Кичик бизнес ва солиқ меъёрлари
  • 02 Декабрь 2015

Кичик бизнес ва солиқ меъёрлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Солиқ Инфо” газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда бухгалтерлари учун “Кичик бизнесга солиқ солиш билан боғлиқ долзарб масалалар” мавзуида семинар ташкил этилди.

Маълумки, жорий йил учун якуний солиқ ҳисоботини топшириш муддати тобора яқинлашмоқда. Бу жараёнда солиқларни ҳисоблаб чиқиш ва тўлашда хатоликка йўл қўймаслик мақсадида унинг барча жиҳатидан бохабар бўлиш ўта муҳим. Шунинг учун ҳам қатнашчилар ушбу семинарнинг ўз вақтида ташкил этилганлигини ва кун тартибига ғоят долзарб масалалар киритилганлигини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбирда дастлаб иштирокчилар томонидан кўп тармоқли корхоналарнинг фаолият турлари ва уларнинг бошқа даромадларига нисбатан ягона солиқ тўлови ставкаларини қўллаш бўйича берилган саволлар кўриб чиқилди.  Сўнгра улгуржи-чакана савдо корхоналари ҳамда хом ашё ва материалларни қайта ишлашга топширувчи (даваль хом ашёлари) ишлаб чиқариш корхоналари томонидан ягона солиқ тўлови ставкаларининг қўлланилиши билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Таъкидландики, турли солиқ солиш объектлари ва (ёки) ягона солиқ тўлови ставкалари белгиланган бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган ягона солиқ тўловини тўловчилар ҳар бир фаолият тури бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ҳамда солиқ тўловчиларнинг тегишли тоифалари учун белгиланган ставкалар бўйича ягона солиқ тўловини тўлашлари керак. Бунда бошқа даромадларга асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ягона солиқ тўлови ставкалари бўйича солиқ солинади. Мабодо, асосий фаолият тури бўйича солиқ имтиёзи мавжуд бўлса, у бошқа даромадга нисбатан ҳам қўлланилади.
Тадбирда ягона солиқ тўлови тўловчилари томонидан қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий асосда тўлаш тўғрисидаги масалага ҳам ойдинлик киритилди. Жумладан, ўз маҳсулотларини экспорт қилувчи кичик ишлаб чиқариш корхоналари учун қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий асосда тўлаш афзаллиги қайд этилди. Чунки улар хом ашёни харид қилишда тўланган қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиб, маҳсулотни экспорт қилишда қўшилган қиймат солиғини ноль ставка бўйича ҳисоблайди.
Бундан ташқари, ушбу ҳолат ўз маҳсулотларини (ишларини, хизматларини) умумбелгиланган солиқ тўловчилари бўлган корхоналарга реализация қилувчилар учун фойдалидир.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволга мутахассислардан батафсил жавоб олишди.
Айтиш жоизки, бундай тадбирлар нафақат солиқ тўловчилар, балки норматив ҳужжатларни ишлаб чиқувчилар учун ҳам фойдалидир. Негаки, уларда қабул қилинаётган ҳужжатларни амалиётда қўллаш билан боғлиқ масалалар бўйича юзага келувчи саволларга ечим топилади.

Давлат солиқ қўмитасининг
Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn