Ёшларнинг касбий маҳорати рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим ўрин тутаяпти
  • 01 Декабрь 2015

Ёшларнинг касбий маҳорати рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим ўрин тутаяпти

Бугунги кунда кичик бизнес субъектлари ички бозорни импорт ўрнини босувчи рақобатдош маҳсулотлар билан тўлдириш баробарида, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Қўқон шаҳрида икки йил аввал иш бошлаган “Барака файз импекс текстиль” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади.
Гап шундаки, мазкур муддат ичида у республикамизнинг энг илғор саноат корхоналаридан бирига айланди. Масалан, бу ерда дастлабки йили харидорларга 62 миллион 507 минг сўмлик тўқимачилик маҳсулотлари сотилган бўлса, жорий йилнинг тўққиз ойида ушбу кўрсаткич бир миллиард 426 миллион 426 минг сўмликка етди.
— Корхонамиз Фарғона вилояти саноат салоҳиятини ошириш дастури доирасида ташкил этилган эди, — дейди бош муҳандис Неъматжон Ҳамидов. — Мазкур дастурга мувофиқ, “Қўқон спирт” акциядорлик жамияти томонидан бир ярим миллиард сўмлик инвестиция киритилгач, собиқ кимё заводига тегишли бинода қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширдик. Шу билан бирга, хориждан замонавий дастгоҳлар харид қилинди. Натижада 120 кишининг бандлиги таъминланган бўлса, ўтган йили муассасамиз томонидан ажратилган икки ярим миллиард сўмлик сармоя эвазига цехларимизни тўрттага етказиб, яна шунча кишини ишга жалб этдик.
Корхона биносининг иккинчи қаватида бичув-тикув цехлари жойлашган. Чеварлар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар ўзининг хилма-хиллиги ва бежиримлиги билан алоҳида ажралиб туради. Тикув цехи бошлиғи Нилуфар Лутфиеванинг айтишича, қўлигул чевар қизларнинг аксарияти Қўқон шаҳри, Ўзбекистон, Учкўприк ва Фурқат туманларидаги касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир.
— Қўқон енгил саноат касб-ҳунар коллежини тугаллагач, Заҳро Махситалиева, Гуландон Абдураимова, Ҳафиза Турғунова каби дугоналарим қаторида шу ерга ишга қабул қилиндим, — дейди Осуда Абдумаликова. — Корхона раҳбарияти томонидан яратилган шарт-шароит, айниқса, устозларнинг амалий кўмаги туфайли маҳоратимизни кун сайин ошириб бораяпмиз.
— Бандликни таъминлаш дастурига кўра, — дейди жамият раҳбари Рустамжон Мамараимов, — айни кунларда банкнинг 9 миллиард 600 миллион сўм миқдоридаги кредити эвазига корхона биносининг учинчи қаватида ҳам тикувчилик цехини барпо этиш ҳаракатидамиз. Корхонамизнинг бу қадар жадал ривожланишида, албатта, юртимизда тадбиркорлар учун яратиб берилаётган қулай ишбилармонлик муҳити, ҳар бир ишчи-мутахассиснинг сидқидилдан меҳнат қилиши қўл келаётир.
Айни пайтда Қўқон шаҳрида саноатнинг барча тармоғи жадал ривожланиб, ҳудуд иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатларига эришилмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 379,4 миллиард сўмни ёки 112,5 фоизни ташкил этгани, саноат салоҳиятини ошириш дастури доирасида 44 та лойиҳа амалга оширилиши эвазига 792 та иш ўрни яратилгани ана шундан далолат беради.

Маъмур МУСУЛМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn