Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир
  • 30 Декабрь 2015

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётмизнинг таянч кучига айланмоқда. Айни пайтда республикамиз ялпи ички маҳсулотида мазкур соҳанинг ҳиссаси 56 фоиздан ортиқни, бандликдаги улуши эса 77,5 фоиздан зиёдни ташкил қилаётгани фикримиз тасдиғидир.

Бунда, табиийки, бизнес юритиш учун яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорларга берилаётган қўшимча имтиёз ва имкониятлар муҳим аҳамият касб этаётир.
Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида шулар хусусида батафсил сўз юритилди.
Таъкидланганидек, “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастури”да белгиланган еттита йўналишнинг учтаси жамиятда хусусий мулкнинг аҳамиятини ошириш, улар фаолиятини ташкил этишдаги тўсиқ ва чекловларни бартараф қилиш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартиришга қаратилганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Бу амалда ўз самарасини бераяпти.
Шунингдек, Президентимизнинг шу йил 15 майдаги Фармони асосида 33 та аниқ чора-тадбирни ўз ичига олган  дастур ишлаб чиқилдики, бу билан ҳам тадбиркорларимизга бир қатор енгилликлар берилди. Масалан, мазкур дастур асосида Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржасида ўтказиладиган электрон савдоларда тадбиркорлик субъектларига бирламчи эҳтиёждаги товарлар бўйича давлат харидларини амалга ошириш учун соддалаштирилган тартиб жорий қилинди. Экспорт-импорт амалиётларини бажаришда талаб этиладиган ҳужжатларнинг аниқ рўйхати тасдиқланиб, унда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланди.
Юридик шахс ташкил этмасдан иш юритувчи якка тартибдаги тадбиркорларга фаолият турига қараб, бир нафардан уч нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 сентябрдаги қарорига биноан эса, 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб, 16 турдаги давлат хизматлари туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида ташкил қилинадиган “бир дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш марказлари орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, келгуси йил бошидан юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга танлов асосида ер участкалари бериш ҳамда уларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига тайёр ҳолда улаш борасида соддалаштирилган тартиб амалиётга киритилади.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам ушбу дастур ижросини таъминлашда муҳим ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтамоқда. Унга кўра, тадбиркорлик субъектларининг деярли барча жиҳатига дахлдор 40 дан ортиқ ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Буларнинг барчаси юртимизда ишбилармонлар сафини кенгайтириш орқали иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини янада юксалтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn