«Бир дарча» тамойили ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга хизмат қилади
  • 11 Декабрь 2015

«Бир дарча» тамойили ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга хизмат қилади

Кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари кўплаб мамлакатлар иқтисодиёти равнақини белгиловчи, уларни дунё бозорига танитувчи муҳим воситага айланаётгани бугун барчамизга яхши маълум. Жумладан, бизнинг юртимизда ҳам амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли мазкур соҳа иқтисодиётимиз юксалишида ўзига хос ўринни эгалламоқда.

Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган аниқ мақсадли чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг тўққиз ойида 21,4 мингта тадбиркорлик субъекти ташкил этилгани, кичик бизнеснинг бандликни таъминлашдаги ҳиссаси 77,5 фоизга етгани ана шундан далолат беради. Эътиборлиси, мазкур йўналишларнинг ҳар бирида ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан сезиларли даражада ўсишга эришилгани диққатга сазовордир.
Албатта, республикамизда тадбиркорликнинг бу қадар жадал тараққий этишида соҳанинг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилаётгани муҳим омил бўлаётир. Айниқса, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги  “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ишбилармонларимиз учун янги имкониятлар эшигини очиб берди. Чунки бу дастуриламал ҳужжатда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳамда тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза этиш ва назорат органларининг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш, хизматлар кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш жараёнини жадаллаштириш каби вазифалар белгилаб берилган. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 28 сентябрида давлатимиз раҳбари томонидан яна бир ҳуқуқий ҳужжат — “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилиндики, пировардида улар учун қўшимча шарт-шароитлар яратилаяпти.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ушбу ҳужжат ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада, аввало, Адлия, Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари ҳамда палатамиз мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи жойларда бўлиб, аҳоли ҳамда тадбиркорлар билан турли учрашувлар ва тадбирлар ўтказишди. Ҳудудларда тузилаётган “бир дарча” марказлари жойлашадиган бинолар аниқланиб, уларнинг моддий-техника базасини таъминлаш борасидаги ишлар таҳлил қилинди, кадрлар масаласи кўриб чиқилди. Бунинг самараси ўлароқ, ҳозирги пайтга қадар ҳар бир вилоятнинг иккитадан туманида намунавий асосдаги “бир дарча” марказлари ташкил этилди. Аниқроғи, ҳозирги кунда Тошкент шаҳрининг Сергели ва Мирзо Улуғбек, Навоий вилоятининг Кармана ҳамда Қизилтепа, Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Чироқчи, Андижон вилоятининг  Қўрғонтепа тумани ҳамда Хонобод шаҳри, Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри ва Пахтакор тумани, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри ҳамда Ургут туманида, республикамиз бўйича эса жами 30 та ҳудудда ана шундай марказлар фаолияти йўлга қўйилди.
“Бир дарча” марказлари электрон ҳукумат тизими таркибида бўлиб, улар фаолияти давлат органлари билан тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида электрон мулоқотни кенгайтириш баробарида, давлат хизматлари кўрсатилишида самарадорликни оширишда жуда қўл келади. Бошқача айтганда, ишбилармонлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги муносабатда  шаффофликка эришилади. Улар орқали ҳозирча давлат органлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун тегишли маслаҳат ва ахборот бериш, шахсни тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш, гувоҳнома ҳамда сертификатлар олиш сингари ўн олти турдаги хизматлар кўрсатилаётган бўлса, келгусида уларнинг тури янада кўпаяди.
Янги йилнинг 1 январидан бошлаб республикамизнинг барча туманида “бир дарча” марказлари тўлиқ иш бошлайди. Шундан сўнг улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларига тадбиркорлик субъектларидан бевосита ҳужжатлар қабул қилиш тақиқланади. Яъни ҳужжатлар фақатгина марказлар орқали олинади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тадбиркорлар учун бир қатор интерактив хизматларни ҳам таклиф этмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида улар орқали соҳа вакилларига 24 минг 147 маротаба  хизмат кўрсатилгани, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 33 фоиз кўп эканлигини ҳисобга олсак, ушбу усулнинг афзаллиги яққол намоён бўлади.
Янгидан ташкил этилаётган “бир дарча” марказлари эса ишбилармонлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаши муқаррардир.

Нодира ШОТУРСУНОВА,
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг бўлими бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn