Ҳиндистондаги халқаро пахта конференцияси доирасида «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси тақдимот ўтказди
  • 22 Декабрь 2015

Ҳиндистондаги халқаро пахта конференцияси доирасида «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси тақдимот ўтказди

Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида Пахта бўйича халқаро консультатив қўмитанинг 74-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси мазкур тузилманинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

Форум ишида аъзо мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан бир қаторда, қўмитага аъзо бўлмаган давлатлар ҳам иштирок этди.
Ялпи мажлис чоғида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси бошқаруви раиси А. Камолов тадбир қатнашчиларини мамлакатимизнинг изчил тараққиёти, иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатлари ҳамда уни диверсификациялашда эришилган натижалар, республика саноат салоҳиятининг юксалиши ҳақидаги батафсил маълумотлар билан таништирди.
Таъкидланганидек, юртимизда пахта хом ашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш, пахта толасини ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш, пахта ёғини ишлаб чиқариш, шунингдек, мазкур йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бориш фаолиятини ўзида мужассамлаштирган ягона “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ташкил этилган. Мазкур компания бошқарувнинг корпоратив услубларига таянган ҳолда иш юритади. Янги компаниянинг асосий мақсад ва вазифалари пахта маҳсулоти сифатини ошириш, пахта ҳамда чигитга илк ишлов бериш технологияларини такомиллаштириш ва тармоқ иқтисодий самарадорлигини юксалтиришдан иборат эканлиги ҳам айтиб ўтилди.
Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимиз пахта саноатида тизимли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар натижалари Ўзбекистон пахта толасининг жаҳон бозоридаги ўрни ҳамда рақобатдошлиги ортишида яққол намоён бўлаётир. Тола ишлаб чиқаришнинг барқарор суръатлари кузатилаётгани баробарида, уни мамлакат тўқимачилик корхоналарида қайта ишлаш ҳажми ҳам ортмоқда.
Йиғилиш иштирокчилари республикамизда пахтачилик тизимини бошқаришнинг корпоратив тамойилларини жорий қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳоладилар. Шунингдек, бу пахта тармоғи иқтисодий самарадорлиги юксалиши, фермер хўжаликлари реал даромадларининг ортиши, пахта ва ёғни қайта ишловчи корхоналар фаолиятининг кенгайишига имкон бериши таъкидланди. Ялпи мажлис қатнашчилари ўзбек олимлари, пахта ҳамда унинг селекцияси бўйича мутахассисларнинг жаҳон пахта соҳаси тараққиётига катта ҳисса қўшаётганини ҳам эътироф этишди.
Тақдимот якунида Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита вакиллари
ва халқаро экспертлар “Жаҳон” АА мухбири билан суҳбатда ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Ж. СЕТТЕ,
Пахта бўйича халқаро консультатив қўмитаси ижрочи директори:
— Ўзбекистон дунёда пахта толасини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт қилишда катта салоҳиятга эга давлатдир. Ўзбекистон делегацияси томонидан ўтказилган тақдимот билан танишиб, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, республика пахта мажмуасининг “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясига бирлаштирилиши ушбу тармоқнинг янада ривожланишига хизмат қилади.
Жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган 11-Халқаро ўзбек пахта ярмаркаси чоғида мен мамлакат раҳбарияти томонидан пахта савдосининг очиқ ва транспарент механизмларини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг юқори самарадорлигига гувоҳ бўлдим. Мазкур тармоқнинг тижорат ва корпоратив йўналишдаги тараққиёти Ўзбекистоннинг дунё бозоридаги ўрни янада мустаҳкамланишига кўмаклашади.

А. ГИТЧУНС,
Пахта бўйича халқаро консультатив қўмитаси савдо таҳлили департаменти директори:
— Ўзбекистон пахта етиштириш ҳамда унинг экспорти бўйича халқаро майдонда етакчи ўрин эгаллайди. Пахта толаси ва ёғ ишлаб чиқарувчиларини бирлаштириб, бош экспортчи ҳамда илмий тадқиқот маркази сифатида фаолият юритаётган “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг ташкил этилиши ҳақидаги ахборотлар бизда катта қизиқиш уйғотди. Ишончим комилки, мазкур жабҳага корпоратив бошқарув услубларининг жорий қилиниши унинг барча тузилмавий йўналиши ривожига кўмаклашади ва пахта толаси сифатининг юксалишини таъминлайди.
“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг фаолияти бундан кейин ҳам муваффақиятли бўлишига шубҳа йўқ. Бугунги кескин рақобат даврида бу ниҳоятда долзарбдир. Қўмитамиз учун Ўзбекистон билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатингизда ҳар йили ўтказиладиган пахта ярмаркасида Қўмита вакилларининг иштироки ушбу фикрни тасдиқлайди.

Э. МАКДОНАЛЬД,
“Amcom” компанияси маслаҳатчиси, Стандартлаштириш ва пахтани тажрибавий синовдан ўтказиш қўмитаси раиси:
— Ўзбекистон Республикаси жаҳон пахта толаси сифатини баҳолаш тизими тараққиётига катта ҳисса қўшаётганини таъкидлашдан мамнунман. Янги селекция навларини, пахтани илк қайта ишлаш учун технологиялар, маҳсулот сифатини аниқлаш бўйича лаборатория асбоб-ускуналарини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш борасида Ўзбекистон тармоқ илмий марказлари томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар тўғрисидаги маълумотлар бизда ниҳоятда катта қизиқиш уйғотди.

Профессор К. БАНСАЛ,
Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институти директори:
— Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ниҳоятда долзарб ва муҳим аҳамият касб этади. Республикада ғўза гермоплазмасининг дунёдаги энг йирик тўплами мавжудлиги ҳам эътиборга моликдир. Биз мамлакатингизнинг турли давлатлар билан тенг ҳуқуқли асосда ресурслар алмашинуви дастурларини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn