Юқори сифат — рақобатдошлик мезони
  • 13 Декабрь 2015

Юқори сифат — рақобатдошлик мезони

Пойтахтимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Ўзстандарт” агентлиги билан ҳамкорликда “Маҳсулотларнинг юқори сифати — маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим омили” мавзуида илмий-амалий конференция ташкил қилинди.

Унда қуйи палата депутатлари, тегишли идоралар, нодавлат ташкилотлар ходимлари, тадбиркорлик субъектлари мутасаддилари, эксперт ва мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Ҳар қандай мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишда жаҳон бозорида рақобатдош, яъни сифатли ва харидоргир маҳсулотлар муҳим аҳамият касб этади. Шу боис юртимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб маҳсулотлар, иш ва хизматлар хавфсизлиги, истеъмолчилар манфаати ҳимояси, ишлаб чиқарилаётган товарлар сифати ва рақобатдошлигини ошириш, шунингдек, савдода техник тўсиқларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани анжуман қатнашчилари томонидан алоҳида таъкидланди. Натижада бу борада ўнлаб қонунлар қабул қилиниб, қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, 2013 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан амалдаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур Қонун ижроси юзасидан эса Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, 2020 йилгача мўлжалланган Сифат миллий инфратузилмасини ривожлантириш Дастури қабул қилинди.
Корхона ҳамда ташкилотларда маҳсулотлар сифатининг бошқарилишини таъминлашда бутун дунёда тан олинган халқаро стандартларнинг, биринчи навбатда, Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISО)нинг ролини алоҳида қайд этиш ўринли. Чунки бозор иқтисодиёти шароитида халқаро стандартлар, хусусан, 9000 серияли ISO стандарти талабига асосан, сертификатлаштирилган сифат менежменти тизимини жорий этмасдан туриб, маҳсулотни экспорт қилиб бўлмайди.
Юртимизда ушбу йўналишда кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли “Ўзстандарт” агентлигининг “Ахборот-маълумот маркази” унитар корхонаси қошида “Меъёрий ҳужжатларнинг электрон кутубхонаси” ташкил этилган. Қолаверса, охирги икки йил давомида 100 дан зиёд замонавий синаш услублари ўзлаштирилиб, агентлик томонидан рўйхатга олинди. Пировардида жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, 2068 та ишлаб чиқариш субъектида халқаро стандартларга мувофиқ, сифат менежменти тизими татбиқ этилди. Бу борадаги ишларни изчил йўлга қўйиш мақсадида эса экспорт салоҳиятига эга яна 3776 та корхона танлаб олиниб, уларда халқаро талабларга мос сифат тизимини қўллаш режалаштирилган.
Тадбирда ишбилармонлар ўз корхонасида сифатни бошқариш тизимини жорий этиш орқали эришилган натижалари ҳақида маълумот берган бўлса, депутатлар ва иштирокчилар маҳсулотлар рақобатдошлигини оширишда мавжуд ҳужжатлар ижроси сўзсиз бажарилиши лозимлигини таъкидлади.
Якунда соҳага тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир қатор таклифлар билдирилди.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn