Корпоратив бошқарув: Замонавий усул ва ёндашувлар
  • 20 Февраль 2016

Корпоратив бошқарув: Замонавий усул ва ёндашувлар

Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида поёнига етган йилда иқтисодиётимизнинг барча соҳасида эришилган ютуқларимиз алоҳида таъкидланди.

Хусусан, шу давр ичида пухта ўйланган, узоқни кўзлайдиган кенг кўламли дастурлар ижроси, ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилгани бунда муҳим омил бўлаётир.

Бунинг самараси эса иқтисодиётни либераллаштириш, тармоқларда бошқарувнинг бозор тамойилларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар мисолида кўзга яққол ташланаяпти. Ваҳолонки, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамон давом этаётган, бозорларда талаб кескин камайиб, конъюнктуранинг беқарорлиги, инвестиция фаоллигининг сусайиши каби омиллар кўпгина давлатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётган бир пайтда юртимизда бундай ижобий ўзгаришларга эришилаётгани қувонарлидир. 

Дарҳақиқат, кейинги йилларда иқтисодиётнинг мутлақо янги тармоқларига асос солиш, айниқса, уларни бошқариш услубларини замонавийлаштиришга устувор аҳамият берилмоқда. Давлатимиз раҳбари мажлисда ана шу ҳақда тўхталиб, корпоратив бошқарув тизимидаги принцип ва ёндашувларни тубдан ўзгартиришимиз унинг ҳақиқий бозор муносабатларига мос келишини таъминлаш ҳамда консерватив қарашлардан воз кечишда катта ҳисса бўлганлигини, лекин бутун дунёда акциядорлик жамиятларини ташкил этиш ва ишни корпоратив тарзда бошқариш асосий усул, деб топилган бир пайтда бизда бу борада амалга оширилаётган ишлар қониқарли эмаслигига, ҳали олдинда бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳам талайгина эканлигига алоҳида урғу берди. Корпоратив усул  бозор иқтисодиётига ўтишнинг муҳим шарти эканлиги, бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш ҳаётий заруратлиги, айниқса, соҳага пухта билимга эга бўлган замонавий менежмент ҳамда маркетинг усулларини амалда қўллай оладиган ёш мутахассисларни жалб этиш масалалари долзарб эканлиги айтиб ўтилди.

Бугун биз жадал ривожланаётган даврда яшаяпмиз. Шу маънода, ҳар бир жабҳага янгилик олиб киришни, ишни самарали ташкил қилишнинг илғор услубларидан фойдаланишни замоннинг ўзи тақозо этаяпти.

Таъкидлаш жоизки, бу борадаги ишларни ривожлантиришда Президентимизнинг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлаётир. Ушбу ҳужжат иқтисодиётимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш борасидаги мақсад-вазифалар рўёбига янада кенг йўл очиб берди. Жумладан, Фармонда халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш асосида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш, чет эл капитали иштирокида акциядорлик жамиятларига асос солиш, эски бўлинмалар ва лавозимлар ўрнига халқаро стандартлар ҳамда бозор иқтисодиёти талабларига мосларини ташкил қилиш, ходимлар фаолияти назоратида миноритар акциядорлар ролини ошириш, уларда раҳбарлик лавозимларига чет эллик юқори малакали менежерларни таклиф этиш билан бир қаторда, халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш каби кўплаб чора-тадбирлар белгилаб берилган эди. Натижада Германияда жойлашган Европа менежмент ва технологиялар мактабининг фаол иштирокида акциядорлик жамиятларининг раҳбар ходим ҳамда мутахассисларини тизимли асосда тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш, уларнинг замонавий корпоратив бошқарув усулларини эгаллашини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази очилди.

Хўш, Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази қандай муассаса? Унинг зиммасига юклатилган вазифалар нималардан иборат? Фикримизни ана шу саволларга жавоб бериш билан давом эттирсак.

 Аввало, шуни айтиш жоизки, “Корпоратив бошқарув” иборасининг туб маъноси “гуруҳ аъзолари ўртасидаги интерактив мулоқот” деган тушунчани беради. Бу бошқарув самарадорлигини ошириш учун барча иштирокчи ўртасида фаол мулоқотни йўлга қўйиш, миноритар акциядорлар салмоғини ошириш орқали мулкни ижтимоийлаштириш, яъни корхона бошқарувига унинг фаолиятидан у ёки бу даражада манфаатдор бўлган ҳар бир шахсни жалб этиш, деганидир. Корпоратив бошқарувнинг ташкилий шакллари ва замонавий услубларини жорий қилиш, соҳа ходимларини халқаро талабларга мос равишда тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби вазифалар юқорида номи келтирилган марказ фаолиятининг устувор йўналишларидандир. 

Яъни у хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, махсус қисқа муддатли ўқув курсларида кадрларга корпоратив бошқарув соҳасида таълим бериш, уларга менежмент, маркетинг ва бизнес бошқарувининг замонавий усулларини ўргатиш билан шуғулланади. Шу билан бирга, тизимли равишда илғор хорижий амалиётни чуқур ўрганиш асосида корпоратив бошқарув соҳасида фундаментал илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, мамлакатимизда корпоратив бошқарувнинг жаҳон амалиётида синалган услубларини тажрибадан ўтказиш, акциядорлик жамиятлари бошқаруви таркибини халқаро стандартлар талаблари доирасида қайта ташкил этиш жараёнини илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш каби вазифалар ҳам марказ зиммасига юклатилган. Қолаверса, бу ерда хўжалик бошқаруви органлари, акциядорлик жамиятлари ва хусусий корхоналар бошқаруви учун иқтисодий ривожланган мамлакатларда кенг фойдаланиладиган магистрлик дастурлари асосида “Бизнес бошқаруви”  (“Master of Business Administration — MBA”) ихтисослиги бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрланади.

Эътиборлиси шундаки, айни пайтда юртимизда ушбу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун меъёрий-ҳуқуқий асослар яратилаяпти. Жумладан, ҳукумат қарорига асосан, Тошкент шаҳрида ўқув-маъмурий бино ва хориждан жалб этилувчи профессор-ўқитувчилар ҳамда тингловчилар учун меҳмонхона ажратилди. Дарс хоналари энг замонавий ўқув қуроллари ва техник воситалар билан жиҳозланиб, тингловчилар билим олиши ҳамда профессор-ўқитувчилар самарали фаолият юритиши учун барча шароит яратилди. Марказнинг ўқув заллари тўғридан-тўғри видеоконференц-алоқа асосида масофавий дарс ўтказиш имкониятига эга. Аудиторияларда бир пайтнинг ўзида турли усулларда дарс олиб бориш имконини берувчи мультимедиа жиҳозлари мавжуд. Шунингдек, у электрон тарздаги “маълумот стендлари” билан жиҳозланган бўлиб, Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг бир қатор хорижий лицензияланган ахборот-кутубхона ресурсларига доимий равишда он-лайн режимида тўғридан-тўғри уланади. Буларнинг барчаси тингловчи ва мутахассисларга жаҳоннинг энг илғор илмий-назарий маълумотларини олиш ҳамда даврий матбуот материалларидан фойдаланишда жуда қўл келади. 

Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг магистрлик дастурлари асосида бизнес бошқаруви ихтисослиги бўйича хорижий давлатларнинг илғор бизнес мактаблари дастурлари чуқур таҳлил этилган ҳолда, малакавий талаблар, ўқув ва мавзу режалари ишлаб чиқилган. Энг муҳими, ушбу йўналиш бўйича 2015 — 2017 ўқув йиллари учун Давлат тест маркази томонидан ўтказилган синовлар натижалари асосида энг юқори балл тўплаган 40 нафар номзод магистратурага қабул қилинди.

Бундан ташқари, Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази ҳамда Европа менежмент ва технологиялар мактаби (Германия) ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланган бўлиб, у асосида 2015 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Тошкент шаҳридаги йирик акциядорлик компанияларининг 160 нафар раҳбар ходими учун икки босқичли қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди. Унда юқори кўрсаткичга эришган бир гуруҳ тингловчилар эса Германиянинг илғор компанияларида малака ошириб ҳамда Европа менежмент ва технологиялар мактабида очилган махсус ўқув курсларида иштирок этиб қайтдилар. Хусусан, улар Германиянинг “Коммерцбанк”, “Дойчебанк”, “МакКинзи” аудиторлик компанияси, “Даймлербасес”, “Тиссен-Круп”, “Клаас”, “Сименс”, “Байер-Шеринг”, “Эрнст&Янг” каби дунёга машҳур ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва молия муассасаларида малака оширишди. 

Корхоналарга ташриф чоғида гуруҳ аъзолари уларда бошқарув ва назорат тизимини ташкил этиш бўйича тақдимотлар билан танишиб, ишлаб чиқариш жараёнига бевосита гувоҳ бўлдилар. Шунингдек, менежмент тузилмаси, унинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, корхона бошқарув органлари аъзоларини рағбатлантириш масалалари бўйича фикр алмашдилар. Бинобарин, Германия корхоналари учун корпоратив кодексни ишлаб чиқиш бўйича ҳукумат комиссияси вакиллари билан учрашувлар ташкил қилинди. Иштирокчилар Германия Иқтисодиёт ва энергетика вазирлигида ҳам бўлиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, йирик бизнес ҳамкорлиги мавзуларида мунозара олиб боришди. 

Қайд этиш керакки, Германияда бу борада ўзига хос тажриба тўпланган. Масалан, у ердаги етакчи компанияларда амалдаги корпоратив бошқарув тизими миноритар акциядорларнинг миқдори жуда юқори (ўн минглаб) бўлса-да, йирик акциядорларнинг улуши, одатда, компания устав фондининг 5-10 фоизидан ошмайди. Раҳбарият компания акцияларига эгалик қилишга мажбур бўлгани ҳолда, ушбу акцияларни 3-5 йил мобайнида сотиб юбориш ҳуқуқига эга эмас. Ходимлари сони 2000 кишидан ортиқ бўлган компанияларнинг кузатув кенгаши аъзолари таркиби камида 50 фоиз миқдорда меҳнат жамоасидан сайланган вакиллардан ташкил топиши лозим. Кузатув кенгаши томонидан ижроия органи фаолиятини назорат қилишни сифатли ташкил этиш мақсадида унинг таркибида компания фаолиятининг турли йўналишлари бўйича бир қанча қўмиталар тузилган. Компаниялар намунавий корпоратив кодекси асосида ўзларининг хусусий кодексларини ишлаб чиқиб, татбиқ қилган. Шунингдек, уларда самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари орқали бошқарувчиларнинг фаолиятига тезкор ва доимий равишда баҳо бериб борилади.

Германия компанияларидаги корпоратив бошқарув тамойилларини мамлакатимизнинг корхона ва акциядорлик компанияларида жорий этиш масалалари билан боғлиқ ижобий ва мунозарали жиҳатлар малака ошириш курслари иштирокчиларининг раҳбариятга тақдим қилган ҳисоботларида ўз ифодасини топди.

Давлатимиз раҳбари Фармони талабларига мувофиқ, шунингдек, марказ томонидан хорижий менежерларни акциядорлик компаниялари бошқарувига жалб этиш бўйича илғор илмий-услубий материалларни таҳлил қилиш асосида қисқа муддатли “Акциядорлик жамиятлари корпоратив бошқарувида хорижий таъсисчиларнинг иштироки” ва “Акциядорлик жамиятлари корпоратив бошқарувига маркетинг ва сотув бўйича хорижий менежерларни жалб этиш” ўқув дастурлари ишлаб чиқилди. Ушбу дастурлар ўз моҳиятига кўра, бугунги куннинг энг долзарб масалаларига бағишланганлиги, яъни улар акциядорлик жамиятлари бошқарувига хорижий таъсисчиларни жалб этиш, маркетинг ва товарларни сотиш жараёнларида эса хорижий менежерлар иштирокидан фойдаланиш, инвестициявий фаолликни кучайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Мазкур дастурлар бўйича марказда 2015 — 2018 йиллар мобайнида 2500 дан ортиқ акциядорлик жамиятлари кузатув кенгаши ва ижроия органлари раҳбар ходимлари таҳсил олиши кўзда тутилган бўлиб, 2015 йилнинг декабрь ойида 85 нафар тингловчи қисқа муддатли курсларда қатнашди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда корпоратив бошқарувчининг малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги Низом ҳам ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат асосида акциядорлик жамиятлари кузатув кенгаши аъзоларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича жорий йилнинг январь ойидан бошлаб “Корпоратив бошқарувнинг замонавий амалиёти ва тамойиллари” мавзуида уюштирилган қисқа муддатли ўқув курсларида тингловчилар корпоратив бошқарувнинг илғор услублари билан танишиб, энг долзарб масалаларни муҳокама этишаяпти. Албатта, бундай тадбирлар уларга акциядорлик жамиятлари бошқарувида қатнашиш учун имконият яратиш билан бирга, бошқарувнинг мураккаб ва зиддиятли вазиятларида тўғри қарор қабул қилишлари учун кўмак бериши, шубҳасиз.

Бундан ташқари, Европа менежмент ва технологиялар мактаби билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази негизида филиал ташкил этиш бўйича меморандум ҳам имзоланган бўлса, келгусида Германиянинг корпоратив бошқарув усуллари кенг жорий қилинган илғор компанияларда қисқа муддатли ўқув курсларининг учинчи ва тўртинчи босқичларини ўтказиш учун ташкилий чора-тадбирлар кўрилаяпти.

Ҳозирги кунда марказ томонидан мамлакатимизда корпоратив бошқарув йўналишида илмий салоҳиятни ривожлантириш, соҳада фундаментал асосда тадқиқотлар ўтказиш, бизнес бошқаруви бўйича магистрлик ўқув дастурларини такомиллаштириш, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётир.

Мухтасар айтганда, юртимизда кечаётган хусусийлаштириш жараёнида, шу жумладан, иқтисодиёт тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтиришда ушбу марказнинг аҳамияти жуда юқори. Демак, корпоратив бошқарув бўйича билим ҳамда кўникмага эга бўлиш нафақат кузатув кенгаши ёки ижроия органлари вакиллари, балки корхона ва муассасалар ходимлари учун долзарб аҳамият касб этади.

 

Дилором РАҲИМОВА,

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn