Она заминимиз неъматлари жаҳон бозорида ҳам харидоргир
  • 27 Февраль 2016

Она заминимиз неъматлари жаҳон бозорида ҳам харидоргир

Фарғонада “Фарғона водийсининг мева-сабзавотчилик тармоғи: экспорт салоҳияти” мавзуида халқаро бизнес-форум бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг минтақавий иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Германия, Беларусь Республикаси, Латвия, Литва каби давлатларнинг йирик савдо ташкилотлари, транспорт ва логистика хизматлари кўрсатувчи фирма ҳамда компаниялари, шунингдек, мазкур йўналишда фаолият юритаётган маҳаллий корхоналар қатнашди.

Икки кун давомида хорижлик меҳмонларга юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда уни қайта ишлаш борасидаги имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди. 

Бизнес-форум доирасида вилоят Тадбиркорлар марказида боғдорчилик ва сабзавотчилик соҳасига ихтисослаштирилган агрофирмалар, фермер хўжаликлари, -деҳқон бозорлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан уюштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ҳам бу борадаги ҳаётбахш ислоҳотлар самарасини яққол намоён этди.

— Дунёнинг нуфузли халқаро кўргазмаларида заминимизда етиштирилган мева-сабзавотлар юксак эътирофга сазовор бўлаяпти, — дейди Учкўприк туманидаги шифобахш гиёҳ ва чойлар ишлаб чиқарувчи “Меҳригиё” корхонаси раҳбари Маъруф Қодиров. — Айни пайтда бир қатор давлатлардаги буюртмачиларимизга ўз маҳсулотларимизни етказиб бераяпмиз. Шу билан бирга, экспорт географиясини янада кенгайтириш борасида музокаралар ҳам олиб бормоқдамиз. Ҳозир қарийб 

80 турда маҳсулот тайёрлаяпмиз. Яқин кунларда улар қаторига яна 10 турдаги табиий -шарбатлар қўшилади. Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда юртимизда мева-сабзавот ва узум етиштириш ҳамда қайта ишлашга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 11 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тармоқ ривожида муҳим аҳамият касб этаётир.

Бугунги кунда тадқиқотчи олимларимиз томонидан уларнинг янги, серҳосил навларини яратиш, соҳага илғор технологияларни жорий қилиш, экспорт ҳажмини ошириш борасида ибратли ишлар бажарилмоқда. Биргина ўтган йили Фарғона вилоятида 414 минг тонна мева, 

783 минг тонна сабзавот, 277 минг тонна картошка, 71 минг тонна полиз неъматлари, 113 минг тонна узум етиштирилди. Вилоят эҳтиёжидан ортган 120 миллион долларлик маҳсулот жаҳоннинг 80 дан ортиқ давлатларига сотилди.

— Мазкур форумга водий тажрибасини ўрганиш, қолаверса, халқаро миқёсда ҳамкорлик келишувларига эришиш мақсадида Хоразмдан келдим, — дейди “Баҳром” фермер хўжалиги ва “Юқорибоғ неъматлари” агрофирмаси раҳбари М. Раҳмонов. — Биргина Урганч туманининг ўзида 10 минг гектарга яқин боғлар бор. Маҳсулотларимизни экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиришда бу ерда орттирилган тажриба қўл келади.

Айни пайтда Фарғона вилоятида қарийб 50 минг гектар боғ мавжуд. Шунингдек, 8 минг 840 та иссиқхонадан қиш мавсумида мўл ҳосил олинаяпти. Қолаверса, ҳудудда умумий сиғими 51,8 минг тоннага тенг 180 та замонавий музлаткичли омборхона барпо этилди. 

— Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги неъматларини хорижга жўнатиш соҳасида жуда катта салоҳиятга эга, — дейди USAIDнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси -директори Жорж Декун. — Энг аввало, бу мамлакатингизда етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг юқори сифати, мазали таъми ва фойдали хусусиятлари билан боғлиқ. Мазкур анжуман ўзбек миришкорларининг ташқи бозорларга кириб боришини янада жадаллаштиришга хизмат қилади. 

— Серқуёш ўлкангизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Болтиқбўйи мамлакатларида жуда ҳам харидоргир, — дейди форум иштирокчиларидан бири, Латвиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эдгарс Бондарс. — Шу билан бирга, юртингиз ноз-неъматларини Латвия бандаргоҳлари орқали Европа бозорларига олиб чиқиш борасида беқиёс имкониятлар мавжуд. Айни соҳада ҳамкорликда улкан ютуқларга эришишимиз мумкин. 

Халқаро бизнес-форум доирасида ўзаро тажриба алмашилди ҳамда якунда ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди.

Набижон СОБИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn