Рағбат ва имконият
  • 13 Декабрь 2015

Рағбат ва имконият

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулкнинг иқтисодиётдаги ролини янада ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик базаси яратилиб, доимий равишда такомиллаштириб борилаётир.

Айниқса, Президентимизнинг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва унга мувофиқ, бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилгани ишбилармонларга имкониятлар эшигини янада кенг очиб берди.
Гап шундаки, қонунчиликда белгиланган имтиёзлар, преференциялар, кафолатлар ҳамда ҳуқуқлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёзма равишдаги мурожаатларсиз қўлланилиши жорий этилган бўлса, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид режали текширувлар барча назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан; бошқа хўжалик субъектларида эса фақат уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда ўтказилиши белгилаб қўйилди. Молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларга эса 10 календарь кунгача бўлган муддат ўрнатилди.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Навоий вилоятида фаолият кўрсатаётган 7 мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари бундай имтиёзлардан фойдаланиб, ўз бизнесини тобора ривожлантираяпти. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида тижорат банклари томонидан қарийб 407 миллиард сўмлик кредит ажратилгани эса юзлаб янги кичик корхоналарни ташкил этиш, мавжудларида истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришга кўмаклашди.
Бундан ташқари, ҳукуматимиз қарори асосида йилига икки маротаба республика ҳамда ҳудудлар миқёсида Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ўтказилаётгани ҳам кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратмоқда. Масалан, бу йилги ана шундай тадбирларда ҳудудимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилиши баробарида, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан кўплаб келишувларга эришилди. Кичик бизнес вакиллари “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси билан салкам 10 миллиард сўмлик, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, “Навоий иссиқлик электр станцияси”, “Электркимё”, “Навоийдонмаҳсулотлари”, “Навоийпахтасаноат” каби йирик саноат корхоналари билан икки миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулотларни харид қилиш бўйича келишувларни имзолагани бунинг тасдиғидир.
Тадбиркорлар — фаровон жамият бунёдкорлари. Уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатланган, фаолияти ҳар томонлама рағбатлантириб борилаётган юртда бу соҳа барқарор равнақ топаверади.

Ғайрат ЯХШИЛИКОВ,
Навоий вилояти иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn