«Кичик агрофирма» баракаси
  • 01 Декабрь 2015

«Кичик агрофирма» баракаси

Вобкент туманининг “Шакаркент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Халач қишлоғида яшовчи Илҳом Жаъфаровнинг томорқа хўжалигини кўрган киши завқланиши, шубҳасиз. Ташқарида қиш эшик қоқиб турибди, аммо унинг ерида пишиқчилик. Айниқса, 3,5 сотих майдондаги лимонзорда ҳосил мўл.

— 2011 йилнинг 1 ноябрида шу ерга “Мейер” навли 60 туп лимон кўчатини ўтқазгандим, — дейди хонадон соҳиби. — Мазкур нав мандарин билан чатиштирилгани боис туси қизил, таъми ҳам у қадар нордон эмас. Қолаверса, бир тупи ўртача 70 — 80 килограмм ва ҳатто, баъзан 100 килограммдан ошириб ҳосил беришини айтмайсизми?! 2012 йилда ўн дона, 2013 йилда 350 — 400 килограмм атрофида лимон олдим. Бултур эса шу лимонарий ҳосили 1,5 тоннани ташкил этди. Бу йилгиси уч тоннадан кам эмас.
Биласиз, лимон — иссиқсевар дарахт. Шу билан бирга, қишда 3 даражагача паст ҳароратга ҳам дош беради. Агар иссиқхонада ҳароратни бир меъёрда сақлай олсангиз, марра сизники. Негаки, лимон йил давомида гуллайди, мева беради. Ҳозир шохлари олтиндай товланган мевасини аранг кўтариб турибди-ю, бир томондан яна гулга кирмоқда.
Илҳом ака табиатан қизиқувчан. Шу боис камхаражат ва оз куч сарфлаган ҳолда, кўп маҳсулот етиштириш йўлларини излади. Топди ҳам. 2013 йилнинг августида томорқасининг уч ярим сотих ерида янги лимонарий барпо этди. Фарқи шундаки, буниси бир ярим метр чуқурликда.
— Ташқарида ҳаво ҳарорати 8 даража паст бўлганида атайин кузатдим, — дейди И. Жаъфаров. — Қўлбола усулда иситилаётган биринчи лимонарийда ҳаво ҳарорати минус уч даража совуқ, бир ярим метр чуқурликдаги лимонарийда эса ҳарорат икки даража иссиқ эди. Бинобарин, табиатнинг ўзи инъом этган қулайликлардан оқилона фойдалансак, мўл, бунинг устига таннархи арзон бўлган ҳосил етиштириш мумкин экан.
Шубҳасиз, лимон парваришини ҳам обитобида олиб бориш керак. Кўчатлар остини юмшатиб туриш, ҳашаротларга қарши курашиш, суғоришни вақтида бажариш ана шулар жумласидан. Ниҳолларни “шарбат” усулида суғориш эса, айниқса, фойдалидир.
Дарвоқе, Жаъфаровлар хонадони аъзолари лимонни январга келиб узишади. Ана шу пайтда ҳосил обдан пишиб етилади. Тайёр мевани узоқ муддат сақлаш учун уч тоннали сиғимга эга кичик совутқичли омбор ҳам барпо қилишган. Бу ерда лимон апрелгача шохидан эндигина узилгандек сақланади.
Мазкур оила фақат лимончилик билан чекланиб қолгани йўқ. Ток, ўрик, анор, шунингдек, атиргул кўчати ҳам етиштиришади. Мўъжазгина боғдан уч тонна узум олишди. Томорқанинг бир саҳнига гилос кўчатлари ўтқазилган. 2,5 сотих ерни эса, қишни истисно этганда, йил бўйи ҳосил берадиган қулупнай эгаллаган. Қисқача айтганда, ушбу хонадон томорқасини кичик агрофирмага ўхшатиш мумкин. Бу ердан оила бюджетига ҳар йили 20 миллион сўмдан зиёд даромад келмоқда. “Иш билганга минг танга”, деганлари шу эмасми?!
— Ҳудудимизда томорқасидан унумли фойдаланиб, бозорни тўкин, турмушини фаровон этаётган оилалар сони тобора кўпайиб бораяпти, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мансур Холов. — Ҳозир “Шакаркент” МФЙда 200 га яқин иссиқхона бор. Уларда помидор, бодринг, карам, лимон, турли резаворлар етиштирилмоқда. Биз қишда ҳам томорқа хўжалигидан самарали фойдаланиб келаётган бундай хонадонлар тажрибасини оммалаштириш тадбирларини кўраяпмиз.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn