Тежамкор технологиялар саноат тармоқларининг самарадорлигини оширишда алоҳида аҳамиятга эга
  • 24 Декабрь 2015

Тежамкор технологиялар саноат тармоқларининг самарадорлигини оширишда алоҳида аҳамиятга эга

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, инвестиция сиёсатининг пировард мақсадларидан бири маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишловчи, юқори унумли, замонавий ва тежамкор технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни ташкил этишдан иборат.

Ана шунда ички бозорни ўзимизда тайёрланган хилма-хил маҳсулотлар билан тўлдириш баробарида, юртимиз экспорт салоҳиятини янада юксалтириш учун имкониятлар кенгаяди. Бу борада тоғ-кончилик, металлургия, машинасозлик, нефть-газ, кимё саноати корхоналарида олиб борилаётган ишлар самараси ана шундан далолат бераётир.
Тошкент вилоятида “Энергия самарадорлигини ошириш, тежамкор технологиялар ва тизимларни жорий этиш” мавзуида ўтказилган республика илмий-амалий семинарида шу ҳақда сўз борди.
Таъкидлаш керакки, вилоятдаги бир қатор йирик саноат корхоналарида ҳам ишлаб чиқариш жараёнларига электр энергиясини тежовчи технологияларни қўллаш борасида муайян чора-тадбирлар кўрилмоқда. Натижада ҳудудда қимматбаҳо ва нодир металларни қазиб олиш, қайта ишлаш борасида юқори самарадорликка эришилаяпти.
Анжуман иштирокчилари — мамлакатимизнинг кончилик, металлургия, машинасозлик, энергетика, нефть-газ, кимё соҳасидаги йирик саноат тузилмалари, таъминотчи корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, шунингдек, банк-молия муассасалари вакиллари ушбу жараён билан яқиндан танишдилар. Хусусан, улар “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқаришда энергия ресурслари, ёқилғи-мойлаш материалларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича татбиқ этилган янги лойиҳалар  ҳақида маълумотга эга бўлишди.
Тадбирда, шунингдек, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси каби бир қатор тузилмалар мутасаддилари, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, олим ва тадқиқотчиларнинг замонавий тежамкор технологиялар истиқболига бағишланган маърузалари тингланди.
— Бозорни рақобат бошқаради, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика ва автоматика институти катта илмий ходими, техника фанлари номзоди Олимжон Тоиров. — Бу нима дегани? Таннархи, таркиби, ҳажми, истеъмолга яроқлилиги, сифати ва бошқа мезонлари харидорга маъқул маҳсулотгина мазкур синовга дош бера олади. Бунга эришиш учун эса саноат корхоналарида ишлаб чиқаришга илм-фан, инновация ютуқларини жадал татбиқ этиш ўта муҳим. Шундан келиб чиқиб, биз мамлакатимиздаги кўплаб саноат корхоналари, хўжалик бирлашмалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз. Ушбу йўналишда эришилган ютуқларнинг тарғиботида эса бундай анжуманларнинг фойдаси ҳам, аҳамияти ҳам беқиёсдир.
Шу ўринда Иқтисодиёт вазирлигининг Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга ошираётган “Саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш” дастурини алоҳида қайд этиш зарур. Гап шундаки, унинг доирасида тоғ-кон, металлургия, нефть-газ ва кимё саноатида 19 та истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилгач, 98 миллион кВт/соат электр энергияси ҳамда 25 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинди. Яқин келажакда эса яна 36 та янги лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда саноат соҳасига янги ва замонавий технологияларнинг изчил татбиқ қилинаётгани корхоналарнинг юқори суръатларда ривожланишига туртки бераётир.  Бу эса иқтисодиётимизнинг барқарор тараққий этиши учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn