«Ўзбекистон — улкан муваффақиятларга эришаётган мамлакат»
  • 12 Февраль 2016

«Ўзбекистон — улкан муваффақиятларга эришаётган мамлакат»

Бугун Ўзбекистон макроиқтисодий ўсишда юқори суръатларга эришган, фуқароларининг ҳаёт даражаси тобора юксалиб, иқтисодиётига жалб этилаётган хорижий сармоялар ҳажми ошиб бораётган мамлакатлардан бири саналади.

Маълумки, дунёда бундай давлатларнинг сони кўп эмас. Бундан ташқари, республикада юқори қўшимча қийматга эга бўлган рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари йил сайин кўпаймоқда. Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон  2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани ушбу ютуқларнинг амалий тасдиғидир.
Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонасида бўлиб ўтган брифингда ана шундай муваффақиятлар ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Тадбирда Жанубий Корея парламенти ва ҳукумати аъзолари, йирик компаниялар вакиллари қатнашди.  
Қайд этилганидек, иқтисодиётнинг барча тармоғини модернизациялашга йўналтирилган тизимли ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ қилинаётгани, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар фаолияти учун қулай шароитларнинг яратилгани, ишлаб чиқариш ҳамда транспорт-коммуникация инфратузилмасининг такомиллаштирилгани жадал тараққиётнинг асосий омилига айланди.
Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижаларига тўхталиб, мамлакатда давлат активларини хусусийлаштириш, аввало, чет эллик инвесторларга сотиш вазифалари қўйилиб, бунинг учун зарур шароитлар яратилгани, салмоқли ҳажмдаги мулк комплекси танлов асосида, инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматида янги мулкдорларга сотилгани маълум қилинди.
Шунингдек, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили жорий этилгани, кичик бизнес субъектларини ташкил қилишни соддалаштириш ҳамда уларнинг фаолият юритишини енгиллаштириш билан боғлиқ кўпгина меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани ҳам алоҳида таъкидланди.
Анжуманда сўзга чиққан Корея Республикаси юқори салоҳиятли корхоналар ассоциациясининг лойиҳалар менежери Жи Хи Юн Ўзбекистонда хорижлик сармоядорлар учун барча шароит яратилганини эътироф этди.
Унинг айтишича, бундай қулай муҳитнинг мавжудлиги Жанубий Корея ишбилармонлари дунёнинг энг истиқболли бозорларидан бири — Ўзбекистонда ўз фаолиятини янада кенгайтириш, юқори қўшимча қийматга эга бўлган рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уларни Марказий Осиё минтақасидаги бошқа давлатларга экспорт қилиши учун ажойиб имкониятлар эшигини очди. 
Жи Хи Юн Ўзбекистон ўз олдига 2030  йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 2 баробар ошириш вазифасини қўйганига эътибор қаратди. Унинг ишонч билдиришича, ялпи ички маҳсулот ҳажми, саноат ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ўсиши учун мустаҳкам пойдевор борлиги, шунингдек, молия-банк тизими фаолияти яхши йўлга қўйилгани туфайли мамлакат ўз мақсадига эришади.
Корея Республикаси импортёрлар ассоциацияси департаментининг директори Канг Сунг Хун жаҳон иқтисодиётида кўпгина товарлар нархи ҳамда саноат ўсиши суръатининг пасайиши, инфляция даражаси юқорилиги билан боғлиқ қатор қийинчиликлар ҳамон сақланиб турганини билдирди. 
— Шундай мураккаб шароитда Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий соҳаларда улкан муваффақиятларга эришгани, республиканинг саноати ривожланган иқтисодиётни барпо этиш йўлида ишонч билан ҳаракатланаётгани Жанубий Корея ишбилармонлари ҳамжамиятида ушбу мамлакатга бўлган қизиқишни янада кучайтирди, — дея таъкидлади у. — Биз республикадан “Made in Uzbekistan” ёрлиғи туширилган маҳсулотлар импорт ҳажмини янада оширишни мўлжаллаяпмиз. Чунки улар баҳосининг мақбуллиги ва юқори сифати билан ажралиб туради.

«Жаҳон» АА.
Сеул

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn