Иқтисодий ривожланиш таянчи
  • 17 Декабрь 2015

Иқтисодий ривожланиш таянчи

Истиқболли лойиҳалар рўёбида инвестициянинг аҳамияти беқиёс. Шу боис истиқлол йилларида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, чет эл сармояси иштирокида замонавий корхоналар фаолиятини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Пировардида шаҳару қишлоқларда энг илғор технологиялар билан жиҳозланган тармоқлар барпо этилиши ҳисобига ички бозор талаблари тўлиқ таъминланиб, аҳоли эҳтиёжидан ортган маҳсулотларнинг бир қисми жаҳон бозорига ҳам чиқарилаяпти.
Бу енгил саноат йўналишидаги ишлаб чиқариш субъектлари фаолияти мисолида ҳам кўзга яққол ташланади.
Маълумки, пахта толаси тўқимачилик корхоналари учун муҳим хом ашёдир. Заминимизда эса унинг энг юқори навлари етиштирилади. Қолаверса, кейинги йилларда пахтани қайта ишлаш борасида мамлакатимизда катта тажриба тўпланди. Бу юртимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётир.
Хусусан, Хоразм вилоятида мустақилликнинг дастлабки йилларида пахта толасининг атиги бир фоизи қайта ишланган бўлса, янги корхоналарни бунёд этиш, модернизация қилиш ҳисобига жорий йилда бу кўрсаткич 42 фоизга етди.
Бунда Боғот туманининг Бешариқ қишлоғида иш бошлаган “Хorazm tex” масъулияти чекланган жамиятининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Калава ип тайёрлашга ихтисослаштирилган ушбу корхона 10,5 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 200 та иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” қийматида берилган, қурилиши тугалланмаган тўқимачилик фабрикаси ўрнида ташкил этилди. Шу тариқа 12,5 миллиард сўм қурилиш-монтаж юмушлари ҳамда чет элдан энг сўнгги русумдаги дастгоҳлар харидига йўналтирилди. Натижада унинг биринчи босқичи ишга туширилиб, йилига 4 минг 300 тонна экспортбоп калава ип тайёрлаш имконияти яратилди. Эътиборлиси, корхона маҳсулотларининг 90 фоизи экспорт учун мўлжалланган.      
Ҳозир жамиятда 200 киши иш билан банд. Уларнинг аксариятини маҳаллий ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ташкил этади. Жамоа маҳсулотлар сифати ва рақобатдошлигини ошириш мақсадида доимий изланишда. Шу туфайли ютуқлар салмоғи тобора ортиб бораяпти. Масалан, корхонада ўтган даврда 5 миллиард 841 миллион сўмликдан зиёд калава ип ишлаб чиқарилган бўлса, шундан 1 миллион 417 минг АҚШ доллариликдан ортиқ қисми хорижлик буюртмачиларга етказиб берилди.
Айни пайтда “Хorazm tex”нинг иккинчи босқичини ишга тушириш, цехларга 30 миллиард сўмлик замонавий ҳалқали ип йигирув дастгоҳларини ўрнатиш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Мазкур лойиҳа амалга ошгач, яна 200 кишининг бандлиги таъминланади. Учинчи босқичда эса шу ернинг ўзида калава ипдан тайёр мато ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Ўшанда жамоа аъзоларининг умумий сони 600 нафардан ошади.
— Бугунги кунда ҳар бир ишлаб чиқариш субъекти яратиб берилган имкониятлар, имтиёзлар, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиб, маҳсулотлар рақобатдошлигини ошириш, шу орқали экспорт салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиши давр талабидир, — дейди МЧЖ раҳбари Қуронбой Содиқов. — Шундагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин.
Дарҳақиқат, изланиш ва ташаббускорлик — изчил ривожланиш омили. “Хorazm tex” жамоаси шу асосда фаолият юритаётгани туфайли катта ютуқларга эришмоқда.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn