Аграр соҳа истиқболи деҳқон ва фермерларнинг замонавий техникалар билан таъминланишига бевосита боғлиқдир
  • 24 Декабрь 2015

Аграр соҳа истиқболи деҳқон ва фермерларнинг замонавий техникалар билан таъминланишига бевосита боғлиқдир

Ўзбекистон — қишлоқ хўжалигида кўп йиллик бой тажриба ва юксак салоҳиятга эга мамлакат. Бу, соҳа истиқболига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли янада яққолроқ намоён бўлиб, давлатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги, дастурхонимиз файзу баракаси, экспорт салоҳияти ошишига хизмат қилмоқда.

2015 йилда 7 миллион 300 минг тонна ғалла, 3 миллион 350 минг тоннадан зиёд пахта етиштирилгани, шунингдек, пиллачилик, чорвачилик, мева-сабзавот ва бошқа тармоқлар бўйича ҳам белгиланган режалар муваффақиятли уддалангани буни тасдиқлаб турибди.
Соҳа самарадорлигининг, айтиш жоизки, ўзига хос кўплаб омиллари бор. Шулардан бири аграр тармоқда етакчи куч сифатида майдонга чиққан фермер хўжаликларини замонавий техникалар билан таъминлаш даражаси ортиб бораётгани билан боғлиқ. Зотан, қишлоқ хўжалиги истиқболини юқори унумли, тежамкор техника ҳамда агрегатларсиз тасаввур этиш мушкул. Чунки ер майдонларини экин-тикин мавсумига сифатли тайёрлаш, уруғ сепиш, вақтида парваришлаш, ҳосилни нест-нобудсиз йиғиштириб олиш жараёни, авваламбор, техника кучи билан амалга ошади. Президентимизнинг 2012 йил 21 майдаги “2012 — 2016 йилларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш Дастури тўғрисида”ги қарори бу борада, айниқса, муҳим омил бўлмоқда.
Мазкур ҳужжатга биноан, “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” компанияси томонидан кўрсатилаётган лизинг хизматлари кўлами йил сайин кенгаймоқда. Натижада республикамизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари, машина-трактор парклари, муқобил машина-трактор парклари, шунингдек, бошқа тегишли тузилмалар тубдан янгиланаётир. Компания саъй-ҳаракати билан 2001 — 2014 йиллар мобайнида умумий қиймати бир триллион 400 миллиард сўмликдан зиёд 52 минг 154 та техника воситаси лизинг асосида етказиб берилгани бунинг исботидир.
— Қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда фермер хўжаликларини техникалар билан таъминлашнинг қулай ва самарали усули лизингдир, — дейди компания бошқаруви раисининг ўринбосари Баҳодир Рўзметов. — Молиявий хизматларнинг ушбу тури имтиёзли шартларда, узоқ муддатга тақдим этилади. Бизнинг компания фаолияти қишлоқ хўжалиги тармоқларини барча турдаги техникалар билан таъминлашга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, жамоамиз томонидан изчил чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилаётгани туфайли лизинг хизматларини кўрсатиш кўлами бўйича юртимизда етакчилардан биримиз.
Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар марказларида ҳудудий филиалларимиз фаолият юритаяпти. Бу лизинг лойиҳаларини мамлакатимизнинг исталган ҳудудида амалга ошириш имконини яратмоқда. Пировардида жорий йилнинг тўққиз ойида мижозларга 3 минг 383 та қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб бердик. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 20,5 фоиз кўпдир.
Таҳлилларга қараганда, бугунги кунда фермер хўжаликларига лизинг асосида 56 турдаги қишлоқ хўжалиги техникаси тақдим этилаяпти. Уларнинг барчаси юртимизда ишлаб чиқарилаётгани, айниқса, қувонарлидир.
Чиндан ҳам, эндиликда деҳқон ва фермерлар ерни чуқур юмшатгичлар, сеялкалар, роторли ўт ўриш, ўғит солиш, ғўзани чеканка қилиш мосламалари, чопиқ, ҳайдов ҳамда транспорт тракторлари, экскаватор-юклагичлар ва бошқа жиҳозларни четдан сотиб олишларига эҳтиёж қолмади. Хусусан, “Агромаш саноат инвест” корхонасида Жанубий Кореянинг “LS Mtron Ltd” компанияси билан ҳамкорликда “TTZ-100HC” русумли чопиқ, “LS1004” ва “LS Plus” русумли ҳайдов тракторлари, “Агрегат-Агротех” корхонасида Франциянинг “КЮН” фирмаси кўмагида “GMD-280 HD” русумли ем-хашак ўриш, “Easyspread” русумли органик ўғит сочиш агрегатлари, “Planter 3M” русумли дон экиш техникаси ҳамда “MC-90S Twin” русумли маккажўхори ўриш комбайнлари тайёрлана бошланди.
Бундан ташқари, “Lemken Chirchiq” қўшма корхонасида “Evropаl” русумидаги 2, 3, 4 ва 5 корпусли омочлар, “Saphir” русумли дон экиш сеялкаси, “Rubin 9/300” русумли борона, “Karat 9/300” русумли культиваторлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Уларнинг илгари эски технология асосидаги турдошларига нисбатан устун жиҳатлари кўп. Аввало, мустаҳкам ҳамда сифати юқори, техник талабларга тўлиқ мос келади. Шунинг учун уларга лизинг асосида буюртма берувчилар сони тобора ортмоқда.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг боғдорчилик тармоғи ҳам жадал суръатларда ривожланаётир. Фақат кейинги уч йил давомида интенсив боғлар майдони қарийб 50 фоиз кенгайгани, мевали дарахтлар ораларига ишлов бериш тракторлари ва бошқа ускуналарга бўлган талабни оширмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, компания томонидан юртимизда ишлаб чиқарилаётган “G38”, “TT-40” ва “U 62” русумли кичик тракторлар, “VP-1М” ҳамда “ОРПД-12М” кимёвий пуркаш агрегатлари лизинг асосида тавсия этилаяпти.
Қишлоқ хўжалиги машинасозлигида изчил татбиқ қилинаётган маҳаллийлаштириш лойиҳалари эса нафақат ихчам машина ва ускуналар тайёрлаш, балки йирик техника воситалари ишлаб чиқаришда қўл келмоқда. Республикамизда хорижий давлатлар иштирокида ташкил этилган “UzClaasAgro”, “UzCasetractor”, “UzCasemash” қўшма корхоналари фаолияти бунга мисол бўла олади.
Гап шундаки, улар томонидан халқаро сифат стандартларига тўла жавоб берадиган “Dominator 130” ва “Tucano 430” ғалла ўриш комбайнлари, “Arion 630C”, “T6070” ҳамда “ТД 5.110” русумли ҳайдов тракторлари, “Jaguar 850” маккажўхори ўриш комбайнлари буюртмачиларга етказиб берилаётир.
Бундай йирик техникаларни йиғиш, табиийки, мураккаб технологик жараёнга асослангани сабаб малакали мутахассислар ва юксак иқтисодий салоҳият мавжудлигини тақозо этади. Ўзбекистонда ушбу омиллар борлиги соҳа ривожида янги уфқларни очмоқда. Айтайлик, битта тракторни йиғиш учун 12 мингтадан ортиқ деталь, бутловчи буюм ҳамда эҳтиёт қисмлар зарур. Ҳозирги кунда кабина, эшик ойналари, руль чамбараги, ўриндиқ, шунингдек, пластмасса жиҳозлар каби кўплаб зарур қисмлар шу ернинг ўзида тайёрланаётгани, қолганларини эса босқичма-босқич ўзлаштириш чоралари кўрилаётгани диққатга сазовордир.
— Сир эмаски, “Сlaas” компаниясининг комбайнлари, тракторлари, хашак ўриш ва йиғиш машиналарига, “Lemken” фирмасининг омочлари ҳамда тупроққа ишлов берувчи бошқа техникаларига юртимизда талаб юқори, — дейди “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” компаниясининг бўлим бошлиғи Элмурод Қурбонов. — Шу жиҳатдан бу каби техникалар мамлакатимизда ишлаб чиқарилиб, лизинг асосида тақдим қилинаётгани — қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар учун катта имконият. Мисол учун, ғалла ўриш комбайнларини бошқариш жуда қулай, кабинаси шовқинни пасайтириш, совитиш тизими билан жиҳозланган. Яна бир афзаллиги шуки, унумдор ҳамда тежамкор.
Биз фермерларнинг қишлоқ хўжалиги техникаларига бўлган талабларини мунтазам равишда жойида ўрганиб бораяпмиз. Бу эса импорт ўрнини босувчи янги техникаларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, лизинг хизматларини янада такомиллаштиришни таъминламоқда.
Мухтасар айтганда, юртимизда қишлоқ хўжалиги машинасозлигини тараққий топтириш, лизинг бозорини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар юксак самараларини бераётир. Муҳими, улар деҳқон ва фермерларимизнинг оғирини енгил қилиб, қишлоқ хўжалиги экинларидан баракали ҳамда сифатли ҳосил етиштиришга кўмаклашаяпти.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn