Суғурта бозорида замонавий хизматлар
  • 16 Декабрь 2015

Суғурта бозорида замонавий хизматлар

Маълумки, замонавий суғурта бозорини шакллантириш, соҳага ихтисослаштирилган компаниялар ўртасида рақобатни ривожлантириш ва таклиф этилаётган суғурта хизматлари сифатини яхшилаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.

Шу боис мамлакатимизда бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Натижада иқтисодиётимиз ривожида, ҳуқуқий муносабатларнинг тартибга солинишида мазкур тизимнинг роли тобора ортаяпти.
Пойтахтимизда “Кафолат” суғурта компанияси акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди. 
Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги ва “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунлари ижросига бағишланган ушбу тадбирда қайд этилганидек, юртимизда суғурта тизимига қаратилаётган эътибор туфайли у нафақат аҳолини ижтимоий ҳимояловчи ёки  ишбилармонлар фаолиятини рағбатлантирувчи, балки иқтисодиёт тармоқлари ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштирувчи омил сифатида намоён бўлмоқда.
Компаниянинг Мажбурий суғурта департаменти бош менежери Азамат Раҳматуллаевнинг айтишича, ўтган вақт мобайнида ана шу қонунлар ижроси доирасида жойларда 90 дан зиёд бўлинмалар фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, ҳайдовчилар учун қулай манзилларда суғурта полислари сотувчи бир қатор шохобчалар ташкил этилиб, 1300 дан ортиқ агентлар бу юмушга жалб қилинди. Пировардида мажбурий суғурта тури амалиётга киритилганидан буён 1,8 миллионтадан зиёд полислар сотилди.
Айни пайтда суғурта ташкилотларининг асосий фаолиятидан бири жабрланганларнинг мулкий манфаатларини ҳимоялашга қаратилаётгани диққатга сазовор. Негаки, бунинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг тўққиз ойида компания томонидан суғурта ҳодисаси бўйича 9,6 миллиард сўмликдан ортиқ суғурта қопламаси тўлаб берилган бўлса, мазкур кўрсаткич иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги суғуртаси йўналишида 6,75 миллиард сўмга етказилди.
Тадбирда, шунингдек, мутахассислар компания жамоасининг келгусидаги режалари бўйича ҳам маълумот бердилар.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn