Халқаро стандартлар асосида
  • 19 Декабрь 2015

Халқаро стандартлар асосида

Бугунги кунда иқтисодиётимизнинг барча соҳаси қаторида фармацевтика саноати ҳам жадал ривожланмоқда. Республикамиз бўйича 119 та  корхонада дори-диагностика воситалари, замонавий тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилаётгани ва улар туфайли ички эҳтиёжнинг учдан бир қисми қондирилаётгани ана шундан далолат беради.

Пойтахтимизда “Ўзфармсаноат” акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда батафсил сўз юритилди.
Таъкидландики, юртимизда истиқлол йилларида соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор, шу жумладан, 283 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилингани натижасида дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажми 46,9 млн. сўмликдан 574,2 млрд. сўмликка етказилди. Жорий йилда эса бу борадаги ўсиш суръати 122 фоизни ташкил этиши кутилаяпти.
Албатта, ҳозирги соғлом рақобат муҳитида маҳсулот сифати муҳим аҳамиятга эга. Шу боис компанияда ушбу масалага  устувор аҳамият қаратилиб, 42 та ишлаб чиқариш корхонасида “ISO-9001” сифат тизими ва 8 та корхонада эса “Яхши ишлаб чиқариш амалиёти” — “GMP” халқаро стандарти  жорий этилди.
Бундан ташқари, жамоа аҳли томонидан Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги “2015 — 2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича муайян ишлар бажарилмоқда. Хусусан, шу давр мобайнида четдан маҳсулот импорт қилишни 62,5 фоизга камайтириш режалаштирилган эди. Бу борада ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар ҳозирданоқ ўз самарасини бераяпти. Жорий йилнинг охиригача қарийб 59,7 млн. АҚШ долларилик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш мўлжалланаётгани бунга мисол бўла олади.
Шу билан бирга, тизимда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли кўплаб янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани эътиборга лойиқ. Мисол учун, ҳозирги кунда илгари четдан валюта ҳисобига олиб келинган янги турдаги 450 та маҳсулот ўзимизда тайёрланаётган бўлса, шундан 380 таси дори воситаси, 70 таси эса тиббий буюмдир.
Тадбир давомида, шунингдек, мутахассислар компанияда келгусида рўёбга чиқарилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар хусусида ҳам маълумот беришди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn