Қувасой инвесторларни жалб этмоқда
  • 03 Апрель 2014

Қувасой инвесторларни жалб этмоқда

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида халқаро бизнес-форум ўтказилди. Тадбирда БАА, Бангладеш,  Покистон, Швейцария, Қозоғистон, Хитой, Вьетнам каби давлатларнинг юртимиздаги дипломатик корпуслари масъул ходимлари, шунингдек, Жанубий Корея, Сингапур, Германия, Латвия, Ҳиндистон, Япония, Буюк Британия, Беларусь ва бошқа мамлакатларнинг 50 дан зиёд компаниялари вакиллари иштирок этди.

Халқаро  форумнинг манзили сифатида Қувасой танлангани бежиз эмас. Негаки, Фарғона вилояти саноат, хусусан, иссиқлик энергетикаси, машинасозлик, электротехника, пахта толаси ва мевани қайта ишлаш, трикотаж маҳсулотлари ҳамда табиий чармдан оёқ кийимлари тайёрлашда республикамиз миқёсида улкан салоҳиятга эга бўлса, Қувасой шаҳри эса ҳудуднинг йирик қурилиш индустрияси маркази ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда мазкур  вилоятда қулай инвестиция муҳити яратилгани, айниқса, транспорт-коммуникация тармоқлари  жадал ривожланаётгани хорижий инвесторларни жалб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 
Масалан, биргина 2013 йилда ҳудуд  иқтисодиётига 125 миллион доллардан ортиқ чет эл сармояси киритилиши натижасида пахта  толаси, трикотаж маҳсулотлари, қуёш батареялари, қурилиш материаллари, оёқ кийимлари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотни қайта  ишлаш соҳасида юқори ўсиш суръатларига эришилди.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида  дунёнинг  80 дан кўпроқ давлатлари билан ҳамкорликда 100 дан зиёд  қўшма корхона самарали фаолият кўрсатаётгани ҳисобга олинса, халқаро анжуман, табиийки, бу борадаги имкониятларни янада кенгайтиришда  муҳим омил бўлиши турган гап.
Тадбир асносида кўплаб ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
— Юртингиздаги “Сардор Фарм Саноат”, “Меҳригиё” корхоналари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишиб олдик, — дейди Ҳиндистондаги фармацевтика соҳасига ихтисослаштирилган “Alisha $ Isha” йирик  ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Прэм Кумар. — Бу Ўзбекистонда табиий дармондориларга бой гиёҳлар ва ундан тайёрланган маҳсулотларни  жаҳон бозорига олиб чиқиш, шу билан бирга, ўзимизнинг  сифатли дори-дармонларимиз, тиббий  жиҳозларни мамлакатингизга етказиб беришимиз учун қулай имкониятдир.
Халқаро анжуман доирасида, шунингдек,  иштирокчилар Қувасой шаҳридаги “Кварц” ОАЖ, таълим, спорт ва соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Улар мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиётини таъминлаш, баркамол авлод истиқболи йўлида амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар самарасига юксак баҳо бердилар.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn