«Ўзбекистон ҳаво йўллари»: Модернизация жараёни изчил давом этмоқда
  • 28 Ноябрь 2015

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»: Модернизация жараёни изчил давом этмоқда

Мамлакатимизда фуқаро авиацияси соҳасини замон талаблари асосида ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Ҳаётга татбиқ этилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар самараси ўлароқ, ўтган қисқа давр мобайнида республикамизда жаҳон стандартларига тўла мос келадиган авиаташув инфратузилмаси шакллантирилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон халқаро авиация алоқаларини мустаҳкамлаш борасида ниҳоятда қулай ҳудудда жойлашганини бутун дунёга намоён этиб, Европа билан Шарқий Осиё ўртасида муҳим транспорт тармоғи бўла олишини исботлади, минтақанинг йўловчи ва юк ташиш бўйича юксак салоҳиятли транзит марказига айланди.
Энг сўнгги русумдаги самолётлар билан тўлдирилган авиапарк, кўркам аэропортлар, янги терминаллар, илғор тренажёрлар, техник ва технологик модернизация жараёнлари, хавфсиз ҳамда қулай хизмат кўрсатиш ва малакали кадрлар тайёрлаш тизимлари билан яқиндан танишган киши бунга тўла ишонч ҳосил қилади.
Хусусан, ўтган даврда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясига ўнта “А-320”, учта “Boeing-767”, бешта “Boeing-757” ҳаво лайнери харид қилинди. Маҳаллий шароитларга мос ўзимизнинг “Ил-114-100” самолётларидан ҳам самарали фойдаланилаяпти. Келгуси йили эса замонавий “Boeing-787-8 Dreamliner” лайнери қабул қилиб олинади. Булар мамлакатимиз фуқаро авиацияси соҳаси салоҳиятини янада ошириши, шубҳасиз.
Фахрланарли жиҳати, Миллий авиакомпаниямиз фаолияти нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юксак эътироф этилаяпти. Жумладан, ўтган йили у IOSA аудитидан муваффақиятли ўтиб, Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) аъзолигига қабул қилинди. Шуларнинг ўзиёқ унинг жаҳон бозоридаги ўрни янада мустаҳкамланиб бораётганини англатади.
Албатта, бундай янгиланишлар мутахассис кадрлар тайёрлаш, улар малакасини ошириб боришни ҳам тақозо этади. Бу борада Миллий авиакомпания Ўқув-машқ марказининг ўрни беқиёс. Зеро, бу ерда “Boeing-757/767”, “А-320” самолётларининг замонавий тренажёрлари, “Ил-114-100” ҳаво лайнерининг мукаммал “Full-flight” қурилмаси ўрнатилган.
Кеча мазкур мажмуада “А-320” самолётининг янги авлод симулятори (“Full-flight”) тақдимоти бўлиб ўтдики, бу ҳам жабҳадаги такомиллашув жараёнлари изчил давом эттирилаётгани тасдиғидир.
— Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан мамлакатимиз ҳаво йўллари тизими замонга уйғун ҳолда ривожлантириб борилаяпти, — дейди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Парвозлар хавфсизлиги инспекцияси транспорт авиацияси учувчи-йўриқчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Зархўжа Сайдазимов. — Жумладан, Ўқув-машқ маркази моддий-техника базасини мустаҳкамлаш доимий эътиборда. Канаданинг авиацион тренажёрлар ишлаб чиқариш борасида жаҳонга машҳур “CAE” компанияси томонидан тайёрланган “А-320” симуляторининг бу ерга олиб келингани ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. Таъкидлаш жоизки, янги тренажёр авиакомпания учувчиларига ностандарт ҳолат ва вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ҳамда ҳаракатларни реал воқелик асосида амалга ошириш имконини беради.
Тақдимот давомида ушбу техник восита хусусиятлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
— Мазкур симулятор энг замонавий компьютер таъминоти, олти томонлама ҳаракатланиш, уч каналли “IG” ҳамда коллимацион экран ва аэропортлар маълумот базасидан иборат “Тropos 6000 ХР” серияли кўриш тизимлари билан жиҳозланган, — дейди “CAE” компанияси дастурлар менежери Жеймс Мосс. — У учувчиларга фавқулодда ҳолатлар шароитидаги мураккаб ҳамда визуал саҳналарни кўрсатиш имконига эга. Оғирлиги қарийб 10 тоннани ташкил этади. Қурилмани монтаж ва ўрнатиш ишлари канадалик мутахассислар томонидан амалга оширилди. Ўз навбатида, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг саккиз нафар муҳандиси ўқитилиб, уларга симуляторга мустақил техник хизмат кўрсатиш учун рухсатнома берилди. Айни пайтда МАК учувчи-йўриқчилари билан биргаликда у синовдан ўтказилиб, қабул қилиб олинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Ўқув-машқ марказига янги тренажёрдан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди.
— Ҳамкасбим янги симулятор ҳақида  атрофлича тўхталиб ўтди, — дейди “CAE” компанияси лойиҳа менежери Лионель Суисса. — Шу боис юртингизнинг бетакрорлиги, халқингизнинг меҳмондўстлиги ҳақида гапирмоқчиман. Бу менинг Ўзбекистонга илк сафарим. Таассуротларим улкан. Юртингиздаги ободлик, фаровонликка ҳавасим келди. Бу орада Самарқанд, Бухородаги тарихий обидаларни томоша қилиш имконияти ҳам туғилди. Ишонасизми, ўзимни худди Шарқ эртаклари оламида юргандек ҳис қилдим. Тошкент шаҳрининг гўзаллиги эса алоҳида таърифга лойиқ. Кенг ва равон кўчалар, замонавий бинолар, таълим масканлари, спорт мажмуаларини кўриб, халқингизнинг бунёдкорлик салоҳиятига қойил қолдим. Пойтахтингиз, том маънода, йирик мегаполис эканига ишонч ҳосил қилдим. Фурсатдан фойдаланиб, яқин истиқболда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси билан ҳамкорликни давом эттириш, кооперацион алоқаларни янада ривожлантириш истагида эканимизни билдирмоқчиман.
Мухтасар айтганда, “А-320” “Full-flight” симуляторининг фойдаланишга топширилиши Миллий авиакомпаниямиз учувчиларини тайёрлаш ва малакасини оширишда муҳим ўрин тутади. Айни пайтда бу валюта маблағларини тежаш, қолаверса, чет эл авиакомпанияларига тренинг хизматларини кўрсатиш орқали даромад олишга ҳам шароит туғдиради.

Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.







Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn