Инвестиция дастури самаралари
  • 18 Февраль 2016

Инвестиция дастури самаралари

юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш субъектларини ташкил этиш ҳамда рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашда ўз ифодасини топаяпти

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида иқтисодиёт тармоқларига инвестициялар жалб қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай дедилар: “2015 йилда амалга оширган кенг кўламли, узоқни кўзлаган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш эркин тадбиркорликка кенг имтиёз ва преференциялар йўлини очиб бериш, инвестициялар, аввало, чет эл инвестицияларининг ҳажмини ошириш ва жорий этиш иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатларини ва унинг макроиқтисодий мутаносиблигини таъминлаш бўйича ўз ижобий таъсирини берди”.

Дарҳақиқат, иқтисодиёт ривожи, авваламбор, инвестиция сиёсати қандай олиб борилаётгани билан чамбарчас боғлиқ. Чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва иқтисодиётни диверсификация қилишга қаратилган лойиҳалар ижросида жалб этилаётган сармояларнинг мақсадли йўналтирилиши, айниқса, ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Замонавий корхоналарни барпо этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир лойиҳалар ижроси учун ўзлаштирилаётган сармоялар ҳажми йил сайин ортиб бораяпти. Биргина 2015 йилда ана шу мақсадларга барча молиялаштириш манбаси ҳисобидан 15 миллиард 800 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилгани ва ўзлаштирилгани, бу борада аввалги йилдагига нисбатан 9,5 фоиз ўсишга эришилгани бунинг яққол далилидир. 

Юртимизда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг ўзига хос хусусияти шундаки, бунда маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш субъектларини ташкил этишга қаратилган лойиҳаларга устувор аҳамият берилмоқда.

Шу боис маблағлардан унумли фойдаланиб, улар, асосан, замонавий корхоналар барпо этиш, инфратузилма объектлари бунёд қилиш каби аниқ мақсадларга йўналтирилаяпти. Мисол учун, ўтган йили ўзлаштирилган жами инвестицияларнинг 67,1 фоизи янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга сарфланди. Натижада 158 та йирик ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди.

Бундай истиқболли лойиҳалар фармацевтика саноатида ҳам рўёбга чиқарилаётгани импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, экспорт ҳажмини ошириш имконини бераётир. 

“Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни тизимидаги “Med Standard Glass” масъулияти чекланган жамияти ана шулардан бири. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил учун инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур корхона шиша ампула ва флаконлар ишлаб  чиқаришга ихтисослаштирилган. 

Мутахассисларнинг айтишича, ушбу лойиҳа фармацевтика саноати ривожидаги аҳамияти ва кўлами жиҳатидан ноёб ҳисобланади. Бу корхонанинг Марказий Осиёда ягона эканлиги билангина эмас, балки ўта мураккаб бўлган тиббиёт шишаси тайёрлаш муваффақиятли ўзлаштирилгани билан изоҳланади.

— Махсус кимёвий таркибдан ташкил топган тиббиёт шишасини ишлаб чиқариш жуда нозик жараён, — дейди мазкур жамият директори Шерзод Жўраев. — Шу боис у дунёнинг саноқли давлатларидагина тайёрланади. Улар орасида Ўзбекистоннинг борлиги мамлакатимиз саноат салоҳияти, халқимизнинг интеллектуал қобилияти юқорилигидан яққол далолатдир. Масалан, ушбу маҳсулотни тайёрлаш учун 12 та модда зарур бўлса, шундан бойитилган кварц қуми, кальцийли сода, кальций корбонати, натрий нитрати каби энг муҳим хом ашёлар ўзимизда мавжуд. Бу эса лойиҳанинг муваффақиятини таъминлаяпти. 

Шиша эритиш цехи хорижнинг энг замонавий технологик линияси билан жиҳозланган. Айниқса, печнинг конструкцияси махсус ишлаб чиқилган бўлиб, у турдошларидан тубдан фарқ қилади. Яъни табиий газда эмас, аксинча, электр энергияси ёрдамида ишлайди.

Цех бир кеча-кундузда 10 тонна шиша эритиш қувватига эга. Ҳосил бўлган суюқ массадан узунлиги 1,2 метрдан 2 метргача, диаметри эса 9 миллиметрдан 30 миллиметргача бўлган дротлар тайёрланади. Мазкур шиша маҳсулотлар нафақат фармацевтика саноати, балки бошқа соҳаларда ҳам муҳим хом ашё ҳисобланади. Жумладан, люнимисцент ва энергия тежовчи лампалар, қандиллар тайёрлашда кенг қўлланилади. 

“Med Standard Glass” корхонасида тизимли ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани диққатга сазовордир. Гап шундаки, шиша эритиш цехида тайёрланган дротлар шу ернинг ўзида қайта ишланиб, 2, 5 ва 10 мл.ли ампула ҳамда чекланмаган ўлчамдаги флаконлар тайёрланади. Бошқача айтганда, корхона йилига 3 минг тонна шиша дрот, 300 миллион дона ампула ва 60 миллион дона флакон ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу фармацевтика корхоналарининг импорт ўрнини босувчи ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришдан ташқари, стерил ва инъекцион дори воситалари тайёрлаш ҳажмини оширишга катта туртки бермоқда. 

Ушбу кўркам ва замонавий корхонани фойдаланишга топшириш учун 15 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилди. Бу маблағлар эвазига учта ишлаб чиқариш цехи биноси белгиланган муддатларда қурилиб, улар энг сўнгги русумдаги технологик линиялар билан тўлиқ жиҳозланди. 

Бугун бу ерга келган киши қизғин иш устидан чиқади. Айниқса, шакл бериш цехларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг қўли-қўлига тегмайди. Автоматлаштирилган ускуналар, робот-дастгоҳлар ёрдамида турли ўлчамдаги ампула ва флаконлар тайёрланаяпти. Эътиборлиси, корхонада 110 нафардан зиёд ишчилар меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг 40 нафарга яқини касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир. Флакон ишлаб чиқариш дастгоҳи бош оператори Ортиқали Саидхонов — уларнинг илғор вакили. У ўқишни тамомлагач, ушбу корхона жамоаси сафига қўшилган.    

— Бу ерда меҳнат қилаётганимдан жуда хурсандман, — дейди Ортиқали. — Хорижлик мутахассислардан замонавий дастгоҳни бошқаришни тезда ўзлаштириб олдим. Мана, кўриб турганингиздек,  унга бирйўла 16 та дрот қўйилади. Уларга олов ёрдамида ишлов берилиб, ҳар биридан 22 тачага флакон тайёрланади. Маҳсулотнинг сифатли ва мустаҳкам бўлиши бизнинг саъй-ҳаракатимизга боғлиқ. 

Цех сифат назоратчиси Нилуфар Йўлдошеванинг айтишича, маҳсулотлар сифати доимий эътибор марказида бўлади. Яъни ҳар 30 дақиқада барча дастгоҳдан олинган намуналар дастлаб полярископ аппарати ёрдамида текширилиб, кўз илғамас ёриқлар бор ёки йўқлиги аниқланади. Кейинги босқичларда емирилувчанлиги, мустаҳкамлиги ва реакцияга киришмаслиги синовдан ўтказилади. Буларнинг барчаси тайёрланаётган маҳсулотларнинг сифати юқори бўлишини таъминлаяптики, пировардида хорижлик ҳамкорлардан ҳам буюртмалар олинмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 11 февралдаги “2015 — 2019 йиллар учун тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва метериаллар ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарори корхона фаолияти ривожида янги уфқларни очмоқда. Унга кўра, ишлаб чиқаришга инвестициялар жалб этилиб, маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Мақсад шиша дрот тайёрлашда маҳаллийлаштириш даражасини 80 фоизга етказишдир.   

Мухтасар айтганда, саноат тармоқларида бундай истиқболли лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида Инвестиция дастури доирасида жалб этилаётган сармоялар муҳим молиявий манба бўлмоқда. Шу боис жорий йилга мўлжалланган дастурга биноан, умумий қиймати 5 миллиард доллардан зиёд сармоя ўзлаштирилиб, 164 та йирик лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Бу саноатнинг янги йўналишларини йўлга қўйиш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилади.

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тежамкор бошқарув тизими Талабга мос таклиф »