Тўқимачилик технопарки саноатимиз равнақига хизмат қилади
  • 17 Декабрь 2015

Тўқимачилик технопарки саноатимиз равнақига хизмат қилади

“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамиятида Тошкент шаҳрида Тўқимачилик технопаркини ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Унда Корея Республикасининг Савдо, энергетика ва саноат вазирлиги “Ривожланишга расмий ёрдам” халқаро лойиҳаси раҳбари Ким Жонг Жу бошчилигида мамлакатимизга ташриф буюрган делегация аъзолари, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти масъул ходимлари, соҳа мутахассислари, тармоқ фирма ва корхоналари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида Президентимиз ташаббуси билан енгил саноатга қаратилаётган эътибор, чет эллик инвесторларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли мазкур соҳа жадал суръатларда ривожланиб бораётганини таъкидладилар. Бугунги кунда унинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 26,2 фоиз, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришдаги ҳиссаси 44 фоизга етгани бунинг яққол далилидир.
Кейинги йилларда тизимда хориж капитали иштирокида кўплаб замонавий корхоналар барпо этилаётгани, айниқса, ташқи бозорда рақобатдош бўлган тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлаш ҳажмини кўпайтириш имконини бераяпти. Бу йўналишда Жанубий Корея билан ҳамкорликда умумий қиймати 231 миллион АҚШ долларидан зиёд 10 та қўшма лойиҳа амалга оширилди.
Хусусан, “ДЭУ Интернэшнл” компанияси билан Фарғона ва Бухоро вилоятларида, “Шиндонг Энерком” ва “Текстайл Текноложиз” компаниялари билан Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ташкил этилган тўқимачилик корхоналари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил Жанубий Кореяга ташрифи давомида эришилган келишувлар тўқимачилик соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга мустаҳкам замин ҳозирлади. Пойтахтимизда Тўқимачилик технопаркини қуриш лойиҳасининг амалга оширилаётгани бунга яққол мисолдир.
— Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, шунинг ҳисобидан қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, технологик ускуналар харид қилиш ва ўрнатиш белгиланган, — дейди Корея тўқимачилик технологиялари институти (“KITECH”) директори Парк Ёнг Хван. — Шунингдек, технопаркдан фойдаланиш бўйича ходимларни ўқитиш ҳам кўзда тутилган.
Технопаркни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад соҳага ихтисослаштирилган олий ўқув юртларида ўқув жараёнида қўлланиладиган замонавий дастурларни ишлаб чиқиш, уларни амалиётга жорий қилиш, материалшунослик, бўяш, матоларга сўнгги ишлов бериш соҳасига технологик ноу-хауларни татбиқ этишдир. Бундан ташқари, янги муассаса олдига олиб борилаётган илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, мато ва либосларнинг янги турларини яратиш, АКТ, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича технологик йўналишларни ривожлантириш вазифалари қўйилади. 
Жамият мутахассисларининг айтишича, Тўқимачилик технопаркининг қурилиш ишлари 2016 йилда бошланади. Ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, унинг уч қаватли биносидан ўқув хоналари, конференция заллари, кўргазма хоналари, лабораториялар ва бошқа муҳим объектлар жой олади.
Семинар доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида журналистларга технопаркнинг енгил саноатимиз ривожидаги аҳамияти, шу билан бирга, экспорт салоҳиятини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn