Миллий тараққиёт стратегияси эришаётган ютуқларимизнинг мустаҳкам пойдеворидир
  • 20 Февраль 2016

Миллий тараққиёт стратегияси эришаётган ютуқларимизнинг мустаҳкам пойдеворидир

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил табригида алоҳида таъкидланганидек, кейинги 11 йил давомида мамлакатимиз иқтисодиёти жаҳондаги камдан-кам давлатлар қаторида барқарор суръатлар билан ривожланаётгани, жумладан, 2015 йилда ҳам ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиши 8 фоиздан кам бўлмаганининг ўзи, ҳақиқатан ҳам, тарихий бир воқеадир.

Бундай улкан ютуқлар қўлга киритилишида жаҳонда ривожланишнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган, чуқур ва пухта ўйланган, тадрижий тараққиёт стратегиясининг изчил ҳамда аниқ мақсадни кўзлаб амалга оширилаётгани муҳим омил бўлди. Дарҳақиқат, юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналарнинг ишга туширилаётгани, иқтисодиётимизнинг етакчи соҳалари модернизация қилиниб, техник ва технологик жиҳатдан янгиланаётгани туфайли нафақат ички бозор импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдирилаяпти, балки экспорт салоҳияти ортмоқда. Натижада “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди жаҳонда тобора оммалашиб, маҳсулотларимизнинг рақобатдошлиги таъминланаётир. 

Иқтисодиётимизда кузатилаётган жиддий сифат ўзгаришларини саноат тармоқларида маҳаллийлаштириш кўлами кенгайиб бораётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Зотан, республикамизда ҳар йили юзлаб турдаги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилаяпти. Бу борадаги кўрсаткичлар йил сайин ошиб бориши, шубҳасиз. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2015 — 2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури бунда дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.  

Гап шундаки, мазкур ҳужжатга мувофиқ, умумий қиймати 5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 602 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Бунинг эвазига ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган 1225 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.  

Юртимиз аҳолиси ҳамда саноат тармоқларига юқори сифатли маҳсулотлар етказиб берилишида Бекобод шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Республикамиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ҳисобланган мазкур комбинатда мавжуд цехларни модернизация қилиш, янгиларини ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Табиийки, бу саъй-ҳаракатлар кутилган натижаларни бераяпти: иш сифати ва унумдорлиги ошиши баробарида, маҳсулот турлари муттасил равишда кўпаймоқда.

— Ҳисоб-китобларга қараганда, 2015 йил давомида корхонамизда  722 минг тонна прокат маҳсулотлари, 950,2 миллиард сўмлик товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, — дейди “Ўзметкомбинат” АЖ бош иқтисодчиси вазифасини бажарувчиси Шерзод Турғунов. — Натижада барча йўналиш бўйича барқарор ўсиш суратлари таъминланди. Ишлаб чиқариш цехлари Австрия, Германия, Италия, Швейцария каби хорижий давлатларнинг энг замонавий ускуналари билан жиҳозлангани, юқори сифатли хом ашё материалларидан фойдаланилаётгани туфайли соф металл қотишмалар олишга муваффақ бўлинаяпти. У асосида тайёрланган маҳсулотларга бўлган талаб эса ҳар доим катта. Шу боис янги технологик линияларни ишга тушириш бўйича чора-тадбирларга жорий йилда ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. 

Электрда пўлат эритиш цехи, таъбир жоиз бўлса, комбинатнинг юраги. Бу ерда етказиб берилган хом ашё — қора металл парчалари ва чиқиндилари юқори ҳароратда қуюлмага айлантирилади. Кейинги босқичда улар турли ўлчам ва шаклдаги пўлат маҳсулотлар, сим ҳамда тиканли симлар, диаметри 40 дан 120 миллиметргача бўлган пўлат золдирлар кўринишига келтирилади. 

Шу билан бирга, корхонада саноат тармоқлари учун мис ва латун тасмалар, иссиқлик ўтказмайдиган базальт материаллари, шунингдек, замонавий уй-рўзғор буюмлари ҳамда хўжалик моллари тайёрланмоқда. — 2015 йил давомида олтита инвестициявий лойиҳа доирасида 68,6 миллиард сўм миқдорида инвестиция ўзлаштирилди, — дейди жамиятнинг инвестиция департаменти бошлиғи Наримон Умеров. — Шундан иккитаси тўлиқ якунланган бўлса, қолганлари бўйича ишлар давом эттирилаяпти. Ферросилиций ишлаб чиқаришни ташкил этиш шулар жумласига киради. Қиймати 20 миллион долларга тенг бўлган ушбу йирик лойиҳа 2017 йилда тўлиқ амалга оширилиши белгиланган. Ана шунда йилига 15 минг тонна муҳим саноат хом ашёси — ферросилиций тайёрланади. Бунинг эвазига нафақат унга бўлган ички эҳтиёж тўлиқ таъминланади, балки экспорт қилиш имконияти юзага келади. Энг муҳими, корхонамизнинг металл маҳсулотлар таннархини арзонлаштиришга муваффақ бўламиз. Худди шунингдек, яна бир йирик лойиҳа шарофати билан йилига 3 минг тонна пўлат арқонлар тайёрлашга киришилади. 

Таъкидлаш керакки, “Ўзметкомбинат” АЖ жамоаси Маҳаллийлаштириш дастури ижроси бўйича ҳам муайян ютуқларга эришаяпти. Биргина 2015 йил давомида тўққизта ана шундай лойиҳа рўёбга чиқарилиб, 10,9 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланди. Қўлда пайвандлаш электродлари, бир неча турдаги базальт, юпқа мисли фольга сингари 10 га яқин маҳсулотлар шулар жумласидандир. 

Мутахассисларнинг айтишича, электротехника мис тасмалари тайёрлаш маҳаллийлаштирилгани электр энергетикаси саноати ривожида муҳим роль ўйнамоқда. Бунинг учун 2,8 миллион доллар эвазига Хитойнинг “Jiangsu Xingrong High-Tech Cо. Ltd” компаниясида ишлаб чиқарилган технологик ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Улар ёрдамида ишлаб чиқарилаётган қалинлиги 0,03 миллиметрдан 4,0 миллиметргача, эни 10 миллиметрдан 440 миллиметргача бўлган мис тасмалар импорт ўрнини қоплаяпти. Дастлаб буюртмачиларга йилига ўртача 3 минг тонна шундай маҳсулот етказиб берилса, келгуси йилларда бу кўрсаткич янада оширилиши мўлжалланган.         

— Цехимизда металл қуйиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, электрда пўлат эритиш цехининг катта пўлат эритувчиси Олим Тўйчиев. — Бу жараёнда узлуксиз пўлат қуйиш, унга комплекс ишлов бериш қурилмалари тубдан реконструкция қилингани, металлга вакуум остида ишлов бериш технологик қурилмаси ўрнатилгани айни муддао бўлди. Амалга оширилаётган бундай технологик янгиланишлар маҳсулот тайёрлаш қувватини янада ошириш, ишчиларнинг эса меҳнат хавфсизлигини таъминлаш имконини бераяпти. 

Бугун юртимизда жамият ёрлиғи туширилган сирланган рўзғор буюмларини билмайдиган киши деярли қолмади. Сабаби, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш цехида тайёрлаш ўзлаштирилган  чойнак, лаган, тоғора, манти қасқон каби идишлар юқори сифати билан тезда харидорларга манзур бўлди. Улар бозор талабидан келиб чиққан ҳолда, бежирим дизайн ва турли сиғимда ишлаб чиқарилаётгани рақобатдошлиги ошишида муҳим омил бўлаётир. 

Айни пайтда буюртмачиларга бундай рўзғор буюмларининг 50 га яқин хили етказиб берилаяпти. Тайёр маҳсулотлар цехнинг ўзида қадоқланиб, Тошкент, Бухоро, Андижон ва Фарғона вилоятларида жойлашган ўндан ортиқ савдо дўконларига пешма-пеш жўнатилмоқда.

Металлни чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятида қўлга киритилаётган бу каби ютуқлар мамлакатимиз саноат салоҳиятининг тобора юксалиб бораётганидан бир мисолдир. Зотан, саноатни тараққий эттириш, унинг янги тармоқларини ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилишга қаратилган ислоҳотлар тизимда кенг уфқлар очмоқда. Пировардида саноат таркибида юқори қўшимча қийматга эга бўлган, рақобатдош маҳсулотлар улуши йил сайин ошиб бормоқдаки, бу иқтисодиёт тармоқларини диверсификациялашга қаратилган истиқболли лойиҳалар кутилган самараларни бераётганидан далолатдир. 

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn