Замонавий ишлаб чиқариш корхоналари
  • 04 Декабрь 2015

Замонавий ишлаб чиқариш корхоналари

аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда

Истиқлол шарофати билан мамлакатимиз обод бўлиб, халқимиз турмуш фаровонлиги тобора юксалиб бормоқда. Шундай осойишта ва дориламон кунлар оғушида умргузаронлик қилаётган элга эса яхши кунлар, байрамлар, тўю томошалар жуда ярашади.
Мана, ҳозир ҳам қўшалоқ айём — барқарор тараққиётимизнинг асосий пойдевори — Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллиги ҳамда 2016 йилни муносиб кутиб олиш учун юртимизда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Мазкур тантаналар, шубҳасиз, ранг-баранг ширинликлардан ўзгача файз олган байрам дастурхонисиз ўтмайди. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ва хорижникидан асло қолишмайдиган сифатли қандолат маҳсулотлари гўзал турмушимизни ифодаловчи баракали неъматлардан биридир, аслида.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунлар, давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармон ҳамда қарорлари, давлат дастурлари асосида яратиб берилаётган кенг шарт-шароитлар самараси ўлароқ, озиқ-овқат саноати, жумладан, унинг муҳим йўналиши — қандолатчилик жадал ривожланаяпти. Соҳада фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш субъектлари учун кўплаб имтиёзлар ва преференциялар берилаётгани, чет эллик сармоядорларга жозибадор инвестиция муҳити мавжудлиги кўзланган марраларга эришишда муҳим омил бўлаётир.
2006 йилдан буён пойтахтимизда фаолият юритиб келаётган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Fayz Foundation” Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонаси ҳам ана шу имкониятлардан унумли фойдаланаётган субъектлардан биридир. Бу ерда тайёрланаётган ширинликлар импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп эканлиги билан эътиборга лойиқ.
Албатта, бунда корхонага Германиянинг “Hebenstreet Rapido”, “Sollich KG” ва “Chocotech GmbH” каби таниқли компанияларидан энг илғор технологик линиялар келтириб ўрнатилгани айни муддао бўлди. Шу асосда йилига 4-4,5 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрлаш имконияти юзага келиб, етмишта иш ўрни яратилди. Бу, албатта, 11 миллиард сўмлик сармоя киритилгани ва банкдан кредит олингани самарасидир.
Корхона фаолияти билан танишган киши ушбу жамоанинг асосий қисми касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларидан иборат эканлигига гувоҳ бўлади. Улар жамиятда ўз ўрнини топиши баробарида, оилалари бюджетини янада мустаҳкамлашга ҳам ўз ҳиссаларини қўшишаётир.
— Ўзимиз танлаган касб сирларини чуқур ўрганишимизда коллежда олган билимимиз ва амалий кўникмамиз қаторида “Устоз — шогирд” анъанаси яқиндан кўмак бермоқда, — дейди Чиноз саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаган Ҳилола Сайфидинова. — Хусусан, корхонамиздаги тажрибали ходимларнинг маслаҳат ҳамда йўл-йўриқлари бизга жуда асқатаяпти.
— Бугунги ёшлар ниҳоятда интилувчан ва зийрак, — дейди ишлаб чиқариш бошлиғи Азиз Қорабоев. — Уларнинг замонавий технологиялар “тили”ни бир зумда тушуниб олишлари, ўз устида тинимсиз ишлашлари, маҳсулот дизайни ҳақидаги бири-биридан ажойиб ғоялари кишининг ҳавасини келтиради. Буларнинг барчаси қувонарлидир.
Кези келганда, шуни таъкидлаш жоизки, оммавий ахборот воситалари орқали бугун дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида бандлик масаласи, айниқса, ёшлар ўртасидаги ишсизлик тобора ўткир муаммога айланаётганидан яхши хабардорсиз. Шундай мураккаб бир шароитда юртимизда тадбиркорлик кенг қўллаб-қувватланаётгани аҳолининг ижтимоий муҳофазасини самарали таъминлаш, хусусан, ёш авлоднинг ҳаётда ўз ўрнини топишида салмоқли роль ўйнамоқда.
— Дастлаб хом ашё етказиб бериш билан шуғулланганмиз, — дейди жамият директори Эркин Ҳожибоев. — Ўйлаб қарасак, маҳсулотни ўзимиз тайёрласак, кўпроқ даромад кўрар эканмиз. Шунинг учун белни маҳкам боғлаб ишга киришдик. Фаолиятимизни тубдан диверсификация қилдик. Натижада қисқа вақт ичида корхонамиз томонидан 25 турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Уларнинг барчаси мувофиқлик сертификатига эга. Жумладан, “Carnero”, “Milagro”, “Torro”, “Carmel” каби шоколад батонлари, “Losso”, “Lux”, “Zolotoy sunduchok”, “Korolevskiy Sharm”, “Premium” сингари конфетлар, “Retro”, “Fayz” номли вафлиларнинг бозори чаққон. Бу эса молиявий барқарорлигимизни мустаҳкамлаш, янги ташаббусларимизни рўёбга чиқариш, энг муҳими, ишчи-ходимларимизнинг моддий-маиший аҳволини янада яхшилашга хизмат қилаяпти. Айни пайтда Италиянинг “Gorreri SRL”, Даниянинг “Haas meincke A/S” каби брендларидан бисквитли рулет чиқарадиган замонавий асбоб-ускуналарни олиб келдик. Мазкур линия келгуси йилда фойдаланишга топширилади. Шу асосда яна ўттизта иш жойи очилади.
Жамоанинг яна бир эзгу нияти — экспорт фаолиятини йўлга қўйиш. Зеро, республикамизда ишбилармонларга берилаётган қатор имтиёз ва яратилаётган енгилликлар ана шундай саъй-ҳаракатларга катта туртки бераяпти.


Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn