субъектлари ва ишбилармон фермерлар учун жуда қўл келади, — дейди Хитойнинг “Shantou Bo Chuan Machinery Co. Ltd” компанияси вакили Янг Хиан Шенг. — Негаки, улар ихчам ва тежамкор бўлиб, қандолат ҳамда сут маҳсулотларининг турига қараб, ҳар дақиқада 80-90 тагача қадоқлаш мумкин. Қолаверса, уни ишлатиш осон, ортиқча куч ва харажатни талаб этмайди.  
Дарҳақиқат, “WorldFood Uzbekistan — 2014” ва “AgroWorld Uzbekistan — 2014” озиқ-овқат  саноати ҳамда қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмалари  қишлоқ мулкдорлари учун жуда фойдалидир. Тадбир давомида “Фермерлар куни” ташкил этилиб, унда республикамизнинг барча ҳудудларидан икки мингга яқин мулкдорлар қатнашиши режалаштирилаётгани уларнинг ўзаро тажриба алмашиш, ўз фаолиятида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишига ёрдам бериши турган гап.  
Халқаро кўргазмалар жорий йилнинг 4 апрелигача давом этади. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn